Карантиннинг кушандаси – китобдир
Коронавирус сабабли ҳамма уйда. Жуда зерикарли, бироқ мутолаа иштиёқи билан яшаётганлар учун вақт бемалол – айни муддао.
Ёшлигимдан китобни яхши кўраман. Яйловда қўй-қўзилар орасида кун қорайгунча китоб қучоқлаб ўқирдим. Унинг сеҳрли дунёсига ошуфта бўлиб, вақтнинг қандай ўтганини ҳам билмай қолардим.
Балки шунинг учун ҳам китоб нури мени олийгоҳга бошлади, қўлимга қалам олиб, ижод қилишда ундади.
Куни-кеча миллий телерадиокомпания тизимидаги тажрибали журналист, узоқ йиллар самарали ижод қилиб келаётган Норали Очилов қўлида ушбу чиройли муқовали қалин китобни кўриб қолдим.
Ижозат сўраб, у киши қўлларидан олдим ва ичини варақласам, нафақат менбоп, балки ҳаммабоп экан. Нимаси биландир бошқа китоблардан бошқача.
Бошқачалиги шундаки, китобнинг илк саҳифалариданоқ, руҳингиз билан оламга саёҳатга оталанасиз. Ер куррасидаги барча мамлакатлар ва давлатлар ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотлар келтирилган.
Дунё мамлакатлари ҳақида тушунчам бор, деб юрардим. Аммо кўпдан буён узоқлашиб кетган эканман. Ижодкор игна билан қудуқ қазгандай ҳар бир маълумот устида кўп манбалар асосида ишлагани кўриниб турибди.
Ҳар бир давлатнинг бошқарувидан тортиб, табиатигача, аҳолисидан тортиб, ташқи сиёсатигача, ҳатто фақат шу давлатга хос энг қизиқарли маълумотлар жамланган экан. Айниқса, ҳар бир давлат билан мустақил Ўзбекистонимиз ўртасидаги муносабатлар ҳақида берилгани унинг қийматини кескин оширади. Чунки, ҳозиргача бундай кенг кўламли ахборотлар бир жойга жамланмаган.
Дунёда китоблар кўп, ижодкор ҳам оз эмас. Шу маънода муаллиф Лазиз Раҳматовнинг катта меҳнатини қадрлайман. Карантин дамларида оила даврасида болалар учун чинакам хазина экан, вақт ҳам унумли ва жуда мазмунли бўлади.
Очиғини айтганда, оддий одамни қўя туринг, баъзан айрим «юлдуз» журналистларимиз ҳам Австрия билан Австралиянинг, Швеция билан Швейцариянинг фарқига бора олмаслигини кўриб, одамнинг ҳафсаласи пир бўлади.
Мен бу каби энциклопедик китобларни нафақат Норали Очил каби зарабрдаст қалам аҳлининг қўлида, балки барча ижодкорлар иш столида кўргим келади.
Яна бир гап. Сайёрамиздаги қолоқ мамлакатлар билан танишар эканман, сокин ва тинч, барча бойликлар мужассам, жаннатмонанд Ўзбекистон диёрида яшаётганимга, оқил раҳбарларимизнинг халққа манзур сиёсат олиб бораётганига яна бир бор шукроналик келтирдим. Карантин каби ўткинчи тадбирлар чоғида тоқатсиз бўлмасдан, уни сабр ва қаноат билан, китобхонлик маданияти билан енгишимиз учун ичимда янги қудратли бир куч пайдо бўлди. Карантиннинг кушандаси – ҳақиқий китоб экан.
Гулшода Қурбонова, журналист
(Муаллифнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter