Шаҳарни қоплаган чангсимон тутун бизники эмас — «Навоийазот»

Бугун, 19 июл тонгида Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплади. Айтилишича, жорий йилнинг 13 июлида ҳам худди шундай ҳолат кузатилганди. Аҳоли орасида бу «Навоийазот» фаолияти билан боғлиқ деган гаплар тарқалди.
«Навоийазот» АЖ айни ҳолат юзасидан билдирган расмий муносабатда гап-сўзлар асоссизлиги ва бунинг учун исбот йўқлиги таъкидланади.
«Навоийазот» АЖ расмий муносабатида шундай дейилади:
«Корхона томонидан атмосферани ифлослантирувчи ташламалар миқдорининг меъёридан ошмаслигини назорат қилиш мақсадида 3, 23, 25-цехларга 3 дона автоматик газоанализатор, жамиятга қарашли санаторий-профилакторий ҳамда бошқарма ҳудудига 2 дона стационар постлар ўрнатилди ва бунга «Навоийзот» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 186 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, атмосферага манбалардан ташланувчи ташламаларни тутиб қолиш мақсадида 3-цех донадорлаш минорасига 1 дона скруббер, 23-цех донадорлаш минорасига 4 дона скруббер ўрнатилди.
Корхона ҳудуди ва атрофини назорат қилиш мақсадида 500 тадан ортиқ замонавий кузатув камераси ўрнатилган. Ер сатҳидан 120 метр баландликдаги 10-15 км масофадаги жараённи яққол кўриш имкониятини берувчи камера тасвирларидан кўриш мумкинки, бугун ва 13 июл санасида атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлган ҳолат корхонага тааллуқли эмас.
Ғарбий ҳудуддан (Навоий халқаро аэропорти томондан) ҳавога кўтарилган чангсимон тутун шамол йўналиши бўйлаб корхона усти ва атрофидан ўтиб кейин бутун шаҳарга тарқалган.
Тасвирларда жараён тўлиқ акс этган («Навоийазот» АЖ кузатув камераларида ёзилган тасвирларни ўз телеграм-каналига жойлади)».
«Шундан келиб чиқиб, фуқаролардан атроф-муҳитнинг ифлосланишида корхонани айблаб, унинг нуфузига салбий таъсир этадиган ва асосланмаган айбловларни қўймасликларини сўраб қоламиз», — дейилади расмий муносабатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter