Хотин-қизлар қўмитаси бозордаги уйсиз онахонга ёрдам берди
Хотин-қизлар қўмитаси бозорда тиланчилик қилиб, кечалари ўша ерда тунаётган бир аёлга ёрдам кўрсатган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ижтимоий тармоқларда 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси “Абу-Сахий” бозори атрофида уйсиз қолган кекса ёшдаги онахон кўчада ётиб кун кечираётгани ҳақида видеохабар тарқалган эди.
Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари видеохабардаги воқеани ўрганишган. Маълум бўлишича, ўзини аввалига Фарғона вилоятидан, исми-шарифини Шамсиева Клара Тажибаевна деб таништирган, Фарғонада қариндошлари, каттагина участкаси бор эканини айтган бу аёл аслида Тошкент вилоятининг Паркент туманидан Тожибоева Маҳмуда Тошканбоевна бўлиб чиққан.
М.Тожибоева 8 август куни Чилонзор тумани маъмурий судининг қарорига биноан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Реабилитация марказига жойлаштирилган. Бу муддат тугагач, яна бозорларда тиланчилик қилиб, тунлари шу ерларда ётиб юрган.
М.Тожибоева Хотин-қизлар қўмитасининг Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази қошидаги Тошкент шаҳар реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирилган. Бу ерда унга янги кийим-бош, овқат берилган, психолог ва тиббиёт ходимлари қаровига олинган.
Бир неча соат давом этган қидирув ишларидан сўнг аёлнинг яқинлари топилган. Кечки соат 20 лар атрофида бу аёл қариндош-уруғлари бағрида Паркент туманига кузатиб қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter