Коронавирус пандемиясининг янги хавфли босқичи эълон қилинди
Коронавирус пандемияси ривожланишининг янги хавфли босқичи бошланди. Бу ҳақда жума куни Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус маълум қилди.
У пайшанба куни ЖССТга 150 мингта янги касалланиш ҳолати тўғрисида маълумот келиб тушганини эслатди.
«Ушбу ҳолатларнинг ярми Шимолий ва Жанубий Америкага тўғри келади. Шунингдек, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқда ҳам касалланганлар сони кўп», — деди ЖССТ раиси.
«Дунё янги ва ўта хавфли босқичда турибди», — дея таъкидлади бош директор.
«Кўпчиликнинг уйда ўтиришдан чарчаганини тушуниш керак. Ўз иқтисодиёти ва жамиятини очишни хоҳлаётган мамлакатларни ҳам тушунса бўлади, — дея давом эттирди у. — Бироқ вирус ҳалиям тез тарқалмоқда ва у ҳалиям хатарли».
Тедрос Аданом Гебрейесус барча мамлакатларни ва одамларни жуда ҳушёр бўлишга чақирди. Шунингдек, эҳтиёт чораларига амал қилишни — ижтимоий масофа сақлашни, касал бўлганда уйда қолишни, йўталганда оғзи ва бурнини ёпишни, қўлларини ювишни, ҳимоя ниқобини тақишни тавсия этди. Бундан ташқари, давлатлар коронавирусни юқтирганларни аниқлаш, уларни изоляция қилиш, тест ўтказиш, барча касалланганларни даволашни давом эттириши зарур.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter