Виртуал платформалар психотроп моддалар савдоси маконига айланмоқда(ми)?

Эслатиш жоиз бўлса, ўтган йили Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар истеъмолининг олдини олишга қаратилган жамоатчилик эшитуви ўтказилган эди. Йиғилишда тобора глобал муаммо сифатида долзарблашиб бораётган ёшлар, хусусан, ўсмирлар ўртасида гиёҳванд, психотроп фаол моддалар истеъмоли ва савдоси, ғараз ниятли, нопок кимсаларнинг бундай қабиҳ ишларга ёшларни жалб қилиш ёки улардан фойдаланаётгани масалалари, бунинг олдини олиш чоралари атрофлича муҳокама қилинган.
БМТ маълумотларига кўра, 12-15 ёшдаги болаларнинг 25 фоиздан ортиғи гиёҳванд (психологик фаол ёки синтетик) моддаларни татиб кўрган ёки истеъмол қилиш тажрибасига эга.
Баъзи мамлакатларда ўғил болаларнинг 56 фоизи ва қизларнинг 20 фоизи гиёҳвандлик воситалари ёки токсикомания моддаларини ҳеч бўлмаганда бир марта татиб кўрган, шунингдек, ўғил болаларнинг 45 фоизи ва қизларнинг 18 фоизи уларни истеъмол қилишда давом этмоқда.
Манбаларга кўра, республикамизда «Тропикамид», «Прегабалин» («Лирика», «Регапен» ва «Липре»), «Залеплон» («Селофен») каби кучли таъсир қилувчи препаратлар ва таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган «Трамадол» дори воситалари савдоси ва истеъмоли тарқалгани қайд этилган эди.
Қайд этиш керакки, бугун онлайн савдо ривожланган ҳолда, иқтисодий фаоллик янги босқичга чиқиб, рақамли бозорнинг кенгайишига кучли туртки бермоқда. Шунинг учун ҳам аксарият савдо-сотиқ интернет орқали амалга оширилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, кўча-кўйда, таълим муассасалари ва дорихоналарда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний савдо-сотиғи ҳам интернет, шу жумладан, ижтимоий тармоқларга кўчди. Тўғрироғи, онлайн платформалар бу борадаги ноқонуний савдо учун қулай ахборот майдонига айланиб бормоқда.
Амалдаги қатор қонун ҳужжатларига кўра, мамлакатимизда психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш тақиқланган. Шундай бўлса-да, бугунги кунда интернет тармоғида бундай маълумотларга деярли ҳар куни дуч келамиз. Энг ачинарлиси, мониторинг жараёни ушбу турдаги тақиқланган ахборотларни тарқатиш йилдан-йилга кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.
2023 йили Telegram мессенжери ва ижтимоий тармоқларда наркотиклар, психотроп моддалар ва прекурсорлар рекламаси/тарқатиш билан боғлиқ ҳолатлар 200 дан ошмаган бўлса-да, 2024 йил якунларига келиб бу кўрсаткич 18 393 тани ташкил этган.
Жамоатчилик ҳам ушбу муаммога бефарқ эмас. Мисол учун, АОКА ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Telegram мессенжерида очилган @stopnarko_botга фойдаланувчилардан 2024 йил мобайнида 2 484 та фотоли, 128 та видеоли, 54 та файлли, 4 та аудиоли, 829 та линкли, 17 та овозли, 13 та GIFли хабарномалар келиб тушган.
Ўз навбатида, ички ишлар органлари бу борада аниқланган ҳолатларни қонун доирасида кўриб чиқиб, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш, АОКА эса ижтимоий тармоқлар маъмуриятлари билан ҳамкорликда онлайн платформалар ва саҳифалар орқали ноқонуний контентнинг тарқатилишини чеклаш чораларини кўрмоқда.
Юқоридаги рақамлар эса мазкур йўналишдаги ишларимизни янада кучайтиришни тақазо этмоқда. Бунинг учун, энг аввало, ҳуқуқий асосни мустаҳкамлашимиз, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишимиз керак. Чунки «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинганига ҳам салкам етти йил бўлди. Ўтган давр мобайнида интернет ва ижтимоий тармоқлар, умуман, рақамлаштириш соҳаси сезиларли ривожланди. Хулоса шуки, қонунчиликка ҳам мос равишда янгиланиш ва ўзгартиришлар киритиш замон талабидир.
Маъмуржон Парпиев,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter