Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев коронавирус аҳоли ўртасида кўп тарқалаётганига эътибор қаратди

Шавкат Мирзиёев коронавирус аҳоли ўртасида кўп тарқалаётганига эътибор қаратди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, охирги пайтда юртимизда бу касалликка чалинганлар сони ошгани, энг ёмони, аҳоли ўртасида ҳам кўплаб рўй бераётганига эътибор қаратди. 

Жумладан, Тошкент шаҳрида сўнгги икки ҳафтада касалланган 551 нафар фуқародан 482 таси айнан аҳоли орасидан аниқланган. 57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаи номаълум  қолаётгани афсусланарли. Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳам шундай хавотирли ҳолат кузатилмоқда.

– Буларнинг барчаси коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олаётганини кўрсатиб турибди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Ишончим комил, анча билим ва тажриба орттирган, бағрикенг ва матонатли халқимиз бу босқичдан ҳам, албатта, муносиб ўтади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Республика махсус комиссиясига ўз фаолиятини қайта бошлаётган корхона ва ташкилотлар, бозор ва савдо мажмуаларида дезинфекция ишлари ҳамда санитария назоратини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли ва меҳнат жамоалари орасида тушунтириш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Аҳолига хизмат кўрсатадиган, улар билан бевосита мулоқотда бўладиган барча муассасалар ходимларини коронавирус бўйича мунтазам тестдан ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.  

Хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра, сервис индустриясининг 1 фоизга ўсиши камбағаллар сонини 1,5 фоизга қисқартиради.

Йиғилишда соҳа салоҳиятидан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Жойларда маиший ускуналарни таъмирлаш устахоналари, кимёвий тозалаш шохобчалари, компьютер дизайнерлиги, бухгалтерия, реклама, пуллик тиббий хизмат каби тадбиркорлик субъектлари камлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу хизмат кўрсатиш соҳасида иш ўринлари яратиш бўйича жуда катта имкониятлар борлигидан далолат беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур йўналишда камида 160 минг қўшимча иш ўрни яратиш мумкин.

Масалан, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида ахборот технологиялари соҳасида йилига 50 минг доллар экспорт қиладиган ва Top Talent рейтингининг энг юқори 3 фоизига кирадиган 21 та ёш фрилансер дастурчи бор.

Давлатимиз раҳбари шундай иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг замонавий хизматларни ўрганишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Бош вазир ўринбосарига ҳокимлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар кесимида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шу билан бирга, тармоқни тартибга солиш, ундаги методология ва статистика маълумотларини халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг