Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда журналист устидан суд бошланди, Россия томон ҳам аралашди

Тошкентда журналист устидан суд бошланди, Россия томон ҳам аралашди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича судида бугун, 6 июль куни журналист Сергей Ежков устидан суд иши бошланган.

Ушбу масалага Россия давлат думаси собиқ депутати В.Рашкин ҳам қизиқиб қолган. У Россия тергов қўмитасидан ноқонуний олиб ўтилгани айтилган тилла тақинчоқлар ҳақида маълумот сўраган.

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновга туҳмат қилгани айтилган мустақил журналист Сергей Ежковга 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланиши мумкин. Лекин суд ишни кўраётган пайтда маъмурий жазо ҳам қўллаши мумкинлиги айтилмоқда. Масалан, қанчадир муддат профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш.

Ежковга Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) билан жиноий иш очилган. Журналистга нисбатан модданинг энг оғир, 3-қисми қўлланилган: оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш.

66 ёшли Сергей Ежков мақоласи бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги экспертиза хулосасини берган.

Айтилишича, Ежков айни пайтда уйда, унга нисбатан ҳозирча расмий айблов қўйилмаган. У бугунги кунда оғир кўз касаллигидан азият чекяпти, ўзи мустақил юра олмайди ва ҳеч нима ўқий олмайди.

Маълумот учун, 2021 йил журналистлар касб байрами арафасида президент фармони билан «Uzmetronom.com» веб-сайти бош муҳаррири Сергей Ежков «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Комил Алламжонов Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига ариза берган. Гап шундаки, шу йилнинг 21 февраль куни Сергей Ежков Uzmetronom.com сайтида «Бриллиантовый мальчик» сарлавҳаси остида мақола (ҳозир ўчирилган) эълон қилган. Унда Комил Алламжонов 4,2 млн. долларлик тилла тақинчоқлар Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишида шерикчиликда айбланган.

Мақоланинг асл манбасини эълон қилган Elt.uz нашри вакиллари Алламжоновдан расман узр сўраган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг