Ташқи ёзувлар бўйича ташаббус: жонкуярликми ёки чиройли пиар?
«Давлат тили ҳақида»ги қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаганини ҳам, мустақиллик йилларида ўзбек тилини давлат тилига айлантириш йўлида амалга оширилган қатор чора-тадбирларни ҳам халқимиз жуда яхши билади...».
Бу жумлалар кўп такрорланган, тўғрими? Айниқса, 21 октябр – Ўзбек тили байрами кунини ҳар нишонлаганимизда бот-бот эслашни яхши кўрамиз. Хўш, байрам бўлмаса ҳам нега яна эслаб қолдим давлат тили ҳақида?..
Гап шундаки, «Миллий тикланиш» партияси лидери Алишер Қодиров партия депутатлари «Ташқи ёзувлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилган. Бу ҳақда А.Қодировнинг телеграм каналига таянган ҳолда Xabar.uz маълум қилган.
«Тошкентдан бошлаб барча шаҳарларимизда ташқи ёзувлар, эълонлар, кўрсатмалар бошқа тилларда, ҳатто бошқа алифболарда ёзилаётгани ачинарли муаммо!
Ўзбекистонда барча ташқи ёзувлар, эълон, кўрсатмалар ўзбек тилида бўлиши шарт. Заруратга қараб бошқа тилларда такрорланиши мумкин. Таянч қадриятимиз сифатида ўзбек тилига муносабатимиз тубдан ўзгариши керак», – дейди Қодиров.
У, шунингдек, бу борада аввало тадбиркорлар, мулкдорлар ва бошқарув идоралари ўзбек тилига ҳурмат, қонунга итоатда намуна бўлишлари кераклигини, жамоатчилик эса бу масалада муросасиз бўлиши лозимлигини айтади.
«Уруш ҳолатида бўлишига қарамасдан, Россия думасида сўнгги ойда рус тили билан боғлиқ учинчи жиддий, мажбуриятларга тўла қонун (РФ Давлат думаси спикери Вячеслав Володин 2 январ куни «рус тилини ҳимоя қилиш, яъни «инглиз ва хорижий сўзлардан фойдаланишни сезиларли даражада чеклаш ҳақидаги қонун лойиҳаси»ни тақдим этган эди – муаллиф) қабул қилинмоқда. Бу масалада ўрнак олишимиз мумкин ва зарур деб ўйлайман», дея изоҳлайди ўз фикрини партия лидери.
Алишер Қодиров давлат тилимиз ҳимояси ҳақида тез-тез чиқиш қилиб турадиган саноқли депутатларимиздан, тилимиз куюнчакларидан бири. Тил масаласида асосан Кремл тарафидан бўладиган иддаоларга ҳам ўз вақтида жавоб йўллаши билан кўпчилик ҳурматини қозонган. Бу сафар ташқи ёзувлар – эълон ва пешлавҳалар «тили»га бўлган талабни қатъийлаштиришни мақсад қилган кўринади. Бу жонбозлигини албатта қўллаб-қувватлаймиз. Ростдан ҳам ташқи ёзувлар, эълонлар борасида тилимиз эгасиз бўлиб қолди, гўё. Аммо...
Аммо Алишер Қодиров илгари сурган лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунида мустаҳкамлаб қўйилганку!
Биламиз, «Давлат тили ҳақида»ги қонун Ўзбекистонимиз мустақилликка эришмасидан олдин – 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган. 1995 йил 21 декабрда эса, «Давлат тилини изчил жорий этиш жараёнини такомиллаштириш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига мукаммал ўтишини таъминлаш мақсадида” ушбу қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган.
«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 20-моддасида Қодиров кўтарган лойиҳа шу тарзда лўнда ифодаланган: «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.»
Хўш, бизга ёки «Миллий тикланиш» партиясига бундан ортиқ нима керак?.. Балки «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг бир қатор нормалари декларатив ва умумий характерга эга бўлганлиги сабабли кўзланган мақсадга тўла эришишнинг имкони бўлмаётгандир. Нима бўлганда ҳам қонунни ишламаётгани ёки уни ишлата олмаётганимиз сабаб эмасми ўзбек тили нуфузи пастлаётганига!
Агар Қодировни дастаклайдиган бўлсак, қонуннинг яна бошқа бир қатор моддалари бўйича ҳам алоҳида-алоҳида қонунлар ишлаб чиқишимизга мажбур бўлиб қолмаймизми? Масалан, қонуннинг 8-моддаси («Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади...») ёки 10-моддаси («Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади...») ижросига ҳам тўлиқ амал қилиняпти деб айтолмаймиз.
Партия лойиҳаси Парламентда қабул қилинадими-йўқми билмайман. Лекин қабул қилинган тақдирда ҳам ижросини таъминлаш яна муаллақ қолаверади, назаримда. Чунки Қодировнинг ўзи бу қонун ижросини айланиб ўтадиган «дарча» қолдиряпти: «Ўзбекистонда барча ташқи ёзувлар, эълон, кўрсатмалар ўзбек тилида бўлиши шарт», дейди партия лидери. Шу нуқта ўрнига ундов бўлганида ва гап тугалланганида мен бу мақолани ёзмаган бўлардим. Бироқ муаллиф фикрини давом эттиряпти, яъни («Давлат тили ҳақида»ги қонунда бўлганидек) истиснога йўл очяпти: «Заруратга қараб бошқа тилларда такрорланиши мумкин.»
Айнан шу «Заруратга қараб бошқа тилларда такрорланиши мумкин» деган жумла Қодиров истаётган қонун ижросига соя солиши мумкин. Давлат тилига панжа ортидан қарайдиганлар шу истиснони қонуннинг ўзига қарши ишлата олишади деб ўйлайман.
Фикримни юқорида мисол келтирганим мавжуд қонуннинг 8-моддаси билан тушунтиришга ҳаракат қиламан: «Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади», деб белгиланган. Бу моддадаги истисно: «Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади» жумласидир. Айрим соҳалардаги давлат идораларида ҳужжатларни давлат тилида қабул қилиш етарлича йўлга қўйилмагани айни шу истисно натижаси эмасмикан?
Давлат тили нуфузини белгилаш бўйича интернетда эълон қилинган мақолалар («Давлат тили тўғрисидаги қонунчилик: муаммо ва ечимлар» – ЎзА, 08.10.2020) орқали хориж тажрибаси билан ҳам танишиб чиқдим. Албатта, Алишер Қодиров ҳам улардан хабардор бўлса керак. Мана улар:
Францияда 1994 йилда қабул қилинган Тубон қонунида давлат ташкилотлари томонидан иш юритиш истисносиз француз тилида олиб борилиши, атамаларнинг французча муқобили турганда, бошқа тилдагисини ишлатиш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, киносаройларда фильмлар намойиши ва рекламаларда француз тили қоидаларига тўлиқ риоя қилиши белгиланган.
«Поляк тили тўғрисидаги» қонунга кўра, меҳнат муносабатларида тарафлардан бири Польша ҳудудида доимий яшовчи шахс бўлган ҳолларда иш юритиш поляк тилида олиб борилади. Яъни, мамлакатда фаолият юритадиган хорижий корхоналарда биттагина Польша фуқароси ёки Польшада доимий яшовчи шахс ишласа, бу корхонада давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилиниши керак.
2002 йил 30 сентябрда қабул қилинган «Озарбайжон Республикасида давлат тили тўғрисида»ги қонунда Озарбайжон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурлиги, озарбайжон тили мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, илмий ва маданий ҳаётининг барча жабҳаларида давлат тили сифатида қўлланилиши назарда тутилган.
Мутахассислар бунданам кўп мисолларни билиши турган гап.
Аслида Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу мавзуга узил-кесил нуқта қўйиши керак эди.
Яна янги қонун – «Ташқи ёзувлар тўғрисида»ги қонун орқали «Миллий тикланиш»чилар Ўзбек тили, Давлат тили мавқеини мустаҳкамлашни мақсад қилишган бўлишса, биз улар биланмиз. Шу орқали партия обрўсини ошириш, «биз қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, ишлаяпмиз» қабилидаги чиройли пиар бўлса... Тағин билмадим.
Усмонжон Йўлдошев,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter