Маҳалла: анъанадан замонавий бошқарувга
Ўзбек жамиятининг тарихий хотирасида маҳалла оддий ҳудудий чегара эмас, балки инсонлар тақдирини боғловчи маънавий ришта ва юксак қўшничилик маданиятини шакллантирувчи ҳаёт мактабидир. Кексаларнинг дуоси, ёшлар тарбияси, меҳр-шафқат, ҳашар ва ҳамжиҳатлик каби миллий қадриятлар айнан шу муҳитда камол топган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси маҳалладаги ижтимоий муҳит, аҳоли фаровонлиги ва адолат ҳисси билан ўлчанади. Маҳалла қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият барқарорлиги ва инсон қадри шунчалик юксалади, тараққиёт эса халққа янада яқинлашади.
Аҳолининг кундалик эҳтиёжларидан тортиб, йирик ижтимоий дастурлар ижросигача бўлган масалаларнинг маҳалла даражасида ҳал этилаётгани ушбу институтнинг давлат бошқарувидаги ўрнини янада кучайтирди. «Халқ давлатдан рози бўлиши учун, аввало, маҳалладан рози бўлиши керак», деган тамойил ислоҳотларнинг муҳим мезонига айланди. Муаммоларни маҳалла ва хонадон кесимида ўрганиб, манзилли ечим топиш тизими шакллантирилди.
Шу мақсадда маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизими жорий этилди. Энди ҳар бир маҳалланинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати, аҳоли бандлиги, даромад манбалари, томорқадан фойдаланиш имкониятлари, тадбиркорликка қизиқиши ва эҳтиёжлари мунтазам ўрганилмоқда.
Бу тизим ҳар бир хонадоннинг имкониятларини ҳисобга олиш, аҳолини ўз меҳнати ва ташаббуси орқали барқарор даромад топишга рағбатлантиришга қаратилди. Шу мақсадда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг янги механизмлари жорий этилди. Хусусан, ҳар бир маҳаллада иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Улар ишсизликни камайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, маҳалладаги мавжуд имкониятларни ишга солиш ва янги иш ўринлари яратиш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, ишсиз фуқаролар ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун манзилли қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди.
Масалан, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача, хотин-қизларга эса 10 миллион сўмгача субсидия ажратиш амалиёти жорий этилди. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг дастлабки уч ойлик ижара харажатлари эса давлат томонидан қоплаб берилди.
Умуман олганда, қисқа вақт ичида 48 минг 503 нафар фуқарога жами 196,7 миллиард сўм ажратилди. Уларнинг 39 минг 749 нафари хотин-қизлар, йўналтирилган маблағ эса 163,7 миллиард сўм. «Аёллар дафтари»га киритилган 23 минг 199 нафар хотин-қиз 110,7 миллиард сўмлик давлат қўллаб-қувватлашидан фойдаланди.
Бу тизимни янада такомиллаштириш мақсадида «маҳалла еттилиги» институти ташкил этилди. Унинг таркибига маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори ҳамда солиқ вакили кирди. Бу орқали маҳалладаги иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий масалалар ўзаро мувофиқлаштирилган ягона тизим асосида кўриб чиқилиб, аниқ натижага йўналтирилмоқда.
Бу ўзгаришлар аҳоли билан давлат ўртасидаги масофани қисқартиришга қаратилган. Одамлар аввал бир неча идорага мурожаат қилишга мажбур бўлган кўплаб масалаларни маҳалла орқали ҳал қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ўтган йил октябрига қадар олинган маълумотларга кўра, янги ёндашувлар асосида 7,5 миллион нафар фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси икки баробар қисқарган. Маҳаллаларнинг 3,5 мингтаси қиёфаси замонавий кўринишга келтирилди.
Шу йилнинг 18 июль куни «Humo Arena»да пойтахтнинг 585 та маҳалласи «маҳалла еттилиги» вакиллари ҳамда туман ҳокимликлари раҳбарлари иштирокида йирик учрашув ўтказилди. Тимбилдинг форматида ташкил этилган тадбирда беш мингдан ортиқ киши қатнашди.
Фото: Tashkent.uz
Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов таъкидлашича, маҳалла тизимидаги энг муҳим натижалар аҳоли билан доимий мулоқот ва уларнинг муаммоларини тинглаш орқали қўлга киритилди. Унинг қайд этишича, маҳаллалар одамларнинг дарди ва эҳтиёжини эшитмаганида, бугунги натижаларга эришиш қийин бўлар эди.

Фото: Tashkent.uz
Ҳоким фикрича, маҳалла фаолиятининг асосий ўлчови — ҳудудда тинчлик ва хавфсизлик таъминлангани, аҳолининг давлат сиёсати ва амалий ишлардан розилигидир. Ана шу мезонлар бажарилса, демак, «маҳалла еттилиги» ўз вазифасини самарали бажараётган бўлади.
«Биз шундай тизим яратяпмизки, маҳаллада топилган маблағ шу маҳалланинг ўзига сарфланади. Бу жараён тўлиқ рақамлаштирилади», — деди Умурзоқов.
Жорий йилнинг 16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган янги вазифалар белгилаб берилди.
Президентнинг таъкидлашича, 2026 йилда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш мақсадида ҳар бир туманга ўртача 250 миллиард сўмдан, ҳар бир маҳаллага эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ ажратилган.

Туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушумларни шакллантиришга оид ваколатлари кенгайтирилди. Бунинг натижасида ҳудудларда қоладиган қўшимча даромад икки баробаргача ошди: туманларда ўртача 22 миллиард сўм, маҳалла бюджетларида эса ўртача 150–200 миллион сўм қўшимча маблағ шаклланди.
Маҳалла бюджетларини мустаҳкамлашга қаратилган янги молиявий механизмлар ҳам ишга туширилди. Жумладан, маҳаллада қоладиган ер ва мол-мулк солиғи улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилди. Санитария қоидаларини бузиш ва ноқонуний қурилиш учун ундириладиган жарималарнинг ҳам 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилмоқда.
Маҳаллалар 5 минг квадрат метргача бўлган бўш давлат объектларини сотувга чиқариш ваколатига ҳам эга бўлди. Бу каби механизмлар маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириб, уларни иқтисодий ривожланишнинг фаол иштирокчисига айлантиришга хизмат қилади.
Маҳалладаги иқтисодий ўзгаришларнинг муҳим йўналишларидан бири банклар билан ҳамкорлик бўлди. Энди маҳалла банкири фақат кредит ажратувчи эмас. У ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини баҳолайди, «ўсиш нуқталари»ни аниқлайди, ташаббускорларни бирлаштиради ва даромад келтирадиган лойиҳаларни шакллантиришга кўмаклашади.
Сўнгги олти ойда банклар кичик лойиҳаларни молиялаштириш учун 18,5 триллион сўм ресурс ажратди. Бу маблағлар ҳисобига 110 мингта микролойиҳа йўлга қўйилиб, 259 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди.
Фото: Xabar.uz
Бу ёндашувнинг самараси айрим ҳудудларда амалий мисолларда ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги Янгиобод маҳалласида 2 километр зовур усти ёпилиб, 110 та сервис объекти ишга туширилди. Бунинг самарасида 1 минг 225 нафар аҳоли барқарор даромад манбаига эга бўлди.
Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги Бахтли маҳалласида эса 20 та хонадонга 50 миллион сўмдан кредит ажратилиб, меҳмон уйлари ташкил этилди. Бу хонадонларнинг ҳар бири мавсумда 100 миллион сўмгача даромад олмоқда. Ушбу тажрибанинг самарасини кўрган яна 80 та оила ҳам шу фаолият билан шуғулланишни бошлади.
Энг муҳим ўзгариш шундаки, ҳудуддаги ер, бўш бинолар, инсон салоҳияти ва тадбиркорлик ташаббуслари иқтисодий ўсиш манбаи сифатида баҳоланиб, улардан самарали фойдаланишга интилиш кучаймоқда.
Маҳалла — хизматлар, ижтимоий ҳимоя ва хавфсизлик маркази
Маҳалла ислоҳотлари иқтисодий соҳа билан чекланмайди. Кейинги йилларда давлат хизматлари, ижтимоий ҳимоя ва хавфсизликка оид кўплаб вазифалар ҳам маҳалла даражасига ўтказилди. Бунинг асосий ғояси оддий: фуқаро кундалик ҳаётида дуч келадиган масалаларни турли идоралар ўртасида сарсон бўлмай, имкони қадар ўз маҳалласида ҳал қилиши керак.
Бугун «маҳалла еттилиги» орқали қарийб 100 турдаги хизмат кўрсатилмоқда. Айни пайтда давлат хизматларини бевосита маҳалла даражасига олиб тушириш ишлари изчил давом этмоқда.
Масалан, Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида Ахборот ва хизмат маркази ташкил этилди. У ерда атрофдаги саккизта олис маҳалла аҳолисига бир жойнинг ўзида 980 турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда.
Фото: ЎзА
Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Қаҳрамон маҳалласида ҳам Венгриянинг «ақлли қишлоқ» тажрибаси асосида шундай марказ барпо этилмоқда. Бу каби лойиҳалар маҳаллани аҳоли учун замонавий ва қулай инфратузилма шаклланаётган ҳудудга айлантирмоқда.
Маҳалланинг янги вазифалари ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Эндиликда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, уларнинг шароитини баҳолаш ва манзилли ёрдам кўрсатишда маҳалланинг ўрни тобора кучаймоқда.
Айни пайтда тизимда ечимини кутаётган муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Таҳлиллар айрим ҳудудларда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий реестрга киритишда камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, 184 та маҳаллада бир ой давомида келиб тушган 2 мингта аризанинг барчаси асоссиз рад этилгани аниқланган.
Бу рақамлар маҳалла зиммасига янги ваколатлар билан бирга катта масъулият ҳам юкланганини англатади. Чунки маҳалла аҳолининг эҳтиёжини энг яхши биладиган бўғин сифатида давлат кўмаги ҳақиқатан ҳам унга муҳтож инсонларга етиб боришида ҳал қилувчи ўрин тутади.
Ижтимоий хизматлар кўлами ҳам босқичма-босқич кенгаймоқда. Йил якунига қадар ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни мослаштириш ва ижтимоий уйларга жойлаштириш каби 25 турдаги хизматни маҳалла даражасига олиб тушириш режалаштирилган.
Эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун янги хизмат шакллари жорий этилмоқда. Масалан, 250 та маҳаллада деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун кундузги ҳамда уйда парвариш хизматлари йўлга қўйилиб, «Мадад» уйлари ташкил этилади. Яна 75 та маҳаллада кексалар учун «Фаол ҳаёт» дастури, қаровсиз қолган ва зўравонликка учраган болалар учун эса «Қўллаб-қувватлаш марказ»лари ташкил этиш режалаштирилган.
Маҳалла фаолиятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бирига айланмоқда.
Сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида жорий йилда бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Профилактика ишларини кучайтириш, видеокузатув тизимларини ўрнатиш, хавфсиз кўча ва йўлаклар барпо этиш ҳамда оилалар билан манзилли ишлаш жиноятчиликнинг камайишида муҳим омил бўлди.
Хавфсизликни таъминлашда рақамли технологиялар ҳам кенгроқ қўлланилмоқда. Наманган вилоятида профилактика инспекторлари учун ён камералари ва планшетлар билан интеграция қилинган рақамли тизим жорий этилди. У орқали фуқарони идентификация қилиш, маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ва материалларни судга юбориш жараёнлари автоматлаштирилди. Бу эса профилактика инспекторларининг иш юкламасини камайтириш билан бирга, айрим маҳаллаларда жиноятлар сонини икки баробар қисқартириш имконини берди.
Президент йиғилишларида таъкидланганидек, бугун ҳокимлар, маҳалла раислари ва «маҳалла еттилиги» аъзолари ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш учун етарли ваколат ва ресурсга эга. Энди эътибор уларнинг мавжуд имкониятлардан қай даражада самарали фойдаланаётганига, ташаббускорлиги ва аниқ натижа кўрсата олишига қаратилмоқда.
Маҳалладаги ташаббусларни рағбатлантиришнинг янги воситалари жорий этилмоқда. Жумладан, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, ҳудудни ободонлаштириш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган лойиҳалар учун «маҳалла еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант ажратиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Агар мамлакатдаги 8 минг 992 та маҳалланинг ҳар бирида камида биттадан шундай лойиҳа амалга оширилса, бу ҳудудларнинг ички имкониятларини рўёбга чиқариш ва маҳалла муҳитини сезиларли ўзгартиришга хизмат қилиши мумкин. Бунинг учун 240 миллиард сўмлик ресурс шакллантирилади.
2026 йилда маҳаллалар бюджетида 600 миллиард сўм қолиши режалаштирилган эди. Кейин қабул қилинган қарорлар эса маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини янада кенгайтирди. Ер ва мол-мулк солиғидан маҳаллада қоладиган улушнинг оширилиши, бўш давлат объектларидан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча даромад манбаларини яратиш маҳаллалар ихтиёрида қоладиган маблағларни сезиларли кўпайтирмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур чоралар маҳалла бюджетларига тушумларни жорий йилда 1,6 триллион сўмга, келаси йилдан эса 2 триллион сўмгача етказиши кутилмоқда
Маҳалла ўз ички имкониятларини ишга соладиган ва мустақил ривожланиш салоҳиятига эга тизимга айланиши керак — ўзгаришлардан кўзланган мақсад шу. Маҳаллалар ривожида ободонлаштириш, яшаш муҳитини яхшилаш ва аҳоли учун қулай шароит яратиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши ҳам бу йўналиш давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Фото: Xabar.uz
Мамлакатимиз бўйлаб «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ўтказилмоқда, «Энг обод кўча», «Энг файзли ҳовли» ва «Энг намунавий маҳалла» каби танловлар йўлга қўйилмоқда. Бу ташаббуслар фақат ҳудудларни ободонлаштиришга эмас, балки тозалик, саранжомлик, дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида маҳалла институтининг вазифаси ва ўрни сезиларли ўзгарди. Бугун маҳалла анъанавий ижтимоий институтдан аҳолига энг яқин бошқарув бўғинига айланмоқда. Бунинг асосида одамлар билан ишлашнинг янги тамойили ётади: муаммони оқибатини бартараф этиш эмас, уни олдиндан аниқлаш, хонадонбай ишлаш, инсоннинг ўз имкониятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш. Зеро, ҳар қандай ўзгаришнинг ҳақиқий баҳоси қарорлар ёки ваколатларда эмас, одамлар ҳаётида қай даражада сезилаётганида намоён бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter