Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хорижда қилинадиган қиммат ва мураккаб юрак жарроҳлиги Навоийда бепул ўтказилди

Хорижда қилинадиган қиммат ва мураккаб юрак жарроҳлиги Навоийда бепул ўтказилди

Фото: «Xabar.uz»

Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан воҳада биринчи бор юрагида туғма нуқсони бўлган болалар ва ёшларда бепул мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»нинг Навоийдаги мухбири хабар берди.

Марказда икки кун давомида 4 нафар бемор АИК — сунъий қон айлантириш аппарати ёрдамида операция қилинди. Ушбу жиҳоз Германиянинг «Сорин» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, бутун дунё тиббиёти мураккаб юрак жаррроҳлик амалиётида ана ундан фойдаланади. У муассасага маҳаллий бюджетдан орттирилган маблағлар ҳисобидан олиб берилган.

— Ҳозирча фақат кам таъминланган ва узоқ йиллардан буён шу касаллик бўйича рўйхатда турган оила фарзандларининг жарроҳлик амалиётларини ўтказдик, — дейди марказ бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди М.Аҳмедов. — Чунки бундай операцияларни амалга ошириш учун жуда катта маблағ талаб этилади.  Янги технологиянинг афзаллиги у маълум муддат юракнинг функциясини бевосита ўзи бажариш имконига эга. Бу эса жарроҳларга амалиёт жараёнида қулайлик яратади. 2009 йилдан буён фақат пойтахтдаги клиникаларда бундай ускуна мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда Наманган, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида унинг ёрдамида мураккаб операциялар ўтказилмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Қизилтепа туманининг «Ванғози» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 6 ёшли Асилбек Шомуродов ҳам туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Операциядан кейин у ҳам рўйхатдан чиқиб, тенгдошларидай тўрт мучаси соғ болалар сафидан жой олди.

Маълумотларга кўра, республикамизда йилига 2,5 – 3 минг нафар бола юрак нуқсони билан дунёга келади. Аммо пойтахт клиникаларида бир йилда шулардан 600 нафаринигина операция қилиш имкони мавжуд.

Навоий вилоятида 200 нафардан зиёд бола туғма юрак нуқсони бўйича рўйхатда туради. Бу беморларга ўз вақтида ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатилса, уларни ҳаётга қайтариш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг