Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўхликлар ОТМга тожик тилида имтиҳон топширади ва туманга Фарғонадан ҳаво қатнови йўлга қўйилади

Сўхликлар ОТМга тожик тилида имтиҳон топширади ва туманга Фарғонадан ҳаво қатнови йўлга қўйилади

Хабар берганимиздек, кеча Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида Сўх тумани ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда юртимиздаги ягона анклав ҳудудни тез фурсатда энг обод масканга айлантириш, туманни ҳар томонлама ривожлантириш давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган муҳим вазифалардан бири эканлигини маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев топшириғи билан туманга ташриф буюрган турли вазирликлар ўз соҳалари бўйича икки кун давомида мавжуд муаммоларни ўрганиб, уни тўлалигича бартараф этиш учун манзилли дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу эса жорий йил давомида олис Сўхда улкан ўзгаришлар рўй беришидан далолат.

Ўз навбатида Сўх — Риштон йўли ва бошқа мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида таклифлар билдирилди.

Ҳудудда инвестиция соҳасида жорий йил давомида қиймати 101 млрд. сўм бўлган 73 лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 4,5 минг янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Банклар кўмагида 82 лойиҳа амалга оширилиб, бунинг учун биргина Сўх тумани учун 153 млрд. сўм кредит йўналтирилади.

Йиғилиш давомида сўхлик тадбиркорнинг цемент заводи қуриш бўйича тайёрлаган лойиҳаси ҳам қўллаб қувватланди. Ушбу таклифни амалга ошириш учун тегишли вазирликларга топшириқлар берилди. Олтита маҳалла фуқаролар йиғинларида кичик саноат ҳудудлари ташкил этилиши белгилаб олинди. 3 та дам олиш маскани яратиладиган бўлди. Зеро, Сўхнинг табиати мафтункор ва бетакрор.

Тумандаги марказий шифохона ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари замонавий қиёфада таъмирланиб, замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланади. Туманда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги инобатга олинди.Давлатимиз раҳбари томонидан сўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратиладиган бўлди. Яқин келажакда таълим соҳасидаги муаммолар ҳам тўлиқ бартараф этилиб, янги мактаб ва қўшимча бинолар қурилиши режалаштирилди. Эндиликда, сўхлик ёшлар олий ўқув юртларига қабул қилинаётганида ўз она тиллари – тожик тилида имтиҳон топширишларини ҳам йиғилишда маълум қилинди.

Сўхда йиллар давомида ўз ечимини топмаётган яна бир асосий муаммо — ичимлик ва экинларни суғоришда ишлатиладиган оби ҳаёт масаласи ўртага ташланди. Сув хўжалиги вазирининг маълумотларига кўра, туманда сув захираси етарли, аммо асосий муаммо унинг етказиб берилишида. Тез фурсатларда бу масала ҳам ўз ечимини топади.

Симодон, Касминон, Ҳушёр, Малбуд ва Варган ҳудудларида икки ой давомида тик қудуқлар ўрнатилиб, бўш турган ерлар ўзлаштирилади. Тумандаги эски аэродромни қайта таъмирлаб, вилоят марказига ҳаво йўллари орқали бориб келишни йўлга қўйиш масаласи ҳам давлатимиз раҳбарининг эътиборида.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тумандаги барча муаммоларни бартараф этиш учун Президент қарорининг лойиҳаси тайёрланмоқда ва мазкур қарор лойиҳаси бўйича туманнинг иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш учун 1 трлн. сўмга яқин маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг