Сохталаштирилган анор кўчати, лавр япроғи ва сариёғ...
Кеча бир қариндошим озорланиб, шундай деди: бозордан бир талай кўчат опкелдим. Менга анор кўчати деб сотишди. Ҳовлимнинг мўлжалланган қисмига, анорни усулига кўра экиб қўйдим. Анор дейилган кўчат кўкаргач, наъматак бўлиб чиқди. Наъматаклиги учун, жойини ўзгартирдим, қуриб қолди.
Ҳам кўчатга куйдим, ҳам пулим кетди. Ёши бир жойга борган отахондан олгандим. Шу қария сотувчининг невараларини тарбияси қанақа экан-а?
Маҳалла дўконига чиқсам, битта харидор аёл, сотувчига ҳасрат қилиб турган турган экан: бозордан ярим кило лавр барги сотиб олувдим. Уйга келиб, пакетни очсам, орасига бошқа дарахт барглари аралаштириб ташланган. Ноинсонфликни қаранг, шу баргниям “сохталаштириб” пул ишлаш йўлида энди бу...
Эшигим қўнғироғи чалинди. Очдим, ёш жувон турибди. Қўлида пакети бор, салом берди. Кўп қаватли уйимизда ижарада туришаркан. “Қайнонам, қишлоқнинг сариёғини тайёрлаб сотади. Олмайсизми, арзон берамиз”,— дейди.
Қишлоқ сариёғи тайёрланишининг миридан сиригача яхши тушунадиган мен, унга сотиб ололмаслигимни, айтдим.
“Олсангиз яхши бўларди. Ижара пулини тўлашимиз керак-да”, — деб мунғайди.
Музхонада гарчи қишлоқ сариёғи бўлса-да, “ижараси учун денгиздан томчи улушим бўла қолсин”, деган ниятда салмоқлигина пулни санаб бердим.
Ваҳоланки, ишонмаган одамдан қўлбола маҳсулотни ҳеч қачон сотиб олмасдим.
Эртасига ёғни эритиб қўймоқчи бўлдим. Қани энди, сариёғ дейилгани сариёғ бўлса. На сариёғдай ҳидланди, на сариёғча эриди. Эринмадим, ёруғроқ жойга опчиқиб, текширдим.
Чарви ёғ экан. Чарви ёғини, “қишлоқ сариёғи” деб, мени алдашди.
Мен барчасини видеотасвирга олиб қўйдим. Нотаниш қўшни келинни, у-бу жойда учратиб қолсам, фактсиз гапирмаслик учун эди.
Уч-тўрт кун ўтиб, уни боласи билан ҳовлида учратдим. Ва бўлган ҳолатни тасвирлар воситасида, хотиржамлик билан тушунтирдим. Албатта, келин қайнонасининг хатоси учун мулзам бўлди. Ёғни қўлига тутқаздим. Тўлаган пулни сўрамадим. Аммо унга барибир ўз фикримни айтдим: “Тўғри, бу ер катта шаҳар. Бу ерларда ҳатто қўшнилар бир бирини танимаслиги мумкин. Лекин, фарзанд ўстираяпсиз, бундан кейин, қайнонангизнинг чўнтагини эмас, болангиз ва оилангизнинг келажагини ўйланг ва бошқа сохта сариёғ сотманг”.
Рост-да, аксарият амалдорлар коррупцияга ботиб халқнинг чўнтагини таласа, оддий одамлар ўзлари ўйлаб топаётган сохтакорлиги билан халқнинг жиғилдонини яраласа оқибати нима бўлади?
Оқибат ҳам бир гап бўлар....
Аммо, ҳақдорларнинг ҳақи чиқариб олинадику, барибир...
Муҳаббат Назар facebook саҳифасидан олинди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter