Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги сўлим «оролча»га ҳужум бўлмоқда (фото)

Тошкентдаги сўлим «оролча»га ҳужум бўлмоқда (фото)

Фото: Шоҳира Ҳамро

Тележурналист Шоҳира Ҳамро бугунги кунда кенг муҳокамада бўлиб турган бузилишлар, эътибордан четдаги Астрономия институти ҳудуди масаласида ўз фикрини билдириб ўтди.

«Астрономия институти ҳудудида 20 та хонадон бор. Институт ҳудудида Ўзбекистон Астрономия фани ривожига жуда улкан ҳисса қўшган академиклар, профессорлар, фан докторлари, ўқимишли-зиёли инсонлар ва уларнинг фарзандлари бир асрдан бери яшаб келишади. Яқин вақтларга қадар бу шаҳар ўртасидаги кичкина жаннатмисол «оролча»да чеккадан келиб яшаётган «бегона» йўқ эди. Ҳудудда фақат Астрономия илмий-текшириш институти ходимларига берилган уйлар бор эди. Чунки, ўз вақтида 1941-1945 йилларда бутун собиқ Совет Иттифоқига «Отдел время» орқали энг тўғри вақтни бериб турган институтга Москвадаги Пульково институти кўчирилган, Тошкентнинг энг баланд нуқтасида жойлашган бу ҳудуддан туриб осмон жисмларини, юлдузларни, коинотни кузатиш имкони бор эди. Ўша вақтлари Тошкент осмони ҳақиқатдан, сарказмларсиз «мусаффо» бўлиб, олимларга ана шу имконни берган экан. Бу боғда 20 дан ортиқ телескоплар жойлаштирилган эди. Ҳозирда уларнинг фақат биттаси қолган ва у ҳам асосан мактаб ўқувчилари учун экскурцияда экспонат сифатида ишлатилади. Қолганлари сотиб юборилди, талон-торож қилинди.

Ҳудудда ўша вақтлари бирорта дарахт кесиш, икки қаватли уйлар қуриш, табиатига зарар етказишга рухсат этилмасди. Чунки, илмий кузатувлар учун табиатнинг ҳолати ҳам муҳим экан. Энди эса 100 йиллик, рақамлаб, давлат ҳисобида турган чинор, ёнғоқ дарахтлари кесиб, олиб кетилди. Астрономик кузатувлар тунда олиб борилгани сабабли, институт ўз илмий ходимларига шароит яратиш, ишни тўғри ташкил этиш учун ўз ҳудудидаги биноларни яшаш учун ажратган ўша замонларда. Кейинчалик, хусусийлаштиришга ҳам рухсат берган.

Бузилишдан аввал.
Бузилиш ишлари бошлангач.

Бугун эса бу ерда «Астрономия ва аэронавтика» боғи қурилиши баҳонасида, инвесторга 49 йилга ижарага берилган ҳудудда тураржой бинолари қуришга киришишди. Президентга боғ учун лойиҳа тақдим этиб, имзолатиб, бугун ўша режага ўзгартиришлар киритиб, уй-жой қурилиши бошланиш арафасида. Лекин уйларимиз бузилиши ҳақида 2017 йил мартида олган хабар билан, биз ҳалигача чанг-тўзон, қум-тупроқ, булдозеру-экскаваторлар орасида қолиб, яшаб юрибмиз. Астрономия ва аэронавтика боғи керак экану, шу фаннинг Ўзбекистонда бор бўлиши учун умрини, бор орзу-умидларини шу фанга тикканлар ва уларнинг оилалари ҳеч кимга керак эмас экан. Менинг турмуш ўртоғим астроном. У Халқаро «Ирис» лойиҳасида, Кумбель кузатув ишларида илмий тадқиқотлар олиб борган. Ҳам ўша ерда, ҳам янги база ва телескоп қурилиш ишларида ишлаган ўз вақтида. Бугунга келиб нима бўлаяпти? Ҳамма (инвестор, ҳокимият) бизни эшитмаяпти, кўрмаяпти, сезмаяпти. Ярми, Президент келиб очиб берадиган институт биноси, қолгани мўмай пул олиб келадиган турар жой қуриш билан овора.

Кичик маълумот, бу ерларнинг 1 сотихи 30 минг доллар атрофида баҳоланади, кўчанинг нариги бетидаги янги қурилишдаги уйларнинг 1 кв.метри 2.200 доллардан сотилмоқда. Институт ёпиқ ҳудуд, 6 ой озодликдан маҳрум қилинганлар билан ҳам яшадик. Арзон ёки текин ишчи кучи сифатида аҳоли яшайдиган ҳудудда бундай ғайриқонуний ишларни қилишга ҳам истиҳола қилишмади инвесторлар.

Бузилишга тушган ҳовли

Хуллас, гапирса гап кўп, гапирмаса...

Бу боғга биринчи марта ҳужум бўлаётгани йўқ. 2009 йилда ҳам бир гуруҳ «казо-казолар» бу ерни бўлиб олиб, уй-жой қилишмоқчи бўлишган эди. Лекин ҳурматли устозимиз, раҳматли Озод Шарофитдинов «Халқ мулки дахлсиз» деган катта бир таҳлилий-танқидий мақола ёзиб, «Халқ сўзи» газетасида чоп эттирганларидан кейин, бир кунда ҳамма иш тўхтатилган эди. Бугун шу инсон орамизда йўқликларидан ўксинаман. Зиёлиларимиз орасида бир оғиз сўзи билан ҳақиқатни тиклай оладиган шахслар керак экан деб ўйлаб қоламан», дейди журналист Шоҳира Ҳамро.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг