Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Суриялик Сухейр: «Бизда аёлларни сизчалик ҳурмат қилишмайди...»

Суриялик Сухейр: «Бизда аёлларни сизчалик ҳурмат қилишмайди...»

https://ru.freepik.com/

Боғдаги устахонамга тез-тез ўрта ёш, чет эллик харидор аёл келиб турарди. Исми Сухейр ал Чаар – суриялик.  Бир-биримизни амаллаб тушунсак-да, соатлаб гаплашардик. Мени ўзига яқин олиб «систер Махира», деб мурожаат қиладиган бўлиб кетди, ҳатто. Уни мен ташкил қилган музей, устахонам, галереядаги миллий ҳунармандчилик буюмлари жуда қизиқтирарди.  Бир гал у араб ёзувидаги қадимий китобга қизиқиб қолди. Қуръонми, деб сўради.

«Йўқ, Қуръон ҳам, Ҳадис ҳам эмас экан кўпчиликка кўрсатдим, арабийми форсийми, эски ўзбек ёзувими эканини бу ерга келадиган на араб, на форсийлар, на эски ўзбек ёзуви олимлариям ўқий олишмади», дедим. Хоним эса бисмилло, дея китобни қўлига олиб, бемалол ўқиб кетди. Нима китоб экан, десам, Тасаввуф, яъни Аллоҳга муҳаббат ҳақида экан, деди... Тўғрисини айтсам, унинг гапларини унчалик тушунмадим, аммо китобни ўқиб, бир қарасам оҳ чекди, бир қарасам кўз ёшларини артди, бир қарасам шодон кайфиятда, қара, қандай буюк гап бу!, деб сатрларни менга таржима қилиб берди. Қанийди, мен ҳам бу китобни ўқиб, тушуна  олсам эди, дедим унинг ҳолатини кўриб. Хуллас, китоб тоза араб тилида фақат зеру забарларсиз,  қисқартириш усулида ёзилган экан. Китобнинг мазмуни, қайси тилда ёзилганини ва ниҳоят аниқлашганидан хурсанд бўлдим. Сотасанми, деб сўраганди, йў-ўқ, бу китоб оилавий меъросимиз, сотолмайман, аммо хоҳлаган вақтинг келиб ўқийвер, дедим. Шундан сўнг у ҳар келганда музей хонамга кириб олиб, бирон соат китобни ўқиб чиқарди. Бу ердаги қадимий атмосферада  ўтириб, қадимий китобни ўқиб мазза қилаётганини қайта-қайта айтиб кетарди. Лекин боғдаги ижара жанжаллари сабаб, баҳордан ҳовлим ёпилиб, музейга киролмай қолди. Ҳолатни тушунтирганимдан кейин менга қўлидан келганча ёрдам бергиси келдими чет эллик дугоналарини боққа бошлаб келди. Яъни, қўл ишларимни тарғиб қилиш ва уларга сотишим учун. Афсус, улар ҳам эшигим тагида туриб-туриб, киролмай қайтишди.

 Кеча шу Сухейр опам яна қўярда-қўймай, янги галерея очибсан ишларингдан олиб кетмоқчиман, Сурияга онамни кўргани кетаман, кўришайлик, деди. Бу сафар «Mеtodika. uz» маркази раҳбари  Татъяна хоним ҳам бизга мезбонлик қилди, ҳам таржимонлик қилди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирдик, кўплаб мавзуларда фикрлашдик, гап айланиб Сухейрнинг оиласи, Ватанига бориб тақалди. «Оила қурмадим, бизда аёлларни сизчалик ҳурмат қилишмайди, республика давлат бўлсак ҳам, шариат асосида яшаймиз, аёлларга яшаш қийин бизда. Шунданми оила қилишга қўрққанман, ўқиш, ишни баҳона қилиб, шу ёшга келиб қолдим, дунё кўрдим, Америка, Германия, Нидерландияда ўқидим, кўп жойларда ишладим, илм ҳам қилдим, каръера ҳам қилдим, ҳаётимдан розиман, шундай яшаш ёқади менга, нолимайман», деди. Кейин ўзбек халқи, менталитети ҳақида гап кетди. «Биласизми, кўпинча Анҳор бўйида сайр қиламан, йўлимдан чиққан каттаю кичик менга салом бериб ўтади. «Ассалому алейкум»,  «Здравствуйте», дейишади. Ҳайрон қолавераман, танимаган одамлар бир бегона аёлга саломатлик, тинчлик тилаб, жилмайиб, ўтиб кетаверишади. Биринчи, иккинчисига алик оламану, учинчи саломдан кейин йиғлаб юборавераман», деб кўзларига ёш олди. «Ёшлар катталарни ҳурмат қилади, жой беради, йўл беради,  юкини кўтаришади. Кўчаларни озода тутишади, қўшниларга ёрдамлашишади. Дунёнинг бошқа давлатларида кўрмадим буни...»

Суриялик аёл ростмана, ичи тўлиб йиғлаб ўтирди...

«Кейин юртимга борганимдаям нуқул шу одамларни, шу кўчаларни қидираверадиган бўлиб қолдим, у ер билан бу ерни солиштиравераман, онамга, яқинларимга бу ернинг одатларини гапириб беравераман,  тушунмайман бу қанақа туйғу, аммо ўз юртимда туриб юрагимда шу ерларни соғиниб қоламан», деди...

Тўғриси, аёлга қўшилиб мен ҳам йиғладим. Билмадим, бир мусофир аёл сенинг юртингни соғинаман, яхши кўраман, дунёда энг яхши одамлар ўзбеклар экан, деса юрагинг тўлиб кетаркан...  Яна узооқ гаплашдик, сиёсат, араб дунёсидаги урушлар, қирғинлар. «Сизлар бизнинг хатоларимизни қилманглар, динни сиёсатга айлантирманглар, ислом энг гўзал дин, Аллоҳ биздан бошқа нарсани сўрайди, урушиб, талашиб бир-бирингни ўлдир», деган жой йўқ динимизда, деди.

Ўша ҲАМАС, ИШИД четдан бостириб кирмаган, ўзимизнинг орамиздаги одамлар бўлган. Тепасида туриб, пулини тўлаб уриштирадиган ёмонларнинг гапига кириб, онги заҳарланиб, ўз миллатдошини, ўз халқини қирди улар, деди.

...Кечадан бери шу суҳбат таъсиридаман, ёзмасам бўлмади. Сухейрнинг илтимослари ижтимоий тармоқлардаги бугунги ўзбек билан ўзбекнинг,  мусулмон билан мусулмоннинг тарафкашлик қилаётганини кўриб огоҳлантиришдек қулоғимда жаранглаб турибди...

                                        Моҳира Султонованинг facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг