Сталин ҳақида икки оғиз сўз: маршал Жуков қандай омон қолганди?

Бу ва бошқа баъзи маълумотлар отам ҳаётлигида эълон қилинмаганди. Отам бу материалларни вақт-соати етгунга қадар ҳеч ким билмаслиги учун (энг яқин кишилардан ташқари) стол ғаладони учун, аниқроғи, «пўлат сандиқ» учун ёзганди. Тарих ҳамма нарсани жой-жойига қўйишга унинг ишончи комил эди. Ана ўшанда ҳаммаси керак бўлиб қолади, деб ёзганди.
Кекса авлод кишиларидан Сталин ва унинг халқ олдидаги жиноятлари ҳақида чиқарилаётган ҳозирги материаллар – бу носоғлом кишиларнинг тўқимаси, деган гапларни тез-тез эшитишга тўғри келмоқда. Мана, Сталинни яхши билган ва уруш вақтида у билан ёнма-ён ишлаган Жуков ўз хотираларида бутунлай бошқа нарсаларни ёзган-ку, дейишади. Лекин улар асар қайси йилларда ёзилганлигини, назардан қолган маршал қандай аҳволда бўлганини эътиборга олмайдилар.
Отамнинг китобига мамлакатнинг ўша вақтдаги раҳбарларининг қарашига у ёки бу даражада тўғри келган нарсаларгина кириши мумкин эди. Ўша йилларда Л.И.Брежнев ўз шахсига сиғинишни ҳар қандай йўллар билан рағбатлантирар, Сталин шахсига сиғиниш, унинг кўринишлари ҳақида лом-мим дейилмасди. Георгий Константиновичнинг китобидаги баъзи маълумотлар, шу жумладан, армиядаги репрессиялар ҳақидаги боб қарийб тўлалигича олиб ташланганди.
Мазкур боб АПН нашриёти томонидан тайёрланаётган «Хотиралар ва ўйлар» номли бўлажак нашрига киради.
Тахминан 1970–1971 йиллар эди шекилли, отам билан телевизор олдида ўтириб, Л.И.Брежнев нутқ сўзлаётган тантанали мажлисни кўргандик. Унинг шаънига навбатдаги гулдурос қарсаклардан кейин тўсатдан: «Ота, бу нимаси, яна шахсга сиғинишми?» деб сўраб қолдим. Отам қандайдир бир маъюслик билан жилмайиб жавоб берди: «Лекин ҳозир бу бошқачароқ айтилади». Ва буни «тенги йўқ авторитет» деб атади.
«Бадиий ижодиётда энг муҳими ҳақиқатни ёзиш ёки бутунлай ёзмаслик» – отамнинг қоидаси ана шундай эди. Лекин унинг хотиралар китобига, агар шундай дейиш жоиз бўлса, полковник Брежнев тўғрисида «бегона» сатрлар кириб қолганда бир марта шу қоидага амал қилмаганди. Чунки отам уруш вақтида унинг ҳақида ҳеч нарса билмасди. Юқоридан ана шу сатрларни китобга киритиш таклиф этилаверганда отам бир неча тунларни бедор ўтказди, ҳадеб ўйлайвериб, бошига қаттиқ оғриқ кирди (отам ўша вақтда жуда касал эди). Шунда онам – Галина Александровна, биринчидан, бўлажак китобхонлар бу сатрларни сен ёзганлигингга ишонишмайди, иккинчидан, агар сен муроса қилмасанг, китоб умуман чиқмайди, деб отамни кўндирди. Отам ҳам китобининг чиқишини орзиқиб кутарди. Ўзининг кўп йиллик меҳнат ҳосиласини кўрмай, оламдан кўз юмишидан қўрқарди.
Ҳозир орадан 20 йил ўтди. Ўқувчиларга таклиф этилаётган материал бўлажак мақоланинг хомаки вариантими ёки у бошқа бирон нарсага бағишланганми, буни айтиш қийин. Георгий Константинович келажакда Сталин ҳақида батафсил ҳикоя қилиб беришни ният қилиб, «Сталин ҳақида икки оғиз сўз» деб ном қўйган бўлиши мумкин. Бувим Клавдия Евгеньева машинкада ёзиб берган бу бир неча саҳифа (бувим отамнинг ҳамма ёзганларини машинкада ёзиб берар эди) Ф.Раскольниковнинг Сталинга ёзган ва ҳеч ким билмаслиги учун пўлат сандиққа яширилган хати билан биргаликда сақланарди. (Ф.Раскольниковнинг Сталинга хати ўша йилларда бамисоли бомба эди). Отам оламдан ўтгандан кейин, дафн маросими ўтиб бўлиши биланоқ бизнинг чорбоғимизга, шунингдек, уйимизга катта идорадан комиссия келиб, Г.К.Жуковнинг архивини олиб кетишга ошиқди. Агар бу ва бошқа материаллар ўша вақтда олиб кетилганда, балким улар ҳақида ҳеч ким билмас ва бизнинг тарихимиз жуда муҳим гувоҳномадан бебаҳра қолган бўлар эди.
Баъзи газетхонлар бу материалнинг чин эканлигини билиб ажабланишларини, баъзилари хафа бўлишларини ҳам биламан. Лекин отамнинг иродаси шундай эди – у тарих учун нима қолдирган бўлса, ҳаммаси мавриди келиб эълон қилиниши керак. Мен отамнинг шу васиятини бажо келтиряпман.
Газетхонга ҳавола этилаётган мазкур материал, шунингдек, бошқа баъзи материаллар (иш юзасидан ва шахсий ўзаро хатлар, ён дафтар ёзувлари, менинг хотираларим ва ҳоказолар) ҳозир мен тайёрлаётган «Жуков – менинг отам» деган китобга киради. Отам Куприннинг қизи ёзган «Куприн – менинг отам» китобини ўқиётиб, менга ҳам ёзаётган асаримга шундай ном беришни маслаҳат берган эди.
Мария Жукова, Г.К.Жуковнинг қизи.
Маршал Г.Жуков хотиралари
Мен Сталин билан 1940 йилга қадар шахсан учрашган эмасман. У ҳақида матбуотдан, ўзи билан мулоқотда бўлишга тўғри келган кишиларнинг гапларидан билганман.
Тарихнинг чинакам ижодкори халқдир, деб таълим берадиган марксча-ленинча қоидага амал қилмаган Сталин 30-йилларнинг бошларидаёқ партия Марказий Қўмитаси билан унчалик ҳисоблашмай қўйди. Ўзига итоаткор ижрочиларни Сиёсий бюрога тўплаб, ўзининг бутун фаолиятида Сиёсий бюро ва Марказий Комитет котибиятига суяниб иш кўрадиган бўлди ва бу бообрў органларининг бошига ўзи чиқиб, диктатор бўлиб олди. Итоаткорлар Сталиннинг ҳамма кўрсатмаларини сўзсиз қабул қилиб, уни партия ва халқнинг буюк доҳийси даражасига олиб чиқдилар, бу йўлда кўп ҳолларда В.И.Лениннинг номини тушириб қолдирдилар.
Сўнгги йилларда даҳшатли тус олган шахсга сиғиниш шу тариқа бошлаб берилди.
Эркатойлик шундай бунёд этилди, унга сиғинувчилар уруғи шу тариқа кўпая бошлади. Бу борада айниқса Берия, Ворошилов, Маленков, Молотов, Каганович, Жданов, Булганин, Шкирятов ва бошқалар ўрнак бўлишди.
Мен бу ўринда республика, ўлка ва область ташкилотлари раҳбарларининг исм-шарифларини эслаб ўтирмайман. Улар шундоқ ҳам жойларда Сталинни кўкларга кўтариб мақтар эдилар.
Бирон даражада Сталинга сиғинишга қарши чиққанларни тезда йўлдан олиб ташланар эди.
Партия ва халқ учун 1937–1939 йиллар, айниқса, оғир давр бўлди. Бу вақтда қўрқув авж олганлиги ва партия Марказий Комитетининг Сиёсий бюросида партиявий сезгирлик бўлмаганлиги оқибатида, Сталиннинг айби билан партиянинг, Қуролли Кучларнинг кўзга кўринган минглаб ходимлари – Ватанга садоқатли ватанпарварлар ва мамлакатнинг талантли раҳбарлари хор қилинди.
Албатта, Сталиннинг кўрсатмасига кўра, ҳеч бир айбсиз минглаб кишилар бадном қилинганлиги, уларнинг болалари ва оила аъзоларининг ҳаёти лат еганлиги учун уни кечириб бўлмайди. Лекин фақат Сталиннинг бир ўзинигина айблаш адолатдан бўлмас. У билан бирга Сиёсий бюронинг ўша вақтдаги бошқа аъзолари ҳам жавоб беришлари керак. Чунки улар бутун антипартиявий, айниқса мамлакатимизнинг ҳамма бурчакларида НКВД органлари томонидан авж олдирилган тартибсизликлардан хабардор эдилар.
1957 йилда КПСС Марказий Комитетининг июнь Пленумида Молотов, Каганович, Маленков ва бошқаларнинг фаолияти муҳокама қилинаётганда мен Ежов ва НКВДнинг бошқа ходимлари томонидан Сталинга берилган рўйхатнинг бир қисмини ўқиб берган эдим. Рўйхатга киритилган шахслар Сталин, Молотов, Ворошилов ва Каганович томонидан ҳеч бир суд қилинмай отишга ҳукм қилинган эди.
Гўёки катта ҳарбий-сиёсий исён тайёрланяпти, деган миш-мишлардан ўтакаси ёрилган Сталин ва, шунингдек, қамоққа олинганларнинг биронтаси билан гаплашиб кўришни, улардан қандай қилиб «душманлик» юз берганини сўраб билишни ўзларига эп кўрмадилар. Махлуқона қўрқув, учига чиққан шубҳалар, Сталиннинг социализм қурилиши даврида синфий кураш муқаррар равишда кучаяди, деган гапи қора ниятни амалга ошириб бўлган эди. Чет эл разведкаси давлат хавфсизлиги органларига суқилиб кириб олганида, у ўзининг агентураси орқали бизнинг кишиларнинг гўёки антисовет фаолияти ҳақида тўқиб чиқарган хабарлар етказиб турганда аҳвол, айниқса оғирлашди ва бу билан Ватанимизга, мамлакат мудофаасига тузатиб бўлмас зарар етказилди.
Мен Сталинни 1941–1946 йиллар даврида, Бош штаб бошлиғи, фронтларнинг қўмондони, Олий Бош қўмондон ўринбосари, Германиядаги оккупация қўшинлари Бош қўмондони ва Германиядаги Олий бошлиқ бўлиб ишлаган кезларимда яқиндан танидим.
Мен Сталинни синчиклаб ўрганишга ҳаракат қилдим, лекин уни тушуниб етиш жуда қийин эди. Сталин кам гапирар ва фикрларини қисқагина қилиб тушунтирарди.
Менинг назаримда халқ ва унинг меҳнат фаолияти билан, унинг ҳаёт шароитлари, ўй-фикрлари ва ички кечинмалари билан яқиндан боғлиқ бўлмаган Сталин халқнинг ҳаётидан Сиёсий бюро ва котибият аъзоларининг маърузаларига қараб огоҳ бўларди. Лекин Сталинга масалалар, одатда, бўяб-бежаб етказилганидан кейин, табиийки, у мамлакатдаги, халқ ҳаётидаги ҳақиқий аҳволдан воқиф бўлолмасди.
Шундай бўлса-да, Сталинга инсоф билан баҳо бериш керак. У, одатда, шошма-шошарлик билан қарор қабул қилмасди. Масалалар Госпланга ёки Сиёсий бюро аъзоларидан бири бошчилик қиладиган ваколатли комиссияга синчиклаб кўриб чиқиш учун топшириларди.
* * *
...Операцияларни ташкил этишда ўзининг ожизлигини сезиб, шунингдек, мамлакатнинг жанубида катта муваффақиятсизликлар юз бергани таъсирида 1942 йилда Сталин менга Олий Бош қўмондон ўринбосари вазифасини таклиф этди.
Мен ўзимнинг феъл-атворимни, биргаликда ишлашимиз қийин бўлишини айтиб, аввалига рад жавобини бердим. Лекин Сталин бундай деди: «Вазият мамлакатга катта хавф соляпти. Ватанни душмандан ҳар қандай воситалар билан, ҳар қанча қурбонлар бериб бўлса ҳам қутқариш керак. Икковимизнинг характеримизга келганда, қўйинг, уни Ватан манфаатларига бўйсундирайлик».
Мен Ватанга хизмат қилишга доим тайёрман, деб жавоб бердим.
Яна айтиш керакки, шу дақиқадан бошлаб Сталин мен билан маслаҳатлашмасдан туриб, операцияларни ташкил этиш масалалари бўйича ҳеч қандай қарорлар қабул қилмади.
Деярли бутун уруш давомида мен унинг ҳурмати ва ишончини қозондим. Бу эса менга операцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тадбирларини муваффақиятли амалга ошириш имконини берди.
Урушнинг охирларида, аниқроғи, Курск ёйидаги жанглардан кейин Сталин умуман, ҳарбий масалаларни бир мунча яхши тушунадиган бўлиб қолди.
Лекин бу ўринда мен қайд қилишим жоизки, Сталин энг катта операциялар ўтказилаётганида, биз натижаларга муваффақ бўлган пайтларимизда бу ишларнинг ташкилотчилари шаънига қандайдир соя солишга, бунинг учун айрим усуллардан фойдаланишга ҳаракат қиларди: операциялар яхши бораётганлиги маълум бўлганида у фронтларнинг қўмондонлиги ва штабларига, армияларнинг қўмондонлигига қўнғироқ қилар, баъзан корпусларнинг қўмондонлари билан ҳам гаплашиб чиқарди ва Бош штаб томонидан тузилган энг сўнгги вазият тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиб, улардан операциянинг қандай ривожланаётган ҳақида сўрарди, маслаҳатлар берарди, уларнинг нимага эҳтиёж сезаётганлиги билан қизиқсинарди, ваъдалар берар ва бу билан уларда Олий Бош қўмондон ўз ўрнида ҳушёр турибди, ўтказилаётган операцияларни бошқаришни қўлида маҳкам ушлаб турибди, деган тасаввур туғдирарди.
Олий Бош қўмондоннинг бундай қўнғироқларидан А.М.Василевский иккимиз фақат фронтларнинг қўмондонларидан хабар топардик, чунки у бизни четлаб ҳаракат қиларди. Душман Ватанимиз чегараларидан суриб чиқарилганда ва операциялар Польша, Шарқий Пруссия, Чехословакия территориясига кўчганида эса Сталин бу вақтда фронтлар гуруҳларининг ҳаракатларини мувофиқлаштираётган Олий бош қўмондон қароргоҳи вакиллари лавозимини умуман бекор қилди ва барча фронтларни бошқаришни бевосита қароргоҳ зиммасига юклашни буюрди.
Менга ва Василевскийга фронтларга қўмондонлик қилиш буюрилди. Менга – Рокоссовский ўрнига 1-Белоруссия фронтига, Василевскийга – ҳалок бўлган армия генерали Черняховский ўрнига 3-Белоруссия фронтига қўмондонлик қилиш топширилди.
Бунинг маъноси аён эди. Сталин душман устидан ажойиб ғалабани ўзининг шахсан қўмондонлиги остида якунламоқчи, яъни 1813 йилда Александр I Кутузовни бош қўмондонликдан четлатиб, бу вазифани ўз зиммасига олгани, Наполеон армиясини тор-мор келтирган шавкатли рус қўшинлари олдида Парижга оқ отда кириб борганлигини такрорламоқчи эди.
1944 йилнинг куз кунларидан бирида Сталин шахсан мен билан гаплашаётиб, бундай деди:
– Биринчи Белоруссия фронти Берлин йўналишида турибди. Бу энг муҳим йўналишга биз сизни қўймоқчимиз. Рокоссовскийни эса бошқа фронтга тайинлаймиз.
– Мен хоҳлаган фронтга қўмондонлик қилишга тайёрман, лекин Рокоссовский 1-Белоруссия фронтидан олинса хафа бўлади-ку, – дедим ўз фикримни билдириб.
Сталин жавоб берди:
– Сизнинг тажрибангиз катта, бундан буён ҳам менинг ўринбосарим бўлиб қолаверасиз. Хафа бўлишга келганда, биз уятчан қиз болалар эмасмиз-ку. Ҳозир мен Рокоссовский билан гаплашаман.
Поскребишев Сталинни тез Рокоссовский билан телефон орқали боғлади.
Рокоссовскийга ўзининг қарорини айтиб, Сталин, «Сизни 2-Белоруссия фронтига ўтказсак розимисиз?» – деб сўради. Рокоссовский ўзини 1-Белоруссия фронтида қолдиришни сўради. Лекин Сталин деди: «Бундай қилиб бўлмайди. Бош йўналишга Жуковни қўйишга қарор қилинди. Сизнинг эса 2-Белоруссия фронтини қабул қилишингизга тўғри келади».
Сталин беҳуда бундай қилмаётган эди.
Шу пайтдан бошлаб Рокоссовский билан менинг ўртамда илгаригидек қадрдонлик, дўстлик муносабатлари қолмади. Урушнинг тугаши яқинлашган сари Сталин маршаллар – фронтларнинг қўмондонларини бир-бирига кушанда қилаверди, кўпинча уларни ўзаро тўқнашувга олиб бориб, орага нифоқ, ҳасадчилик уруғларини сочди ва носоғлом шуҳратга ундади.
Афсуски, қўмондонлардан баъзи бирлари юзингда кўзинг борми демай, энг оддий одамгарчилик қоидаларини ҳам бузиб, амалпарастлик кайфиятига берилиб, Сталиннинг заиф томонидан фойдаландилар, унда урушнинг энг оғир йилларида таяниб иш кўрган кишиларга нисбатан қандайдир бефарқликни авж олдирдилар.
Бундай одамлар Сталиннинг қулоғига бўлар-бўлмас ҳар хил гапларни шипшитиб, унинг олдида ўзларини жуда беғубор қилиб кўрсатишга уриндилар. Урушнинг охирларида шундай ишлар билан, айниқса, маршал И.С.Конев кўпроқ шуғулланди.
Бизнинг қўшинларимиз зарбаларига душман бардош бера олмай қолган Курск ёйидан бошлаб, Конев бошқа ҳамма қўмондонлардан кўра Сталинга кўпроқ хушомадгўйлик қила бошлади, операциялар ўтказишдаги ўзининг «қаҳрамонликлари» билан мақтанди ва айни вақтда қўшинларининг ҳаракатларини камситиб гапирди.
Н.В.Ватутин қўмондонлигидаги 1-Украина фронти ва И.С.Конев қўмондонлик қилган 2-Украина фронти кучлари билан ўтказилган Корсунь–Шевченковск операцияси ҳамон эсимда. Бу фронтларнинг ҳаракатларини бир-бирига мен мувофиқлаштирганман. Операция муваффақиятли борарди. Ватутиннинг қўшини яхши ҳаракат қилаётган эди. Лекин операция охирида қамал қилинган душман қолдиқлари бўрондан фойдаланиб, Ватутин қўшинларининг жанговар тартиблари орасидан ёриб ўтиб кетди.
Сталин шу заҳотиёқ менга қўнғироқ қилиб, асабийлашиб сўради: «Сиз душман Ватутин фронтини ёриб ўтганлигидан ва Корсунь–Шевченковск районида қамалдан чиқаётганидан хабардормисиз?»
Мен жавоб бердим: «Йўқ, хабарим йўқ, менимча, бу ҳақиқатга тўғри келмайди».
Шунда Сталин мени койиди ва ҳозиргина унга Конев телефон қилиб, душман ёриб ўтганлигини хабар қилганлигини айтди. Кейин бундай деди: «Мен операцияни тугаллашни Коневга топширмоқчиман. Сиз Ватутин билан бутун эътиборни ташқи фронтга ва Проскуровск–Черновицк операциясига қаратганингиз маъқул».
Ўшанда мен Сталинга операцияни тамомлашга узоғи билан уч кун қолганлигини айтдим. Корсунь–Шевченковск операциясида 1-Украина фронти бош рол ўйнаганлигини, Ватутин ва унинг бошчилигидаги қўшинларнинг жанговар хизматлари муносиб баҳоланмаса, улар хафа бўлишларини айтдим.
Сталин телефон гўшагини қўйиб, мен билан гапни якунлади. Орадан икки соат ўтгач эса қамал қилинган душманни йўқ қилиш бўйича сўнгги ҳаракатларни Коневга топшириш ҳақида директива олинди.
Иш манфаатлари нуқтаи назаридан шундай қилиш керакмиди?
Йўқ, бундай қилиш жоиз эмасди. Бу Сталинга Конев, Ватутин ва менинг ўртамизга янада каттароқ нифоқ солиш учун керак эди. Конев яхши иш қилмади.
Менинг инжиқлигимни билган Сталин кейинги операцияларни ўтказишда ҳам мени Коневга, Рокоссовскийга ва бошқаларга, уларни эса ўз навбатида менга қарши бир неча бор гиж-гижлатмоқчи бўлди. А.М.Василевскийга мендан нолир, менга Василевскийдан ёзғирар эди. Лекин А.М.Василевский бамаъни одам бўлгани учун Сталиннинг иғволарига учмади.
Сталинга буларнинг нима кераги бор эди? Ҳозир ўйласам, буларнинг ҳаммаси атайлаб, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонлиги аҳил жамоасини бир-биридан ажратиб қўйиш учун қилинаркан. Сталин Берия ва Абакумовларнинг иғво гапларига учиб ана шу жамоадан ҳеч бир асоссиз ҳайиқа бошлаган эди. 1945 йилнинг апрель ойи охирида урушни поёнига етказаётган Берлин операцияси кетаётганди. 1-Белоруссия фронти қўшинлари Одерда немислар мудофаасини муваффақиятли ёриб ўтиб ва мудофаанинг биринчи чизиғини тор-мор келтириб, Зеел тепалигида жойлашган ва бизнинг қўшинларимиз ҳужумлари учун жуда ноқулай бўлган мудофаанинг иккинчи чизиғида қаттиқ қаршиликка дуч келдилар.
Операцияни барбод қилмаслик ва душманга Берлин йўналишида бизнинг ҳужумларимизни қайтариш имконини бермаслик учун мен Зеел тепалигида душман мудофаасини албатта тор-мор келтириш учун 1 ва 2-танк армияларини жангга солишга қарор қилдим.
17 апрель куни кечқурун Сталин менга қўнғироқ қилди. Бу вақтда мен 8-армиянинг қўмондонлик пунктида Чуйков ҳузурида эдим.
Сталин бундай деди:
– Сиз Берлин йўналишида душманга етарли баҳо бермаяпсиз. Мен ҳозирнинг ўзидаёқ Берлинга кириб боряпсиз, деб ўйлагандим. Сиз эса ҳамон Зеел тепалигидасиз, Коневнинг иши яхши юришяпти. Шунинг учун фронтлар ўртасидаги чегараларини ўзгартирсак, Конев ва Рокоссовскийнинг асосий кучларини Берлинга бурсакмикан?
Мен жавоб бердим:
– Душман ҳамма резервларини Берлин районидан олиб, ихтиёримдаги қўшинларга қарши ташласа ёмон бўлмайд. Биз уларни Берлиндан анча узоқда тор-мор келтирамиз, бу эса Берлиннинг олинишини енгиллаштиради ва тезлатади. 1-Украина фронти қўшинларининг анча яхши ҳаракат қилаётганлигига келсак, у ерда душманнинг қўшинлари жуда оз, лекин, афтидан, душман Коневга қарши анча катта куч ташлашга мажбур бўлади. Шундан кейин ҳужум суръати пасайиб кетади. Ҳозир фронтларнинг чегараларини ўзгартириб бўлмайди. Коневнинг асосий гуруҳларини тезроқ Эльбага ҳаракат қилдириш, Тюрингияни эгаллаш ва кейин уни Прагага ўтишга тайёрлаш керак. Менимча, фронт қўшинлари узоғи билан 22 апрелда Берлинга ёриб киради. Рокоссовскийга келганда, у 22 апрелгача асосий кучлари билан фақат Одерни кечиб ўта олади, холос ва ўз гуруҳлари билан белгиланган Берлин районига вақтида чиқа олмайди, бунинг зарурати ҳам йўқ...
Орадан бир соат ўтгач, мен Бош штаб бошлиғи генерал А.И.Антоновга қўнғироқ қилдим ва ундан Сталин нима учун Берлин операцияси тақдири тўғрисида ташвишланиб қолди, деб сўрадим.
Антонов деди:
– Менинг бундан хабарим йўқ. Фақат унга Конев телефон қилиб, операция муваффақиятли бораётганини айтганини биламан, холос.
* * *
1946 йил март ойининг бошларида Сталин Берлинга, менга телефон қилиб бундай деди:
– Булганин менга бизнинг Қуролли Кучларимизни бошқаришни урушдан кейин қайта қуриш лойиҳасини келтирди. Қуролли Кучларнинг асосий раҳбарлари орасида сизнинг номингиз йўқ. Мен буни нотўғри деб ҳисоблайман Сиз қандай лавозимда ишлашни хоҳлайсиз? Василевский Бош штаб бошлиғи лавозимида ишлаш истагини билдирди. Сиз қуруқликдаги қўшинлар Бош қўмондони лавозимида ишласангиз бўладими? Бу кучлар бизнинг энг кўп сонли кучларимиз ҳисобланади.
Мен бу масала устида ўйламаганимни ва Марказий Қўмита топширадиган ҳар қандай ишни бажаришга тайёрлигимни айтиб жавоб бердим.
Сталин сўзида давом этди:
– Булганин Мудофаа халқ комиссарлиги тўғрисидаги низом лойиҳасини ҳам келтирди. Менимча, сиз келиб бу лойиҳа устида Булганин ва Василевский билан бирга ишласангиз маъқул бўлади.
Орадан икки-уч кун ўтгач, мен Москвага бориб, Булганиннинг ҳузурига кирдим. У Сталин билан ўртамизда бўлган гапдан хабари борлиги учун анча питирлаб қолди.
Мудофаа халқ комиссарлиги тўғрисидаги низом лойиҳасини кўриб чиққандан кейин Қуролли Кучлар турлари бош қўмондонлари ва халқ комиссарининг биринчи ўринбосарининг ҳуқуқий мавқеи хусусида Булганин билан ўртамда жиддий келишмовчилик келиб чиқди. Унинг лойиҳасига кўра, бош қўмондонлар ўз амалий фаолиятларида мудофаа халқ комиссари билан эмас, балки унинг биринчи ўринбосари билан иш битиришлари керак эди. У ўз лойиҳасини ҳимоя қилиб, Мудофаа халқ комиссари Сталин партия ва давлат иши билан жуда банд деб асослашга уринди.
– Бу сабаб эмас, – дедим мен Булганинга унинг далилларига ўрин қўймасликка уриниб. – Бугун халқ комиссари Сталин, эртага эса бошқа киши бўлиши мумкин. Қонунлар айрим шахслар учун эмас, балким конкрет лавозим учун ёзилади.
Булганин буларнинг ҳаммасини Сталинга бузиб етказди ва шундай деб қўшиб қўйди:
– Жуков – Совет Иттифоқи маршали, у мен билан – генерал билан муомала қилмоқчи эмас.
Булганиннинг бу йўли Сталиндан ўзига Совет Иттифоқи маршали унвонини тилаб олишга қаратилган эди.
Ҳақиқатан, орадан бир кун ўтгач, Булганинга Совет Иттифоқи маршали унвонини бериш тўғрисида фармон чиқди, менга эса Сталин Халқ комиссарлиги тўғрисидаги низом устида ҳали ишлаш керак, деб айтди.
Булганин Мудофаа халқ комиссарлиги бўйича Сталиннинг ўнг қўли бўлиб қолганлиги менга аён эди. Булганин ҳарбий ишни жуда ёмон билар ва, албатта, оператив-стратегик масалаларда ҳеч нарсани тушунмас эди. Ўта сезгир, муғомбир одам бўлганидан Сталинга яқинлашиб, унинг ишончига кира билган эди.
Бу масала Қуролли кучлар учун янгилик эмаслигини Сталин тушунарди, албатта. Лекин, Булганин эпчил дипломат ва сўзсиз сажда қиладиган одам бўлганлиги учун керак эди. Булганин шахсан унинг учун ҳамма нарсага тайёр эканлигини Сталин биларди.
Мен Бош қўмондон ва Бош бошлиқ лавозимини ўринбосарим В.Д.Соколовскийга топшириб, Москвага йўл оллдим ва пиёда қўшинлар Бош қўмондони лавозимида ишга киришдим.
Бу вақтда катта ёшдаги солдатларни армия ва флотдан демобилизация қилиш ишлари асосан тугалланаётган эди. Қўшинлар ҳаёти ҳали нормал изга тушган эмасди. Қўшинлар тартиби ва хизмати кўнгилдагидек даражада эмас эди. Армияни нормал аҳволга келтириш мақсадида биз пиёда қўшинлар учун бир қанча ўқув-машқ тадбирларини ишлаб чиқдик ва пиёда қўшинлар Бош қўмондонининг 1946 йилга мўлжалланган жанговар тайёргарлик бўйича буйруғи лойиҳасини туздик.
Пиёда қўшинлар Бош қўмондони буйруғининг лойиҳаси Сталинга, бир нусхаси эса Булганинга юборилди.
Сталин Булганиннинг шипшитиши билан бу лойиҳага мени шунчаки муросаю мадора учун қўшилган деб тушунди.
Сталин билан менинг ўртамда буйруқ лойиҳасининг мазмуни хусусида, айниқса, қуруқликдаги қўшинларни, Бош қўмондонлик резервининг қисмлари ва бирлашмаларини биргаликдаги дала ва қўмондонликнинг – штаб машқларига жалб этиш хусусида жуда катта нохуш гаплар бўлди.
Булганин бундай деди: «Жуков Бош қўмондонликнинг ҳамма резервларини Бош қўмондонликнинг ихтиёрига олмоқчи, бизни эса қуруқ қолдирмоқчи».
Мен, бу – болаларнинг гапи, деб айтдим. Лекин менинг луқмам Сталинга ёқмади.
Менга буйруқ лойиҳасини қайта ишлаб чиқишни топширишди. Яна бир бор ишлаб чиқдим. Сталин яна уни тасдиқламади.
А.М.Василевский менга: «Сталин Олий Қўмондонлик буйруғини эмас, балки Халқ комиссарлиги буйруғини чиқармоқчи» деб очиғини айтди.
Шунда менинг лойиҳамни олишди ва Мудофаа халқ комиссарлиги буйруғи сифатида қайта ишлаб чиқишди. Шу заҳотиёқ Сталин уни имзолади. Шундай бўлгани ҳам яхши эди. Мен ҳам Халқ комиссарлигининг эмас, балки Бош қўмондонлик буйруғини чиқариш фикрида туриб, нотўғри қилган эканман.
Вақт ўтган сари Булганин ва Сталин ўртасидаги ўзаро муносабатларда анча илиқлик бўлди.
Атрофимда қандайдир нохуш ишлар бўй кўрсатаётганлигини сезардим. Ниҳоят, менинг учун жуда хунук бўлган воқеалар ҳам юз берди.
Сталин Бош Ҳарбий Кенгашни тўплади. Унга Сиёсий бюронинг ҳамма аъзолари, маршаллар, генераллар, шу жумладан, Ф.И.Голиков ва А.В.Хрулёв ҳам таклиф этилди.
Мажлис залига Сталин кириб келди. У қора булутдек тунд эди. Бир сўз ҳам демасдан, чўнтагидан бир қоғоз олиб, Бош Ҳарбий Кенгаш котиби С.М.Штеменконинг олдига ташлади ва: «ўқинг» деди. Штеменко минбарга чиқиб ўқий бошлади. Бу турмада ётган ва давлат хавфсизлиги органлари ҳибсга олган собиқ адъютант подполковник Семочкин ва авиация Бош маршали А.Новиковдан маршал Жуков устидан ёзилган ариза эди. Ариза бир неча саҳифадан иборат бўлиб, унинг мазмуни асосан маршал Жуков Сталинга нисбатан самимий эмас, ўтган уруш вақтида асосий ишларни Сталин эмас, у – Жуков бажарган деб ҳисоблайди, Жуков гўё уруш вақтида ўз атрофига бир гуруҳ норози генераллар ва офицерларни тўплаб олган...
Бу ариза ўқиб бўлингач, Сталин ўтирганлардан ўз фикрларини билдиришни сўради. Молотов, Берия ва Булганин сўзга чиқишди. Уларнинг ҳаммаси каминани Сталиннинг менга яхши муносабатларига муносиб эмас, кеккайиб кетган ва нафақат Сиёсий бюро обрўйи билан, балки шахсан Сталин билан ҳам ҳисоблашмайди, унинг адабини бериб қўйиш ва ўз ўрнига қўйиб қўйиш керак, деб айтишди.
Генерал Голиков ҳам худди шу руҳда гапирди. Мен гўё уни 1943 йилда Харьков остоналарида фронт қўшинларининг муваффақиятсизликлари учун қўмондонлик вазифасидан беҳудага олиб ташлаган эмишман. Лекин сўзга чиққан маршалларнинг кўпчилиги мени қўллаб-қувватлашди. Бронетанк қўшинлари маршали П.С.Рибалко айниқса ёқлаб чиқди, мураккаб шароитларда ва хавфли дақиқаларда Жуков қўшинларга вазиятни тўғри баҳолашда ва душманни тор-мор келтиришда ёрдам берганлигини айтди.
Мажлиснинг оқибати шу бўлдики, мени пиёда қўшинлар Бош қўмондони лавозимидан олиб, Одесса ҳарбий округи қўшинларига қўмондонликка юборишди. Бўлиб ўтган ВКП (б) Марказий Комитети Пленумида эса мени ҳеч бир асосланмаган ҳолда Марказий Қўмита таркибидан чиқаришди. Пленумда А.Жданов: «Жуков ҳали ёш, Марказий Қўмита учун етилган эмас», деб айтди.
1947 йилда генераллар ва офицерларнинг катта гуруҳи ва асосан қачонлардир мен билан ишлаган кишилар қамоққа олинди. Улар орасида генераллардан Минюк, Филатов, Вареников, Куликов, 1-Белоруссия фронти Ҳарбий Кенгашининг собиқ аъзоси К.Ф.Телегин ва бошқалар бор эди. Қамалганларнинг ҳаммасини Сталин раҳбарлигига қарши Жуков томонидан уюштирилган «ҳарбий исён» тайёрлаганини тан олишга жисмонан мажбур қилишди.
Бу «иш»га Абакумов ва Берия бош бўлишди.
Уларнинг бутун ҳаракати мени қамашга қаратилди. Лекин Сталин менинг ҳарбий исён уюштиришга уринганлигимга ишонмади ва мени қамоққа олишларига розилик бермади.
Кейинчалик Хрушчев менга айтишича, Сталин Берияга бундай деган экан: «Жуков бундай иш қилади, деганларнинг ҳеч бирига ишонмайман. Мен уни яхши биламан. У чўрткесар, дангал ва ҳар қандай кишининг кўзига тик қараб туриб ҳар қандай нохуш гапни айта олади. Лекин у Марказий Қўмитага қарши бормайди».
Шундай қилиб, Сталин мени қамоққа олишларига йўл қўймади.
Абакумовнинг ўзини қамоққа олишганда шуниси маълум бўлдики, у мудҳиш 1937–1939 йилларда бўлгани каби бу ишларнинг ҳаммасини атайлаб қилган экан.
Абакумов отиб ташланди, мени эса партия XIX съездида шахсан Сталиннинг ўзи КПСС Марказий Қўмитаси таркибига киритишни тавсия этди.
Ана шу оғир вақтларда Сталин камина ҳақимда ҳеч кимга ёмон сўз айтмади ва мен бундай холислиги учун ундан миннатдорман, албатта.
«Правда» газетасининг 1989 йил 20 январ сонидан
Фатҳулла Намозов таржимаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter