Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Хонлар ўйини»: ярим кунлик ҳукмдор

«Хонлар ўйини»: ярим кунлик ҳукмдор

Давлат ҳукмдорлари теварагидаги ёки унга қарши бўлган гуруҳдагилар томонидан амалга оширилган тўнтаришлар нафақат қувғинга учраган арбоб ҳаётини, балки бутун бошли халқ ҳаётини ҳам издан чиқаргани, миллатни ҳалокат ёқасига олиб боргани тарихда ўз исботини топган...

1695 йилдаги Жўжихон ҳукмдорлиги замонидан токи Абулғозихон V ҳукмронлиги даври – 1806 йилгача бўлган вақт ичида сарой ўйинлари шу даражада авж олдики, Хива хонлари тахтида 37 нафар хон ҳукм юритди. Уларнинг баъзилари 5-6 йил, айримлари 1-2 йил, бошқа бировлари эса 2-3 ой тахтда ўтирди. Масалан, бир хоннинг ҳукмронлиги зўрға ярим кунга етган. Шу боис XVII аср охирларидан XIX аср бошигача бўлган давр тарихда «хонлар ўйини» номи билан аталади.

Дастлаб 1557 йилда Дўстхон Бўғчахон Хивада илк бор тахтга ўтириб, ҳукмронлигини бошлади. У пойтахтни муқим Хива деб белгилаган бўлса-да, «хонлар ўйини» даврига келиб, икки, ҳатто, учта ҳокимиятчилик авж олди. Яъни расмий хон Хивада кўтарилган бўлса-да, унга қарши Гурлан, Ҳазорасп бекликларида, Оролбўйида ҳам амалдаги хонга мухолиф бўлганлар ўзларини хон деб эълон қилаверган.

Маълумки, хон(қаон) қадимги туркий ҳукмдор, подшо маъносини англатган. Хон сайлаш маросими ҳақида 1846 йилда хивага келган рус сайёҳи Г.Данилевский хотиралар ёзиб қолдирган. Унга кўра, «хон сайлаш» маросими оддий халқдан пинҳона, кечаси бир ҳовуч сарой амалдорлари ва хоннинг қариндошлари томонидан амалга оширилган.

Табиийки, хон ўзини сайлаган амалдор ва қавмлардан миннатдор бўлиб, уларга катта моддий ва сиёсий эркинлик бериб қўйган. Уни сайлаш маросимига саноқли одамлар қатнашган ва бундай амалдорларнинг «олий кенгаш»ида шайхулислом, девонбеги, нақиб, қози, мутавалли, парвоначи кабилар бўлган. Энг аввало, хон қилиб сайланадиган кишини ечинтириб, бошдан-оёқ янги либос кийгизганлар. Кейин кигизларга ўтирғизиб, уч марта ҳавога ирғитиб, «хон, хон, хон» деб нидо қилганлар.

Хива хонлиги тарихида Муҳаммад Оқатайхон 47 йил, Араб Муҳаммадхон 19 йил (1602 – 1621), Исфандиёр ибн Арабхон 19 (1623 – 1642), Абулғози 20 (1643 – 1663), Анушахон (1663 – 1689), Муҳаммад Раҳимхон I 20 йил, Оллоқулихон 18 (1825 – 1842) ва Муҳаммад Раҳимхон II – Феруз 47 йил (1863 – 1910) ҳукмронлик қилиб, тахтда энг кўп ўтирган.

Қолган хонлар эса, аслзодалардан бўлгани боис, хон қилиб кўтарилиб, лаёқати бўлмагани туфайли баъзилари ўзи истеъфо берган. Айримлари ҳатто қочиб кетган. Баъзи ҳукмдорлар номигагина хон бўлиб, амалда давлатни ўзгалар бошқарган.

Мусохон, Баҳодирхонлар қочиб кетишга мажбур бўлишган. Саройдаги вазият шуни талаб қилар, акс ҳолда уларни ўлим кутарди. Қочган хонларнинг ушлангани, ўлдирилганлари ҳам бор. Мусохон 1797 йили тахтни ташлаб қочиб кетган эди. Уни Аваз Меҳтар Марвда тутиб, бошини танасидан жудо қилади ва жасадини Хивага олиб келади.

1740 йили тахтга ўтирган Абухайрхон исмли ҳукмдор эса 6 кунгина хон бўлишга чидаб берди. Кейин, Эрон шоҳи Нодирнинг ёнига кетдим деб, аслида ўзи қозоқ бўлгани боис даштга қараб қочади.

 Арангхон Анушашоҳ ўғли даврида (1691 – 1695) манғитлар ва Амир Саййид Инокнинг ўғли Одина Муҳаммад бошчилигидаги Орол қўнғиротлари Хивадан ажралиб чиқадилар. Гарчи Одина Муҳаммад хон билан муросага келган бўлса-да, кейинги даврларда Орол ўзбеклари тез-тез Хива хонларига қарши чиқиб турган. Жумладан, Шерғозихон даврида (1714 – 1726) хон билан келишмаган Орол ўзбеклари Бухородан Мусохоннинг ўғли Шоҳ Темурни келтириб, хон қилиб кўтарадилар. Натижада Хива хонига қарши кечган жангларда Вазир, Гурлан, Шоҳобод, Боғолон, Уйғур, Хонқа, Ҳазораспни босиб оладилар.

Кейинги даврларда ўзаро ички низолар боис хонлар алмашуви натижасида давлат ичида ва ташқарисида урушлар бўлиб турди. Баъзида хонликнинг гоҳ у-гоҳ бу ҳудудларидаги баъзи воқеалар ҳам давлат миқёсига чиқиб, хонлар тақдирига таъсир қилган. Жумладан, 1725 йилда Ғойибхон Баҳодир ўғли хонлик қилган пайтда Кўчак бин Муҳаммад Иноқ маст бўлиб, Гурланда бир бева хотиннинг номусига қўл чўзади. Натижада хотин Шайх Жалил тоғи атрофларида шикорда юрган хонга арз қилади. Хон шаҳарга қайтиб келгач, Кўчакни ходимлари билан зиндонга ташлайди. Бу пайтда манғит ўзбекларидан бўлган Хўрозбек (у Абулғозий сонийни ўлдиргач, Ғойибхонни хон қилиб кўтарган, амалда ўзи хон, Ғойибхон эса қўғирчоқ ҳукмдор эди) Манғитнинг эгасиз ерларини обод қилиш мақсадида ариқ қаздириб юрганди. Кўчакхон воқеасини эшитгач у қалъага келиб, зиндондагиларни озод қилади. Ғойибхонни эса нолойиқ сўзлар билан сўкади. Эртаси куни Ғойибхон арқда кўринишхонага келган Хўрозбекни ўлдиртиради.

Ушбу воқеани ўз асари – «Таворихи ал Хоний»да ёзган Аҳмаджон Табибий (1871 – 1912) кейинги даврларда Гурланда юз берган хон кўтарилишларини ҳам қаламга олади. Мазкур асарни ўқиш орқали шунга амин бўламизки, Гурланда ҳам кигизда хон қилиб кўтарилган кишилар бўлган. Жумладан, 1756 йилда Хивада тўрт ой хонлик қилган Қорабойхон тахтдан ағдарилиб, қозоқлар ичига юборилган. Унинг қорақалпоқ хони бўлган Бобур исмли оғасини Қорабойхон даврида қорақалпоқлар Гурлан ўзбекларига келтириб берганлар. Гурлан умаролари уни қатл этадилар.

 Шундан кейин хонлик тахтига ўз одамини чиқариш учун хиваликлар бир тараф, Орол, Гурлан, Урганч ва Аму соҳили халқлари иккинчи тараф бўлади. Ниҳоят ҳар иккала томон Бухоро хони Раҳимхон Ҳаким оталиқ ўғли ёнига ўз вакилларини жўнатади. Хон уларни яраштириб, ўртада Темурғозихонни хон қилиб юборади. Ҳар иккала тараф иттифоқ бўлиб, уни Хивада хон қилиб кўтарадилар. Бироқ хон ёнидан муҳим ўрин тутувчи мансабларни тақсимлашда низо чиқиб, қўзғолон келиб чиқади. Темурғозихон қўзғолонни бостиргач, низо етакчилари Бухорога қочиб кетадилар. Бир йилдан кейин эса улар Хоразмга янги қўшин билан келиб, Уйғур ва Гурланни босиб оладилар.

 Шу тарзда яна йиллар давомида уруш ва хон алмашинувлари даври бўлиб турган. 1770 йилда Хивада Оқимхон хон қилиб кўтарилади. Бироқ сарой ичкарисидаги низолар натижасида бир йилдан кейин у тахтдан ағдарилади. Ортиқғозихон даврида эса Кўчак иноқ Ибн Муҳаммад Қорақалпоқ тўраларидан Абдулла Султонни Гурланда хон қилиб кўтаради. Хивада давлат ҳукмдори бўлишига қарамай Гурланда хон кўтарган мухолифлари билан урушда енгилган Ортиқғозихон тахтдан туширилиб, Бухорога юборилади. Давлат ҳукмдори эса Гурланда кўтарилган хон Абдуллахон бўлади. Бироқ низолар авж олади. Умаролар Оқимхонни Гурланда беш ой хон қилиб кўтарадилар. Вазир ҳокимлари Иноққа бўйсуниб, Фозилбек ва Раҳим оталиқни бир бўлак йиғин билан чақириб, Вазирни топширадилар. Муҳаммад Амин иноқ эса лашкари билан Гурланни қамал қилади. Қамалдагилар ноилож ҳолда ярашадилар. Гурланда беш ой хонлик қилган Оқимхон Хивада хон бўлади. Бу пайтда Гурланда Бобобек қолган эди. Ваисқули Девон ўзини иноқ деб эълон қилгач, Гурланга келиб, Бобобек билан иттифоқдош бўлади. Урушлар натижасида бир йилдан кейин Оқимхон тахтдан туширилади.

1733 йили қорақалпоқ тўраларидан бўлган Ёдгорхон тахтга чиқади. Бобобек Гурландан Питнакка қочиб кетади. Аммо бу билан тахт талашишлар ва ўзаро урушлар тўхтаб қолмади. Балки яна узоқ йиллар сиёсий низолар авж олиб турди.

1769-1970 йиллардаги Жаҳонгирхон даврида воҳада хонлар ўйини боис очарчилик бўлиб, баъзи уруғларда, ҳатто пойтахтда, Табибийнинг «Таворих-и-хоний» асарида ёзилишича, ит ва мушуклар ҳам ейилган. Болаларини очликдан сақлаб қолиш учун қозоқларга қўй-молга алмашган фуқаролар ҳам бўлган. Бунинг устига, вабо тарқалиб, аҳоли ҳар тарафга кўчиб кета бошлаган. Муниснинг ёзишича, Хивада 40 уйлик фуқаро қолган бўлиб, жума намозини ўқиш учун кўпи билан 3-4 киши келган экан.

Эътиборлиси шундаки, 1726 йил ёзида Шерғозихон вафотидан сўнг қозоқ подшоҳи Абулхайрхоннинг инисини келтириб, хон қилиб кўтарадилар. Ўша куни жума бўлиб, эрталаб тахтга чиққан ҳукмдор пешин намозига боришда отдан йиқилиб ўлади. Яъни ёш хонни ўргатилмаган асов отга миндириб, «йиқилиши»ни махсус уюштиришган эди. Хоннинг сариқ айғир оти баъзи фитначи амалдорлар томонидан олдиндан шунга режалаштирилган. Шу боис, солномачилар ярим кунлик ҳукмдорни «Сари Айғир хон» деб тарихга киритганлар.

 Умуман, Хива хонлиги тахтида ўтирган хонлар сарой ўйинлари, фисқу фасодлари туфайли тахтдан қувилган, ағдарилган. Бошқача айтганда, тахтга ўтириш насиб этган ҳар уч хоннинг иккитаси ўз ажали билан ўлмай, балки тахт учун курашлар қурбонига айланган, фитначилар томонидан ўлдирилган ёки жангларда ҳалок бўлган.

Бундай сарой ўйинлари оқибатида барча жабру жафо халқ бошига тушиб, миллат истиқболдан, ватан тараққиётдан ортда қолиб кетган. Булар мозийнинг энг кир, қора кунларидир.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг