Туркманистон ТАПҲ газ қувури қурилишида Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ТАПҲ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) газ қувури қурилишида маънавий ва моддий ёрдам сўрамоқчи. Бу ҳақда ҳукуматдаги манба маълум қилди.
Маълумки, Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари, тадбиркорлар, маданият ходимларидан иборат делегация Ўзбекистонга сафар қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
Манбанинг хабар қилишича, иккитомонлама музокоралар мобайнида Бердимуҳамедов ўзбекистонлик ҳамкасбидан ТАПҲ қурилиши учун кредит сўрамоқчи ва бу лойиҳани қўллаб-қувватлашини илтимос қилмоқчи.
Маълумот учун айтиш керакки, «Интерфакс» агентлигининг 26 декабрь куни маълум қилишича, Бердимуҳамедов Мирзиёевга мурожаат қилишидан аввал худди шу каби таклиф билан россиялик ҳамкасби Владимир Путинга мурожаат қилган. Бироқ Путин бу лойиҳага гумон билан қарашини айтган ва «бу турдаги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишини кўриб чиқишимиз керак» деган.
Туркманистон давлат ахборот агентлиги томонидан февраль ойи ўрталарида тарқатилган хабарга қараганда, Бердимуҳамедов шунингдек ТАПҲ қурилиши лойиҳасига турк компанияларини жалб қилиш борасида маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Маълумки, газ қувури қурилишига сарфланадиган харажатларнинг 85 фоизини Туркманистон ўз зиммасига олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter