Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юнусободдаги ҳолат юзасидан икки хил муносабат: «Xabar.uz» ёлғон маълумот тарқатганмиди?..

Юнусободдаги ҳолат юзасидан икки хил муносабат: «Xabar.uz» ёлғон маълумот тарқатганмиди?..

Шу йилнинг 12 сентябр куни «Xabar.uz»да пойтахт мактабларидан бирида қўриқлаш хизмати ходимлари, яъни Миллий гвардия ходимларининг ойлик маошлари учун ўқувчилардан пул йиғилаётгани ҳақида материал эълон қилинган эди. 

Ушбу ноқонуний пул йиғилиши ҳақида материал эълон қилинганидан кўп ўтмай Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси ахборот хизмати ўзининг расмий муносабатини берди. Аммо бу ҳақда кейинроқ…

***

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси сайтимизда ёритилган ҳолат юзасидан таҳририят билан боғланди ва мазкур мактабнинг муаммоли мактаблардан бири эканини, ҳолат ўрганилаётганини ва тез орада расмий муносабат беришини маълум қилди. 

Орадан бир кун ўтиб, 13 сентябр куни эълон қилинган Тошкент шаҳар таълим бошқармасининг расмий муносабатида маълум қилинишича, «меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, мактаблар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир мактаб учун қоровуллар штатлари ажратилган бўлиб, уларни молиялаштириш давлат бюджети томонидан амалга оширилиб келинмоқда». Жумладан, бошқарма томонидан ҳам мактабларни қўриқлаш учун пул талаб қилиш юзасидан ҳеч қандай топшириқлар берилмаган.

Шу билан бирга ўқувчиларидан МГ ходимлари учун 50 минг сўмдан йиғилаётгани айтилган Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 265-сонли умумтаълим мактабида эса ўша куни тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказилган.

Энг қизиғи, йиғилишда «таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш, ўқувчиларни хавфсиз ва сифатли таълим олишларига шароит яратиш учун талаб этиладиган қўшимча маблағлар ажратиш бўйича таклифлар олинган». Бундан ташқари Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова раислигида ўтган ушбу мажлисда «пойтахт мактабларида Миллий гвардия ходимлари фаолиятини яхшилаш, уларга иш ҳақи тўлаш каби масалаларга ижобий ечим топишда Тошкент шаҳар ҳокимлиги амалий ёрдам беришга доимо тайёрлиги алоҳида  таъкидлаб ўтилган».

***

Соҳага доир ҳолатлар ОАВда эълон қилинганда, афтидан тезкорликни муҳим деб билган Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси ахборот хизмати эса, негадир кўтарилган муаммо қолиб, ҳолатни ёритган «Xabar.uz» таҳририятини ёлғончиликда айблайди. 

Бошқарма ахборот хизмати юқоридаги каби, «ҳар бир мактаб учун қоровуллар маоши давлат бюджети ҳисобидан» қопланишини билдиради ва мактабларда пул йиғиш бўйича «Миллий гвардия бўлинмалари томонидан ҳеч қандай топшириқлар берилмаган»ини таъкидлайди.

Ва ўз навбатида, бошқарма ахборот хизмати сайтда берилган маълумотнинг ҳақиқатга умуман тўғри келмаслигини айтиб, таҳририятга ёлғон маълумот тарқатишнинг ҳуқуқий оқибатларини эслатиб қўяди.

«Фуқароларимиздан ёлғон ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликларини сўраб қоламиз», дея келтирилган алоҳида таъкид эса мазкур идора ахборот хизматининг таҳририятга нисбатан айблови кулиминацияси бўлиб берган…

Хўш, МГ Тошкент шаҳар бошқармаси айблайдиган даражада нима бор ўзи? Объект аниқ, вазият ўрганилган ва ёзишмалардан фото ва видео далиллар етарли. Барча маълумотлар олинганидан сўнг материал сайтда эълон қилинди…

Энди, Тошкент шаҳар таълим бошқармаси берган расмий муносабатдаги «пойтахт мактабларида Миллий гвардия ходимларига иш ҳақи тўлаш каби масалаларга ижобий ечим топишда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг амалий ёрдамга шай»лигига эътибор қаратсак, шунда ким ёлғончи бўлади?

Ўша йиғилишда «таълим муассасаларида ўқувчиларни хавфсиз ва сифатли таълим олишларига шароит яратиш учун талаб этиладиган қўшимча маблағлар ажратиш бўйича таклифлар олинган»и Миллий гвардия ходимларига иш ҳақи тўлаш масаласи ҳақиқатда сансолар бўлиб турганини англатмаяптими?..

Ёки идора ўз муносабатида «ҳар бир мактаб учун қоровуллар маоши давлат бюджети ҳисобидан», дея вазиятдан силлиқ чиқиб кетишни мақсад қилганмиди? Қоровул штатлари мактабларда бор, аммо МГ қўриқлаш хизмати ходимлари мактаб штатида турмаслиги ҳаммага аёнку…

Ёки идорага муаммони ўрганишдан кўра уни баён қилган томонни айблаш қулайроқми?

Ҳар не бўлганидаям, масаланинг ичига кириб ўрганиш, қуйи тизим, қуйи ташкилотларда мана шундай ноқонуний ташаббус билан чиқадиганлар топилиб қолиши инобатга олиниши керак. Расмий муносабат билдиришда эса тезкорлик яхши, бироқ масаланинг моҳияти қолиб, иккинчи томонни айбдор қилиш йўлини тутиш – профессионализм эмас.

Xabar.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг