Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тез ёрдам»га энг кўп чақирув тушадиган ҳудудлар учлиги маълум бўлди

«Тез ёрдам»га энг кўп чақирув тушадиган ҳудудлар учлиги маълум бўлди

Фото: Xabar.uz

2022 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатимиз бўйича «Тез ёрдам»га жами 6 миллион 245 минг 280 та чақириқ келиб тушди. Шундан 570 минг 817 нафар бемор шифохоналарга госпитализация қилинган, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

Энг кўп мурожаат Фарғона (719 341 та), Андижон (666 206 та), Тошкент вилояти (623 095 та) ва Тошкент шаҳри (622 578 та) ҳиссасига тўғри келди.

Таққослаш учун, ўтган йилнинг январь-июнь ойларида юртдошларимиздан тез тиббий ёрдам хизматига жами 5 миллион 811 минг 380 та чақириқ келиб тушган эди.

Маълумки, бугун юртимизда коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг тарқалишига йўл қўймаслик, хусусан, чақириқларни тезкор қабул қилиш ва беморларга сифатли тез ёрдам кўрсатиш мақсадида «103» хизмати бригадалари аҳолига туну кун хизмат қилмоқда.

— Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида «Тез ёрдам»га коронавирусга чалинган ва касалликка гумон қилинган беморлар бўйича 11 минг 157 та чақириқ келиб тушди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашев.

— Сўнгги ҳафталарда юртимизда касалланиш ҳолатлари ва «103» хизматига мурожаатлар сони ортиши кузатилмоқда. Шу боис айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб ихчамлаштирилган тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этиляпти. Бу эса чақирув манзилларига ўз вақтида етиб бориш ва кечикишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг