Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенатор ва депутатлар снайпер, пистолет ва пулемётдан ўқ отди. Уч депутат «қониқарсиз» баҳо олди (фото)

Сенатор ва депутатлар снайпер, пистолет ва пулемётдан ўқ отди. Уч депутат «қониқарсиз» баҳо олди (фото)

Марказий ҳарбий округига қарашли Ўзбекистондаги энг катта полигон – «Каттақўрғон» дала-ўқув майдонига Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов бошчилигида сенатор ва депутатлар ташриф буюрди. Бу ҳақда ҳарбий журналист капитан Ғайрат Мадраҳимов Xabar.uz'га маълум қилди.

Ҳарбий формадаги депутат ва сенаторларга Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов полигонда ҳарбийлар учун яратилган шарт-шароитларни кўрсатди. Фахрийлар, ҳарбий прокуротура ходимлари, депутат ва сенаторлар томонидан полигондаги ҳарбий шаҳарча ҳудудига 200 га яқин кўчат экилди.

Шундан сўнг, 45 нафар сенатор ва депутат амалий ўқ отиш майдонига йўл олди. 15 нафар аёл депутат (улардан 2 нафари сенатор) ТОЗ-8 қуролидан синов машқларини бажарди. Вилоят ҳокими ва округ қўмондони ҳамда икки сенатор Макаров пистолетидан, 27 депутат эса снайпер ва қўл пулемётидан ўқ отишди.

Дастлабки 6 дона ўқ синов тариқасида, кейингилари баҳо учун отилди. Отиш тайёргарлиги ва унинг баҳоланиб боришига полковник Қаҳрамон Ачилов масъул этиб белгиланди. Депутатлар илк маротаба ўқ узишларига қарамасдан, натижалар ёмон бўлмади. Унга кўра, 8 та «аъло», 13 та «яхши» ҳамда 21 та «қониқарли» баҳо қўйилди. Уч депутат эса Навоий шаҳрига «қониқарсиз» баҳо билан қайтадиган бўлди.

Тадбир сўнгида сенатор ва депутатларга ҳамда «Ҳарбий-ватанпарварлик спорт лагери»да 5 кун давомида фаоллик кўрсатган ёшларга Марказий ҳарбий округ қўмондонлигини эсдалик совғалари топширилди.

Ҳарбий оркестри ижросидаги «Жанговар сафда» номли кўргазмали ҳамда қўл жанги чиқишлари барчага яхши кайфият бағишлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг