Зангиота 1 ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида қанча бемор даволанмоқда?
Дунёда COVID-19 пандемияси бошланганига икки йилдан ошди. Айни пайтда инсоният бу касалликни енгиш ва уни жиловлаш учун барча чораларни ишга солмоқда. Бироқ вирус ортга чекинаётгани йўқ, деб ёзмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Аксинча, сўнгги кунларда дунёнинг қатор мамлакатларида ушбу инфекция билан боғлиқ вазият яна мураккаблашяпти. Айниқса, АҚШ, Германия, Бразилия, Италия, Тайван ва Испания каби давлатларда касалланишлар сони кундан кунга ошиб бораётгани кўпчиликни ташвишга солаётир.
Статистик рақамларни таҳлил қилсак, юртимизда ҳам кейинги ҳафталарда COVID-19га чалиниш ҳолатлари бироз ортганини кўриш мумкин. Табиийки, мамлакатимиздаги эпидемик ўзгариш, энг аввало, Зангиота 1 ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналари фаолиятида акс этади.
Хўш, бугун бу ерда вазият қандай? Ушбу шифо масканларида қанча бемор даволанмоқда?
Маълум бўлишича, айни пайтда 4000 ўринга мўлжалланган Зангиота 1 ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус ташхиси қўйилган ва касалликка гумонланган 900 нафарга яқин бемор даволанмоқда. 93 нафар бемор эса жонлантириш бўлимида даво муолажаларини оляпти.
«Охирги ҳафтани инобатга олсак, юртимизда касалланишлар сони бироз ортганини кўриш мумкин, — деди Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов. — Айни пайтда муассасамизга кунига ўртача 70-80 нафар бемор мурожаат қилиб, уларнинг 25-30 нафари госпитализация қилиняпти».
Айтилишича, касалланишлар сони ошган бўлса-да, бугун шифохонага ётқизилаётган аксарият беморларда ўпка зарарланиши, сатурациянинг пасайиши каби жиддий асоратлар кузатилаётгани йўқ.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Зангиота касалхонасида коронавирусга чалинган беморлар сони кескин ортгани айтилмоқда...
«Ўтган йилнинг шу даври билан таққосласак, беморлар сони жуда паст, — деди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова. — Айни пайтда муассасамизга мурожаат қилаётган ва госпитализацияга кўрсатма бўлган беморларнинг барчаси шифохонага ётқизилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Марказимиз етарли даражада тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланган.
Шу ўринда беморлардан илтимос қилиб сўрардимки, агар ўзингизда касаллик аломатларини сезсангиз, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига эмас, аввало, яшаш ҳудудингиздаги оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пунктига ҳамда Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман бўлимларига мурожат қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сабаби шифохонамиз коронавирусга тест топширадиган ёки тана ҳароратини ўлчайдиган муассаса эмас. Балки COVID-19га чалинган ва хасталик оғир ҳамда ўта оғир кечаётган беморлар даволаниши учун мўлжалланган шифо масканидир».
Юртдошларимиздан ўзлари ва яқинлари саломатлигига янада эътиборли бўлиб, касалликка қарши ўз вақтида тўлиқ дозаларда эмланишларини сўраймиз, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter