Террорчилик ташкилотини тузган ўзбекистонлик Сурияда ўлим топди
Суриядаги жангларда террорчилик ташкилотларидан бирига раҳбарлик қилган Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Бобомуродов ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1972 йилда туғилган Улуғбек Бобомуродов Тошкент шаҳри Юнусобод туманида вақтинча рўйхатдан ўтган, маълумоти ўрта. 2009−2010 йилларда Термиз шаҳрида «Жиҳодчилар жамоати»ни ташкил қилган.
2011 йилда гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги ҳибсга олинган, қолганларига қидирув эълон қилинган. Бу пайтда Россияда бўлган «Термиз жамоати» аъзолари Туркияга қочиб ўтган.
2013 йил май ойида Улуғбек Бобомуродов Сурияда «Катибат ул имом ал-Бухорий» халқаро террорчилик ташкилотини тузган. Ўша йили унга нисбатан Жиноят кодексининг 244−2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган.
«Ҳозирда Бобомуродов Улуғбек Абдурасулович Суриядаги жанговар ҳаракатлар чоғида вафот этгани тўғрисида тезкор маълумотлар олинган», — дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter