Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўл-йўлакай... Ўзимизники, дейишни қачон ўрганамиз?

Йўл-йўлакай... Ўзимизники, дейишни қачон ўрганамиз?

Фото: «afisha.uz»

Эрталаб боғча ҳовлисига етаклашиб киришимиз билан кичкинтойим қўлчаларини қўлларимдан бўшатиб югургилаб кетди. Кузатиб турдим. У эндигина еб тугатган ширинлиги қоғозини ҳовли чеккасидаги махсус чиқинди идишга ташлаб яна келиб қўлларимдан тутиб, шундай деди: «Ойижон, «Панки»ни еб, қоғозини ҳар жойга отиб кетиш келакмас. Уни мусл идишга ташлаш керак. Фотима опам айтди». Тўғриси, ҳали тили тўлиқ чиқиб улгурмаган ўғлимнинг бу ишидан ҳам ҳайратландим, ҳам хурсанд бўлдим. Демак, болага бошидан ўргат, қулоғида қолади, дегани шу бўлса керак-да...

Биз катталар болажонларни сергаплик, инжиқлигу эркатойлик борасида кўп тергаймиз. Аммо ростсўзликни, керак бўлса, одобни улардан ўрганишимиз мумкин. Энг қувонарлиси, бу ўзимиз берган тарбиянинг ширин меваси.

Ёшлик – бебошлик дегани эмас

Автобусга ўн-ўн беш чоғли ўспирин йигит-қизлар қий-чув кўтариб чиқишди. Уларнинг баланд овозда, бир-бирига илмоқли гаплар билан муомала қилиши кўпчиликни ғашини келтирарди. Автоулов бурилишга келганда, тўрт-бештаси битта ўриндиққа бор оғирлигини солиб, унинг суянчиғини кўчириб юборишди. Аммо, улар ҳамон бир-бирига «Ана, ана шу тепаликка чиқмайлик дегандим-ку, сенларга» қабилидаги гап-сўзлар билан «сўз ўйини»ни давом эттирарди. Бир бекат юриб тушиб қолишди. Энди бу ўриндиқни таъмирлаш керак...

Ёшлик умрнинг энг гўзал фасли. Минг афсуски, баъзан бу нафис фасл ҳавоий енгил ҳаётга маҳлиё ўспирин йигит-қизларнинг бебошликлари соясида қолиб кетади. Бу тарбияда биз қилган қайсидир хатоликдан дарак. Чунки ёшлик – бебошлик эмас.

«Севги изҳори»ли ўриндиқ

Сенатга тадбирга боришим керак. Пойтахтимизнинг бетакрор сўлим кўчалари, бир-биридан муҳташам биноларни ортда қолдириб пиёда боряпман. Мусиқали фаввора ёнида янги қурилган замонавий дизайндаги ўриндиқлар инсон қалбида ёшликка хос ажиб туйғуларни уйғотади. Аммо, кичик йўлаклар бўйлаб бораканман баъзи ўриндиқларни тушунарсиз «севги изҳори», «қўлбола» карикатуралар безаб турарди...

Бу ҳолат айрим ёшларимизнинг одоб, ахлоқ масалаларида анча саёз фикрлашининг бир кўриниши эмасмикин? Пойтахтимиздаги энг гавжум бу манзилни юртимизнинг узоқ шаҳру қишлоқларидан келиб томоша қилаётганлар ёки бўлмаса бир кўриш иштиёқидагилар қанча... Айнан юртимизнинг бош майдонига яқин бу ҳудудни обод қилиш илинжидаги инсонларнинг меҳнати эътирофга лойиқ. Аммо ёшларимизнинг «ижодкор»лиги-чи?

Оқ девордаги «қора битик»

Амир Темур хиёбонидан сайилгоҳ кўчасига ўтиладиган ер ости йўли. Йўлакнинг мармар деворига катта-катта ҳарфлар билан қора бўёқда «Фалончи, мен сени севаман!» дея ёзилган «санъат асарини» ходим опалар битталаб тозалашарди. Энг ёмони, бўёқ деворга анча сингиб кетган ва аввалги ҳолатига келиши амримаҳол...

Байрам, тантана, саёҳат ёки шунчаки сайр қилишнинг афзалликлари кўп. Лекин бундай кайфиятда ҳам меъёрни билиш керакмикин?! Агар буни айрим ёшларимиз билганда, оқ деворга «қора битик» ёзиб кетишмаган бўлишарди.

Чанг солинган яшил буғулар

Тошкентдаги «ЦУМ». Ҳаммамиз яхши биламиз. Унинг ён-атрофи меҳмонхона, турфа хилдаги савдо мажмуалари. Хуллас, ҳар жиҳатдан «элитний» жой. Унинг ёнгинасидаги хиёбонда сунъий ўт қопламали ҳайвон ҳайкаллари ўрнатилган. Тўғрироғи, шохдор буғулар. Минг афсуски, бу яшил ҳайкаллар бахш этган завққа улардаги яшил қопламаларни юлиб-юлиб чанг солинган...

Кимдир замонавийликни гўзалликдан ахтарса, яна кимдир мана шундай бузғунчиликда тушунади. Бу ҳолатни айнан иккинчи тоифадагиларнинг «ташаббуси» дея айта оламиз. Хуш айтинчи, ҳаётда туйғулар ораси шунчалар яқинми?..   

«Муҳр»ли эшик

Мактаб. Ота-оналар йиғилишига бордим. Янги ўқув йили бошланганига ҳали бир ой тўлмади. Аммо мен ўтирган партага кимдир ручка билан бўяб ёзибди. Балки у менинг қизим ёки ўғлим бўлиши ҳам мумкин. Синф хонага кириш эшигида ўғил боланикилиги аниқ оёқ кийимидан қолган «муҳр»...

Агар ҳовлимизга битта ғишт қўйиб таъмирласак, унинг жойидан силжимаслиги учун ҳар он сергак ва ҳушёр ҳаммани огоҳлантирамиз. Хона эшигини тепиб очиш у ёқда турсин, тутқичини бураб енгил итариб оч, дея болаларга танбеҳ берамиз. Аммо мактаб эшигини-чи? Таълим-тарбия даргоҳи авлоддан авлодга ўтадиган умумий ва қадрли эканлигини-чи?

Майдонча нега ҳувиллаб қолди?

Бир-биридан чиройли ва ранг-баранг бўёқли арғумчоқлар. Яйраб-қувнаб, шаталоқ отиб вақтини чоғ ўтказаётган болаларнинг қувончини айтмайсизми? Беихтиёр «Арғумчоқлар турли-туман, қай бирида учгинг келса, шунисида уч!», деб юборгинг келади.  

Ширкатдагилар таъмирлаб берган майдонча ёнидаги шундай ўй билан ўтганимга кўп бўлгани йўқ. Аммо бугун болалар майдончаси ҳувиллаб ётибди. Майдончада катталар турниги, баскетбол дарвозаси, яна икки ёқлама арғимчоқдан бошқа яроқлиси йўқ. Очиғи, ўриндиғининг тахтаси кўчирилган, ҳатто таги билан қўпориб ташланган, умуман яроқсиз ҳолатга келиб қолган арғимчоқларни-ю атиги икки-уч нафар болакайнинг майдончада ҳафсаласизгина ўйнаётганини кўриб ичим ачишди...

Орамизда арғимчоқлар ўзи жуда нозик, салгинага темири қийшайиб синиб кетади, дегувчилар ҳам топилади, албатта. Аммо, биз – катталар боламизнинг қайси арғимчоқдан фойдаланиши мумкинлигини фарқлай оламиз-ку?! Қолаверса, болаларни назоратсиз майдончада қолдирмаймиз-ку?! Уларнинг ёнида ҳамиша катта одам бўлади-ку?!

Хулоса ўрнида

Сиз ҳам юқорида йўл-йўлакай гувоҳи бўлиб санаганларимиз шунчаки, арзимас хато ва камчилик бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бу арзимаган майда-чуйдалар катталашиб, маданият деган тушунчани емириб маданиятсизликка элтувчи йўлдир. Маданиятсизликнинг кўринишларига вазиятдан келиб чиқиб турлича таъриф, тавсиф бериш мумкин.

Юқорида дуч келганларимизни бирлаштириб турган тушунча – орамизда, айниқса, айрим ёшларимизда ўзимники, бизники деган қарашнинг йўқлиги. Балки шу ўринда «Одобни одобсиздан ўрган» мақолини ҳам келтириш жоиздир. Унда қачон ўзимизники дейишни ўрганамиз?

Сиз ҳам йўл-йўлакай дуч келган ҳолатларга қандай изоҳ берасиз?

Гулноза Турғунбоева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг