Ерни «текин»га бермаган архитектор ва раққосадан «соққа» талаб қилган «участковой»...

Коррупция — жамият ҳаётига хавф туғдирувчи иллатлардан бири. Бу иллат ҳар қандай давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига путур етказади: аввало, маънавиятини емириб, қадриятларни поймол этса, иккинчидан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф — коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида аниқ чоралар кўрилди. Хусусан, коррупция жиноятини содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
Бу — кичкина рақам эмас!
Коррупцияга қарши курашишнинг самарали, таъсирчан йўллари борми ўзи, деган савол туғилиши турган гап. Ушбу саволга «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда аниқ жавоб берилган. Мазкур қонунга «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш» номли алоҳида боб киритилгани бежиз эмас. Демакки, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширмасдан туриб, бу иллатга қарши курашиш самарадорлигини таъминлашнинг асло иложи йўқ. Гап фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тўғрисида бораётган экан, эндиликда ушбу хавфли иллатга нисбатан аҳолида муросасизлик кайфияти пайдо бўлаётганини алоҳида таъкидлаш керак.
Фикримизни бир-иккита мисоллар билан давом эттирамиз.
М.Раҳматова (исм-фамилиялар ўзгартирилди) Пастдарғом тумани «Камолот» маҳалласида барпо этилган намунали уй-жой биноларидан бирида яшайди. Уйининг орқа томонида бир ярим сотихдан ортиқча — туман ҳокимлиги захираси ҳисобида турувчи ер бор. М.Раҳматова ана шу ер майдонини ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш мақсадида ўзига ажратиб беришни сўраб, 2015 йилда туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Унинг аризаси ижро учун туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи И.Шониёзовга ўтказилади.
М.Раҳматова аризасининг натижасини билиш мақсадида И.Шониёзовни қидириб бир неча марта у ишлаётган идорага борган бўлса-да, уни учратолмаган. Шунда бўлимда ишловчилардан бири М.Раҳматовага у сўраётган ер майдонига талабгорлар кўплигини айтиб, «гаплашиш» кераклигига ишора қилади.
Мурожаати эътиборсиз тургани бесабаб эмаслигини англаган М.Раҳматова туманнинг «Улуғбек тола» корхонаси олдида И.Шониёзовга тасодифан дуч келиб қолади. Шунда И.Шониёзов соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўзи бажариб турган бўлим бошлиғи вазифасини қўл остида ишлаб келган Ш.Файзуллаевга топширганини айтади. Лекин ишини битказиб бериш қўлидан келишини билдириб, «хизмати ҳақи»га 1000 (минг) АҚШ доллари сўрайди.
Бундай тамагирликдан кўнгли оғриган М.Раҳматова бунча пули йўқлигини билдириб, 800 доллар бера олишини айтади. И.Шониёзов опанинг таклифига кўнади ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорни бўлимнинг янги бошлиғи Ш.Файзуллаев қўлидан олишини айтади.
Шундан сўнг М.Раҳматова архитектура ва қурилиш бўлими ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида тўғри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага боради.
Воқеа тафсилотининг давомини баён қиладиган бўлсак, И.Шониёзов ишлаб турган пайтда М.Раҳматованинг аризасини туман ер тузиш ва кадастр бўлими ер тузувчиси Н.Нарзиқуловга топширганди. Н.Нарзиқулов ўрганиш чоғида бу иш ўзларига эмас, балки архитектура ва қурилиш бўлими ваколатига киришини билиб қолган. Бу ҳақда И.Шониёзовни хабардор қилганида, у ҳозир вақти йўқлиги, ариза ўзида туришини, кейинчалик биргаликда ҳужжатларни тайёрлаб беришини айтган.
2018 йил 25 июль куни соат 19:30 ларда Н.Нарзиқуловнинг уйига туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ш.Файзуллаев келади. У ҳокимнинг М.Раҳматовага ер ажратиш тўғрисидаги қарорини келтириб беришини, бунинг эвазига Н.Нарзиқулов М.Раҳматовадан унга 800 доллар олиб беришини айтади.
Орадан кўп вақт ўтмай Ш.Файзуллаев ҳоким қарорини Н.Нарзиқуловга келтириб беради.
Ўз навбатида, Н.Нарзиқулов М.Раҳматовадан келишилган пулни олиб, устози И.Шониёзовга ўзи етказажагини айтади.
Эртасига Н.Нарзиқулов М.Раҳматовага қўнғироқ қилиб, қарор қўлида экани, бирон жойда учрашишни сўрайди. Учрашадилар. Ва... Н.Нарзиқулов аёлдан 800 доллар олаётган чоғида қўлга тушади. Ўша куннинг ўзидаёқ ушбу жиноятнинг ташкилотчиси И.Шониёзов ҳам қўлга олинади.
Суд иккисига ҳам қилмишларига яраша адолатли ва қонуний жазо тайинлади.
Айни мавзуда яна бир ҳаётий мисол: судланувчи Жавлон Қосимов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) бир йигитга муносиб, обрў-эътибор топадиган лавозимда ишлаётганди. Ойлик маоши ортидан рўзғорини бемалол тебратиш имкониятига эга эди. Лекин нафс балоси Жавлонни йўлдан урди.
Буёғини сўрасангиз, Ж.Қосимов Самарқанд шаҳрида ички ишлар бўлимида профилактика инспектори лавозимида ишлаётган пайтида С.Ўринованинг шаҳарда рўйхатдан ўтмасдан яшаб, ресторан ва тунги клубларда раққосалик фаолияти билан шуғулланаётганини аниқлайди.
Аммо унга қонуний жазо кўриш ўрнига тамагирлик қилади. Яъни бу «хизмати» ва келгусида назорат қилувчи органлардан муҳофаза қилиб бориши эвазига 600 АҚШ долларини пора тариқасида сўрайди.
С.Ўринова ҳам ўзига нисбатан қонунсиз ҳаракатлар содир қилинаётганини ўз вақтида англаб етган. Шу боис у Ж.Қосимовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига ариза билан мурожаат қилган.
Унинг мурожаати юзасидан тадбир ўтказилади. Самарқанд шаҳар «Илғор» маҳалласи ҳудудида Ж.Қосимов ўзига тегишли «Спарк» русумли автомашинасининг ичида С.Ўриновадан 600 долларни пора тариқасида олаётганида ушланади.
Суд ҳукми билан унга 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Хулоса қилиб айтганда, дунё ҳамжамиятида тобора нуфузи ортиб бораётган, халқимизга муносиб турмуш шароити яратилаётган Ватанимизда ўтаётган ҳар бир кун бунёдкорлик ва яратувчанлик амалларига бойлиги билан тарихга мангу муҳрланмоқда. Шу маънода бахтли-саодатли ҳаётимизга соя соладиган, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ғов бўладиган коррупция хавфининг олдини олиш, бу иллатга қарши муросасизлик билан курашиш — давр талабидир.
Олим Ҳайитов,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд вилояти судининг раиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter