Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тиббий суғурта конституцияга киритилмоқда. Бу фуқароларга қандай фойда келтиради?

Тиббий суғурта конституцияга киритилмоқда. Бу фуқароларга қандай фойда келтиради?

Ўзбекистонда бепул тиббий хизматдан фойдаланиш учун мамлакатнинг барча аҳоли қатламига тенг ҳуқуқлар берилган. Бу конституцияда ҳам назарда тутилган. Аммо бу имтиёз ҳар доим ҳам бизни қониқтиравермаган. Тиббий хизмат бепул тақдим этилиши барча муаммоларимизни, касалликларимизни қамраб ололмаган. Текин тиббиётдан қачон тўлиқ кўнглингиз тўлган? Аниқ айта оласизми? Йўқ албатта.

Одатда давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш хизматлари биринчи навбатда профилактика, тез ёрдам кўрсатиш, бирламчи ёрдам кўрсатиш, тиббий текширувларни ўз ичига олади. Вазият жиддийроқ касалликларга бориб етганда, пулли хизматлар ишга тушади. Оғир жарроҳлик амалиётлари, онкологик касалликлар, операциялар, интенсив даволаниш талаб қиладиган бошқа турдаги касалликлар ҳақида гап кетганда катта пуллар кўз олдимизга келади. Бу яшириладиган ҳолат эмас. Бутун дунёда шунақа. Ривожланган давлатларнинг медицина нархини биз билан солиштирганда эса нархлар бир неча маротаба қимматлигини кўрганмиз.

Бугун хусусий клиникаларимизга ташриф буюрганимизда ҳам даво истаб келганларнинг гавжумлигини кўрамиз. Чунки улар ҳам яхши тушунишади: бепул тиббий хизмат билан барча касалликларни қамраб олиб бўлмайди ва даволашнинг имконияти йўқ. Айнан мана шу вақтда ҳақли савол туғилади. Ўз вақтида сўралган пулни тўлашга қурби етмайдиган аҳоли қатлами нима қилиши керак? Иложсиз вазиятдан қандай чиқиб кетади?

Табиийки, мавжуд муаммони ҳал қилишнинг энг қулай йўли — тиббий суғурта хизматининг йўлга қўйилишидир.

Хорижда тиббиётнинг нархи қимматлиги ҳақида гапирдик. Аммо одатда бу аҳоли учун ортиқча бошоғриқ туғдирмайди. Чунки барча зарур харажатлар беморнинг тиббий суғуртаси орқали, суғурта компанияси томонидан қопланади. Бемор суғурта учун тўлаган (ойма ой ёки бошқача кўринишда) пули эвазига шифохона харажатлари ҳаттоки тўлиқ (баъзида қисман) қопланиши мумкин.

Ўзбекистонда бу тизим мавжуд бўлмаган ва яқиндан бошлаб, синов тариқасида Сирдарё вилоятида синаб кўриладиган бўлди. Тизимнинг қандай натижа беришига қараб, келгусида бошқа ҳудудларда ҳам қўлланилиши назарда тутилган. Эндиликда мазкур ҳолатни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришларда ҳам тиббий суғурта тушунчасини норма сифатида киритиш кўзда тутилмоқда. Конституциянинг 40-моддаси малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини назарда тутган бўлса, эндиликда киритилажак ўзгаришларга кўра, унда тиббий суғуртанинг ҳар қандай шакллари ҳақида норма ва давлат уни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши кераклиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Истаймизми йўқми иссиқ жоннинг иситмаси, ўзига яраша касали бўлади. Бу ҳолатда ҳар ким ҳам зарур даволаниш муолажаларини молиявий жиҳатдан таъминлаш имкониятига эга бўлмайди. Ана шундай вазиятда тиббий суғурта кўмакка келади ва аҳолини сифатли тиббий муолажа олиши, операция, дори ва бошқа тиббий харажатларни қоплаб бериши мумкин бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг