Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Худди шундай, жаноб прокурор»

«Худди шундай, жаноб прокурор»

«Ҳовли олма − қўшни ол» деган гапни айтган кишининг отасига раҳмат, онасига қуллуқ. Нега дейсизми?

Тўқсонинчи йилларнинг бошида Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Дархон мавзесида турардик. Олти қаватли «московча» уйлар. Қўшнилар ҳам шунга яраша – вазир, вазир ўринбосари, прокурор, судья, юқори лавозимли ҳарбий, энди-энди қулоч ёзаётган янги нимжон бойлар. Қўшничилик билинар-билинмас даражада. Кўпчилик ўзи билан ўзи овора. Кирди-чиқди қилиш йўқ ҳисоби.

Баҳорда ҳовлини тозалаш учун ҳашар уюштирган эдик, элликдан ортиқ уйдан атиги уч-тўрт киши пастга тушди. Бир-иккита хонадон эгалари, вақтлари бўлмаган чоғи, мардикор ёллашибди.

Ҳа, майли, шунисига ҳам шукур, деб ҳовлини тозаладик, сув йўлларини очдик, дарахтлар тагини юмшатиб, шакл бердик. Кўрган кишининг баҳри-дили очиладиган ҳовли бўлди. Аммо...

Орадан уч-тўрт кун ўтиб-ўтмай, биз тозалаган жойлар яна ифлослана бошлади. Кимдир чиқинди тўла пакетни балкондан отганми, сочилиб ётибди. Ичида бўш консерва идишлари, конфет, сигарета, колбаса, балиқ тузламаси, қора-қизил увулдириқ, яна бошқа – оддий одамларнинг шу чоққача кўзи ҳам тушмаган қимматбаҳо егулик-ичкиликларнинг қолдиқлари. Яна нон бўлаклари денг.

Ким шундай қилиши мумкин? Ўзимча журналист текшируви ўтказдим. Олти қаватли уйнинг ҳар қаватида иккитадан хонадон бор. Биринчи қават – йўқ, бу қўшнилар бундай қилишмайди. Иккинчи қаватда ўзимиз турамиз, қўшнимиз бир-икки ойдан бери бу уйига келмайди. Учинчи қаватдагиларга ҳам шубҳа йўқ...

Аста кўтарила бошладим. Ўзбекистонга тартиб ўрнатиш учун келган десантчи прокурор яшайдиган хонадонга тўхтадим. «Ҳа, шу оиланинг иши. Домда «Марлборо» сигаретасини шу «тартибчи»дан бошқа ҳеч ким чекмайди. Қиммат конфетлар, колбасалар шундайларнинг дастурхонида бор».

Хулосам аниқлигига ишонч ҳосил қилгач, сочилиб ётган ахлатни пакетга жойлаб, юқорига кўтарилдим ва эшик қўнғироғини босдим. Пакетни менга ёвсираб қараб турган хизматкор аёлнинг қўлига бериб, орқамга қайтдим...

Эртасига эрталаб прокурор Гайданов билан ҳовлида хизмат машиналаримизга ўтираётиб учрашиб қолдик. У менга ўдағайлаб, прокуророна пўписа қилди, «Менинг уйим сенга мусурхонами?» деди.

Мен ҳарбийчасига «Худди шундай, жаноб прокурор», деб баттар жазава қўзғадим. Яна бир-икки жумладан кейин попуги ўз-ўзидан пасайди. Чунки... қўлидаги сигарета уни аллақачон фош қилиб бўлган эди.

Аҳмаджон Мелибоев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг