Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент-ситида LVMH флагман дўконини очиш тезлаштирилади

Тошкент-ситида LVMH флагман дўконини очиш тезлаштирилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Standard Chartered", "International Hospitals Group", "LVMH", "Airbus" каби Европанинг қатор етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари форумда Европа давлатларидан иштирокчилар сонининг кўпайгани томонлар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканидан далолатлигини таъкидлади.

Европа мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ва инвестициялар портфели кўпайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Фаол маданий-гуманитар, таълим ва туризм алмашинувлари йўлга қўйилган.

"Standard Chartered" компанияси раҳбари Саиф Малик билан кичик бизнес ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, Ўзбекистон банклари томонидан янги кредит линияларини ўзлаштириш бўйича шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

“International Hospitals Group” бошқаруви раиси Честер Кинг билан клиника қуриш режалари, шунингдек, Ўзбекистондаги кўп тармоқли тиббиёт марказларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш масалалари муҳокама қилинди.

Тошкент-ситида “LVMH” флагман дўконини очишни тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ипак ва табиий хомашё ишлаб чиқарувчиларни компаниянинг таъминот занжирига киритиш имкониятлари муҳокама қилинди.

“Airbus” компаниясининг Европадаги президенти Йохан Пелисье билан суҳбатда авиация соҳасидаги шерикликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Узоқ муддатли Ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Европа компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ва мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда бундан буён ҳам иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг