Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шукр қилинг, ногирон эмассизлар-ку!

Шукр қилинг, ногирон эмассизлар-ку!

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова ва 100-сонли таян-ҳаракати нуқталарида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Ирода Ўрозова.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни етти кишидан камида биттасида муайян бир турдаги жисмоний нуқсон мавжуд бўлиб, уларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.

Ҳар йили 3 декабрь санасига алоҳида эътибор қаратишдан мақсад барча мамлакатларда жисмида  нуқсони бор инсонларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаш, тенг ҳуқуқлиликни қарор топтириш орқали барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир. Шу мақсадда 100-сонли таян-ҳаракати нуқталарида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ташкил этилган «Болалар бизнинг хазиналаримиздир» номли маърифий-хайрия тадбири ҳам азалдан мурувватни, саҳийликни улуғлайдиган, имконияти чекланган болажонларга  мурувват кўрсатадиган халқимизнинг инсонпарвар ғояларини очиб берди. Шунингдек, мазкур тадбирга Хотин-қизлар қўмитасининг фаоллари таклиф этилган эди.

Мактабда шундай истеъдодли ўқувчилар борки, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Ушбу мактабнинг 6-синф ўқувчиси, «Central Asia's Got Talent» кўрсатувида «Шукр қилинг, ногирон эмассизлар-ку!» шеъри билан оммани ҳайратлантирган қизалоқ Ирода Ўрозованинг истеъдодига бугун кўпчилик тан беради. Тадбирдан сўнг Иродахонни суҳбатга тортдик.

— Айтинг-чи, ижод билан шуғулланишингизга нима туртки берган?

— Ижодгами? Соғинч сабаб бўлган. 1-синфимдан бери ота-онамдан узоқда яшайман. Уларни соғиниб шеър ёза бошлаганман.

—  Келажакдаги режаларингиз қандай?

—  Келажакда ота-онамни Ҳаж сафарига юбормоқчиман.

— Иродахон, ҳаётингизда ниманидир ўзгартириш имкони берилганида нимани ўзгартирар эдингиз?

—  Ҳеч нарсани (узоқ ўйланиб). Инсонларнинг энг катта камчилиги ҳам ношукрлик бўлса керак. Инсон ҳаётидан нолиб яшаши керак эмас. Мен ўқиётган мактабда 300 дан ортиқ имконияти чекланган болалар бор. Баъзиларининг аҳволи мендан ҳам оғир. Инсон шукр қилиши керак.

Санжар Шомуродов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг