Собиқ депутатга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди
Бўстонлиқ тумани собиқ депутати, блогер Қобул Дўсовга белгиланган озодликдан чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилишга алмаштирилди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Маълум қилинишича, Дўсов озодликдан чеклаш жазоси қоидаларини бузиб, интернетдан фойдаланиб келган.
Жорий йилнинг 24 январь куни ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик томонидан К. Дусовга огоҳлантириш интизомий жазоси эълон қилинган вақтида хам, ундан кейинги кунларда ҳам интернетдан фаол фойдаланиб келганлиги аниқланган.
Суд тақдимномани муҳокама қилиб ҳамда иш ҳужжатларини текшириб, тақдимномани қаноатлантиришни лозим топди.
Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 6-қисмига асосан агар шахс озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин.
Шу тариқа жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 24 январдаги ажримига мувофиқ Яшнобод тумани ИИО ФМБ пробация бўлимининг тақдимномаси қаноатлантирилиб, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан маҳкум К. Дусовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter