Тақиқланган гиёҳванд ва психотроп моддалар рўйхати кенгайтирилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 июлдаги 359-сон қарори билан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини тартибга солувчи янги низомлар тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш учун сертификат бериш, уларни республика ҳудуди орқали транзит тарзида ўтказишга рухсатнома расмийлаштириш, мамлакатнинг ушбу воситаларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, уларни йўқ қилиш ҳамда транзит йўловчиларнинг даволаниш мақсадида бундай воситаларни ташиши ва фойдаланиши тартиблари қайта белгиланди.
Шунингдек, қарор билан Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларнинг янгиланган рўйхатлари тасдиқланди. Жумладан, муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхати 265 тадан 320 тага, муомаласи чекланган психотроп моддалар турлари эса 85 тадан 93 тага кенгайтирилди.
Маълумот учун, мазкур қарор 9 та иловадан иборат бўлиб, улар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ муносабатларни комплекс тартибга солиш механизмларини ўз ичига олади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter