Ана холос: Трамп нуфузли халқаро ташкилотга ультиматум қўйди
Вашингтон агар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 30 кун ичида АҚШ талаб қилаётган ислоҳотларни амалга оширмаса, ташкилотни молиялаштиришни бутунлай тўхтатади ва аъзолигини қайта кўриб чиқади, дейилади Америка президенти Дональд Трампнинг ташкилот директори Тедрос Аданом Гебрейесусга ёзган мактубида.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, унинг маъмурияти ЖССТнинг коронавирус пандемиясига қарши чорасини муваффақиятсиз деб топган.
«Мазкур текширув мен ўтган ойларда кўтарган кўпгина жиддий хавотирларни тасдиқлади ва ЖССТ жавоб бериши керак бўлган бошқа масалаларни юзага чиқарди, айниқса, ЖССТнинг ХХРдан мустақиллиги йўқлиги хавотирга солмоқда», — дейилади Трампнинг «Twiter»да чоп этилган мактубида.
АҚШ президенти ЖССТдан «сезиларли яхшиланишларни амалга оширишни», жумладан, «Хитойдан мустақил эканлигини намоён этишини» талаб қилмоқда.
«Тизимли хатоларингиз ва ташкилотнинг пандемияга қарши курашдаги хатолари бутун дунёга ҳаддан ташқари қимматга тушгани аниқ», — дейилади мактубда.
Трамп, шунингдек, ташкилотни ислоҳ қилиш масаласини аллақачон ЖССТ билан муҳокама қила бошлаганини таъкидлади.
Апрель ойида АҚШ президенти ЖССТни COVID-19 коронавируси тарқалишига қарши етарлича тез чора кўрмаганликда ҳамда бу ҳақда кенг жамоатчиликни вақтида хабардор қилмаганликда айблаб, ташкилотни молиялаштиришни тўхтатганини эълон қилганди.
Трамп касалланганлар ва вафот этганлар сони бўйича биринчи ўринга чиқиб олган АҚШда пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келган бир пайтда ЖССТни танқид қилди. Шунингдек, президентнинг ўзи ҳам пандемияга қарши курашда зарур чора-тадбирларни ҳаддан ташқари кечиктирганликда айбланмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия босқичига етди деб эълон қилди. ЖССТ маълумотларига кўра, касалланганлар сони қарийб 4,4 миллион кишини ташкил этмоқда, 300 мингдан ортиқ инсон вафот этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter