Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

15 июндан карантин тадбирлари тўлиқ тугайдими?

15 июндан карантин тадбирлари тўлиқ тугайдими?

Фото: «Xabar.uz»

Аввал маълум қилинганидек, бугун АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Унда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

— Хоразм вилоятида коронавирус инфекцияси қайд этилгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берсангиз?

— 2020 йил 5 июнь соат 12:00 ҳолатига кўра, Хоразм вилоятида янги касалланиш қайд этилмаган.

Вилоятда эпид мавсум давомида 233 нафар фуқарода касаллик қайд этилган ва уларнинг барчаси даволаниб шифохонадан чиқарилган.

2020 йил 2 июнь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг тегишли таснифига асосан Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманлари «Яшил ҳудуд» тоифасига киритилган.

— Дунё давлатлари тоифаларга ажратилиб, авиапарвозлар тикланиши қанчалик рост?

— Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазият ҳисобга олиниб «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиш ҳамда босқичма-босқич авиақатновларни тиклаш ўрганиб чиқилиб, таклифлар тайёрланмоқда.

Бу борада Республика махсус комиссияси якуний хулосаси тўғрисида ахборот берилади.

— 2020 йил 4 июнь куни СЭОАнинг расмий саҳифаларида туман ва шаҳарларнинг тоифалар бўйича янгиланган рўйхати эълон қилинди. Энди Республика махсус комиссияси эмас, Агентлик томонидан ҳудудлар тоифаларга ажратиладими?

— Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 майдаги йиғилиш баёни билан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига туман (шаҳар)ларнинг тоифаларини ўзгартириб бориш вазифаси юклатилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йил 2 июнь ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан киритилган таклифлар, беморларни бутунлай соғайиши ҳамда эпидемик вазиятни эътиборга олиб Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан туман (шаҳар)ларнинг тоифаларини ўзгартирилди.

Эндиликда шу тартибда ҳар ҳафтада ўзгартириш ишлари тизимли олиб борилади.

— 15 июндан карантин тадбирлари тўлиқ тугайдими?

— Карантин тадбирлари тугатилиши ёки бир муддат чўзилиши — коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазиятни эътиборга олган ҳолда белгиланади.

Агарда касаллик бўйича барқарорликка эришилса, карантин тадбирлари бекор қилинади, касаллик ўсиш сурати жадаллашса, карантин тадбирлари ҳам кучайтирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг