Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти Германия Бундестаги вакиллари билан учрашди

18 июнь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева Германия Бундестаги вакилларини қабул қилди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.
Учрашув давомида Ўзбекистонда аёлларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик борасидаги фаолиятига янада рағбат бериш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар билан ишларни йўлга қўйиш борасидаги тажриба ҳақида фикрлар билдирилди.

Шунингдек, аёлларнинг иқтисодий манфаатларининг таъминланишида ижтимоий ҳамкорлик муҳим ўрин тутаётганлиги, яъни ушбу масалада барча давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари бирликда фаолият олиб бораётганлиги таъкидланди. Бу эса, ўз навбатида аёлларнинг бандлигини таъминлаш ва улар орасида ҳуқуқбузарликнинг кескин камайишига ижобий таъсир қилаётганлиги эътироф этилди.
Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланишида Қўмита томонидан амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар хусусида ҳам фикрлар билдирилди.
Танзила Нарбаева томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳамда Германия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик янги поғонага кўтарилганлиги алоҳида тўҳталиб ўтилиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро тажриба алмашинуви ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаолиятни янги поғонага олиб чиқишида муҳим ўрин эгаллаётганлиги айтиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter