Тошкентда яратилган саккизинчи мўъжиза

1928 йил «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 23 апрель сонида «Узоқдагини яқиндан кўрамиз» сарлавҳали мақола чиқди. Уни ўқиганлар учун тасвирланган воқелик худди эртакни эслатарди. Мақолада халқ ўртасида тарқалган эртак ва афсоналардаги жараёнларни кузатувчи «ойнаи жаҳон» тўғрисида гапирилган эди.
Одамзод азалдан ўзи яшаб турган ҳудуддан олисдаги ўлкаларни кўришга ишқибоз бўлиб, асосан, савдогар, сайёҳлардан кўрган-кечирганларини эшитавериб, у ерларга бориш имкони бўлмагани боис «ойнаи жаҳон» деган кўзгуни орзу қилган. Бу орзу халқ ўртасида турли ривоятларни келтириб чиқарган. Шу асосда «Ойнаи Искандарий», «Жоми Жамшид» каби ривоятлар тарқалган. Ҳаттоки, Алишер Навоий ҳазратлари «Фарҳод ва Ширин» достонида «ойнаи жаҳон»ни шундай тасвирлаб ўтган эди:
Эмиш очиб анга чун, қўйди гоми,
Кўрунди тоқида рахшанда жоми.
Сафоу тоб аро андоқки хуршед,
Дема хуршед, балки Жоми Жамшед.
Бўлуб гети аро меҳри само ул,
Ҳамул ойинаи гетинамо ул,
Бори махфий умур изҳори анда,
Жаҳон ҳолоти равшан бор анда.
Ташида жилва айлаб маркази хок,
Ичинда лек тўққуз даври афлок.
Таши ул навъиким комил замири,
Гети андоқки, соҳибдил замири.
Яъни, Навоий ҳазратлари достонда халқ ўртасида тарқалган ривоятни бадиий тафаккури шуъласи билан ёритган. Буни қарангки, орадан асрлар ўтиб Навоий орзу қилган «ойнаи жаҳон» Тошкентда яратилди...
Тасвирни узатиш бўйича кўплаб лойиҳалар турли давлатларда кенг тарқалган эди. Бундан келиб чиқиб тадқиқотчи Б.В.Розинг телевидениега назарий жиҳатдан асос солган ва ТВнинг истиқболини шундай башорат қилган эди: «Шундай давр келадики, ўшанда электр телескопия кенг тарқалиб, ҳозирги телефон сингари ҳаётий заруратга айланади. Миллионлаб шундай асбоб – «электр кўзлар» ижтимоий ва шахсий ҳаётда, фан, техника, саноат, тиббиёт ва қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсата бошлайди».
Дарҳақиқат, шундай бўлди: 1928 йилнинг баҳорида тошкентлик Борис Павлович Грабовский (1901–1966) ҳамда Иван Филиппович Белянский (1907–1978) ҳамкорликда Ўрта Осиё алоқа округининг Тошкентдаги тажриба синаш станциясида ишлаб, электротехникага оид тажрибалар ўтказишади. Бу тажрибалар натижасида улар ҳаракатдаги тасвирни электрон нур ёрдамида бир жойдан бошқа жойга узатадиган ва қабул қиладиган «радиотелефот» аппарати яратишди ва лаборатория шароитида ишлаб чиқишди.
Бу ҳақда биз юқорида қайд этган газета сонида шундай ёзилган: «Б.П.Грабовский ва И.Ф.Белянский минг чақирим узоқдаги нарсаларни кўрсатадиган аппаратни ихтиро қилдилар. Яна шу аппарат воситаси билан ер тагини ярим чақиримгача кўриш мумкин. У қишлоқ рўзғори ва алоқа ишига ҳам жуда қулай. Бутун мамлакат шаҳарларидан Нижний ва Тошкентда бу тўғрида тажриба қилинмоқда. Аппарат Тошкентдаги тажриба станциясида ишлатилди. Шанба куни округ алоқа идорасида ихтиро тўғрисида маъруза бўлиб ўтди».
Ўша йилнинг 26 июлида Тошкентда синов муваффақиятли ўтказилди. Профессор Н.Н.Златовратский раислигидаги комиссия аъзолари ҳам синов пайтида ҳайратга тушишди. Чунки аппарат электрон токка уланган пайтда мўъжазгина экранда И.Белянскийнинг юриб турган ҳолати, бош кийимини бир неча маротаба кийиб-ечгани кўриниб турарди.
Орадан бир ҳафтача ўтиб, Тошкентнинг Янги шаҳар қисмидаги кўчалардан бирида ўша аппарат ўрнатилган ҳолда, оддий одамларнинг кўз ўнгида ҳам синовдан ўтказилди. Бунда узатувчи ва қабул қилувчи аппаратлар тайёр бўлгач, улар ишга солинди. Мазкур тасвирда кўчадан ўтиб бораётган кишиларнинг, трамвай вагонларининг қиёфаси 35–45 метр масофадан туриб кўринди.
Шу тариқа олимлар ва кенг жамоатчилик томонидан синовдан ўтгач, ҳозирги ТВга асос солган Иван Филиппович Белянский ва Борис Павлович Грабовскийларга 5592 ва 16733-рақамли ихтирочи деган патент топширилади. 1965 йилда ҳар иккала ТВ асосчисига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи деган унвон берилади.
Уларнинг дунёда «саккизинчи мўъжиза» дегулик бу ихтиролари халқаро миқёсда эътироф этилди ва ЮНЕСКОда шахсий фондлари очилди.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter