Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шоирни ўлдирган ёлланма қотил

Шоирни ўлдирган ёлланма қотил

Зиндонда кун санаб ётган ўғрибошига амирнинг вакиллари бир шарт қўйишди. Бу шарт ниҳоятда қўрқинчли эди. Унга кўра, Бухорода донг таратган ўғрибоши Душабой бир бегуноҳни ўлдириши эвазига озодликка чиқиши мумкин...

– Кимни нариги дунёга жўнатишим керак? – сўради Душабой.

– Ҳозиқни, – дейишди амирнинг вакиллари.

Бу исмни эшитиши билан ўғрибоши бир сесканиб тушди.

– Қўрқдингми? Унда зиндонда чириб кетаверасан!

Душабой амир вакилларининг таҳдидидан чўчибми, шартга кўнди:

– Розиман!

...1842 йил 6 май. Амир Насрулло Бухоро қўшини билан Қўқон хонлигини забт этиб, Мадалихондек шоир ва ҳукмдорни, ўғли Муҳаммад Амин, укаси Султон Маҳмуд ҳамда хоннинг онаси – шоираи даврон Нодирабегимни қатл эттирди. Кўплаб водийлик ҳунармандлар, хотин-қизлар асир қилиниб, Бухорога олиб кетилди.

Қўқон хонлигининг таланиши, ҳукмдор ва яқинларининг ўлдирилиши, асирларнинг беватан қилиниб, ўзга элга ҳайдалиши, водийнинг қонга ботирилиши Амир Насрулло учун шараф эди, гўё. Аслида юртга мустамлакачилик панжалари чўзилаётган, таҳлика кучаяётган бир даврда бирлашиш ўрнига босқинчилик қилиб, қўшнисини, миллатдошини талаш ғозийлик эмас, калтабинлик ва дунё сиёсатидан бехабарлик эди, холос.

Буни амир ёнидаги амалдорларнинг кўпчилиги, шу жумладан, бутун Туркистон ўлкасига танилган шоир Ҳозиқ ҳам англаб етган эди.

Шайхулислом Ҳиротийнинг ўғли бўлган Мирзо Жунайдулло Маҳдум-Ҳозиқ Бухорои шарифнинг энг илмли, тўғрисўз, эътиқоди собит, зиёли уламоси ва донг таратган шоир бўлиб, амирликда катта нуфузга эга бўлган. Аксарият омма, саройдагилар, баъзи шоирлар Амир Насруллодан қўрққанидан, унинг Қўқондан келишига пешвоз чиқишади. Ҳозиқ эса амир саройига келганидагина унинг ёнига боради.

– Бизнинг бу сафардин бо зафар келганимизга бир фард байт машқ қилиб, бир нимарса айтинг, – дея фармон берди шунда амир Ҳозиққа.

 Ҳозиқ аллақачон Насруллога тарих, замона ҳукмини ўқигандек байт ёзиб қўйган эди:

Буриди бар қади худ аз маломат,

Либоси то ба домони қиёмат.

Ҳозиқнинг байти мазмуни шундай эди: «Ўз қаддингга лаънатлардан шундай бир либос тикиб кийдингки, у либос устингда қиёматгача қолади».

Тарихчи Мирзаолим Мушриф «Ансоб ус-салотин–ут-таворих» асарида ёзишича, ушбу байтни эшитиб, «амирнинг зиёда жаҳли келиб, рангида қатра қон қолмади. То ўрдасига дохил бўлғунча сўзламади».

Амир Насруллога ҳаққоний баҳо берган, буни ўзига дадил айта олган Ҳозиқ шу куни кечасиёқ, дўстларининг таклифига кўра, Шаҳрисабзга кетиб яширинди. Бу пайтда, гарчи Шаҳрисабз амирликка қарашли ҳудуд бўлса-да, ўлка беклари Насруллога рақиб сифатида сиёсат майдонига келган эдилар.

Байтни эшитиб, кечаси билан ухлай олмай чиққан амир эртасигаёқ сарой аҳлидан сўради: «Ҳозиқ Махдум саломға келмадими?»

Шоир ва уламонинг Шаҳрисабзга кетганини эшитган амир ҳийла билан уни ортига қайтариб, жазоламоқчи бўлди. Эшон Ҳозиқ ҳазратлари эса макрни англаб, уч маротаба «илтимос» қилиб, иноятнома ёзиб юбортирса-да, саройга келмади.

– Уч бора чақиртирсам-да, келмаса, Шаҳрисабзга қўшин тортиб, Ҳозиқниям, унинг тарафдорлариниям даф қилгум, – дея қизишди амир ўшқирганча.

Шунда вазир Раҳмонберди амирга маслаҳат берди:

– Бир шоирга ўчакишиб, кек дея черик тортсак, эл олдида уяту иснодга қоламиз.

Хуллас, вазир маслаҳати-ю, насиҳатига кўра, бир неча бор қамалиб чиқиб, кейин ҳам саккиз йилдан бери зиндонда кун санаб ётган Душабойдан ёлланма қотил сифатида фойдаланишга қарор қилишди.

Ҳакимхон тўранинг «Мунтахаб ут-таворих» асарида ёзилишча, «Душабой ва унга қўшилган учта каллакесар тўрт бебок кофир киши – ўғрилар вақтни ғанимат билиб, саҳар вақтинда шанба эртаси Шаҳрисабзга келиб, уйнинг эшигини синдириб, мавлоно Ҳозиқ ётган жойга бостириб кирдилар».

Тонг саҳарда ана шу тўрт нокас Ҳозиқнинг бошини танасидан жудо қилиб, Бухорога йўл олишди. Эшон, пир Ҳозиқ Махдум шу зайл ёлланган қотиллар қурбонига айланиб, танаси Шаҳрисабзда қолди, азиз боши эса...

Ҳожи Ҳакимхон тўра дўстининг фожиасидан Хўжақули парвоначини огоҳ этди.Улар бошчилигида аҳли оломон марҳумни Китоб шаҳрининг кунчиқар тарафидаги даҳмага дафн этдилар.

 Гарчи Мирзо Жунайдулло Маҳдум – Эшон Ҳозиқ ҳазратлари 1843 йил январида Душабой бошчилигидаги ёлланма қотиллар томонидан ўлдирилган бўлса-да, у яратган асарлар тарихда боқий қолди. Душабой, Раҳмонберди вазир ҳамда Амир Насрулло номлари эса мозийнинг энг чиркин, қора саҳифаларига муҳрланди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг