Президент фармони билан янги вазирлик ташкил этилди
«Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ-5938-сон, 18.02.2020 й.) қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди.
Жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.
Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва вазирлик тузилмасига ўтказилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter