Коронавирус хавф солаётган пайтда қишдан қандай омон чиқиш мумкин? Экспертлардан беш маслаҳат
2020 йил ковид пандемияси сабаб сайёрамиздаги миллионлаб одамлар ғам-кулфат, йўқчилик, ишсизлик ва тушкунлик каби муаммолар домида қолди. Кўпчиликка янги йил байрами татимагани ҳам бор гап. Олдинда қаҳратон қиш турибди. Совуқ фаслда эса коронавирус янада тезроқ тарқалиши маълум. Бундай вазиятда Британиянинг етакчи мутахассислари томонидан берилган тушкунлик ва стрессга қарши қуйидаги 5 маслаҳат-тавсия асқотиши мумкин.
- Доимий ҳаракатда бўлинг!
Қиш ўчоғи тор, шу важдан кўпчилик жисмоний машқлар ҳамда спорт билан шуғулланишни кўп-да истамайди. Тўғри-да, ким ҳам иссиқ уйдан совуқ ҳавога чиққиси келарди. Аммо шифокорлар ва мутахассислар кўча-кўйда сайр қилиш ва ҳаракатланиш кайфиятни кўтаришнинг энг яхши усули эканини бир овоздан таъкидлайдилар. Лондондаги Қироллик коллежи олими Брендон Стаббсга кўра, жисмоний меҳнат ва ҳаракат инсон қонида эндорфинлар ҳамда «бахт гармонлари» ишлаб чиқаришга кўмак беради. Бу эса ўз-ўзидан изтироб ва қайғуни кетказади. Тадқиқотлар жараёнида жисмоний машқлар мия фаоллигини ошириб, руҳиятни тетиклаштиришини исботлаган. Машқлар асносида нейротрофинлар гуруҳига мансуб оқсиллар ишлаб чиқариш ҳам фаоллашади ҳамда мия худди кучли мотор каби ишлайди. Бунинг учун бир неча чақирим масофага югуриш шарт эмас, велосипедда сайр қилиш, пиёда сайр қилиш, ҳатто боғда миришкорлик билан машғул бўлиш ҳам кифоя!
- Нохушликларни имкон қадар хаёлингиздан қувинг!
Оксфорд университетининг психология бўйича профессори Женнифер Уайлднинг таъкидлашича, муаммоларни имкон қадар унутиш, хаёл ва тафаккурни некбин фикрлар билан тўйинтириш ҳаётий муҳим кўникмалар сирасига киради. Инсон нохушликлар, кўнгилсизликлар ҳақида ўйлаверса, дунё кўзига қоронғи кўриниб кетади, тушкунлик денгизига ғарқ бўлади. Психологнинг уқтиришича, муаммоли вазиятларда имкон қадар мушкулотни ечиш йўлларини қидирган маъқул. Албатта, муаммолар хамирдан қил суғургандек осонликча ҳал бўлмаслиги мумкин. Аммо муҳими, инсон чорасизлик кайфиятини тарк этиб, кўнглигида умид чироғини ёқа олиши керак. Хавотир, ҳаяжон инсонга хос ҳолатлар экани сир эмас. Аммо меъёрдан ошиб кетган хавотир депрессияга етаклайди. Профессор Уайлднинг таъкидлашича, инсон муаммолар ҳақида кам ўйлагани сари тушкунликдан тез чиқади ва аниқ амалий ҳаракатлар сари одим отади.
- Олдингизга янги-янги мақсадлар қўйинг!
Кардиффлик нейробиолог Дин Барнеттга кўра, инсон ўз олдига янги мақсадлар қўйса, ҳаёт мушкулотларидан чиқиши осонроқ кечади. Мақсадлар улкан (бирор хорижий тилни ўрганиш) ёки кичикроқ (бирор китобни ўқиб тугатиш) бўлиши мумкин. Асосий жиҳати шундаки, аниқ мақсад сари интилаётган одам катта-кичик муаммоларни унутади, дилхираликлардан чалғийди.
«Янгиликка интилиш инсон қалбида қониқиш ҳиссини уйғотади. Янгиликка қўл уриш, янги кўникмалар орттириш ўз-ўзимизга бўлган ишончимизни ҳам оширади. Куч-салоҳиятнинг аниқ мақсад сари йўналтирилиши инсон тараққиётининг муҳим омили саналади», – дейди нейробиолог Дин Барнетт.
- Кўпроқ суҳбат қуринг!
COVID-19 пандемияси инсониятни ёлғизнишинликка маҳкум этди. Хасталик юқиши хавотири сабаб одамлар яқинлари билан ҳам бевосита мулоқотдан тийилишга мажбур бўлди. Ўзаро мулоқотнинг сусайиши эса инсонлар руҳияти ва зеҳниятига жуда кучли зарба берди.
«Ёлғизлик инсонга хос эмас. Биз табиатан жамоавий яшашга мойилмиз. Балиқ сув билан тирик бўлгани каби инсон ҳам робита барҳаётдир», – дейди Лондондаги Қироллик коллежи профессори Элизабет Кейперс.
Суҳбатда ҳам суҳбат бор! Мулоқот шунчаки арзимас маиший масалада эмас, муҳим маърифий-ижтимоий мавзуларда бўлса, унинг фойдаси бир неча баробар катта бўлади. Зоҳидона ҳаёт инсон руҳиятига кучли салбий таъсир кўрсатади. Профессор Кейперснинг тавсиясига кўра, вирус хавф солиб турган пайтда мулоқот учун телефон, интернет каби технологиялардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
- «Олма туш, оғзимга туш» деб ўтирманг!
Оптимист, некбин кайфиятдаги одамлар пессимистларга қараганда узоқроқ умр кўради деб ҳисоблайди Кембриж университети олими Оливия Ремес. Чунки хуш кайфият инсон иммун тизимининг яхшиланишига хизмат қилади. Умидбахш жиҳат шундаки, пессимистик руҳиятдаги одамлар ҳам ўзида оптимистик кайфиятни уйғотиши ва ҳаётини яхшилик сари ўзгартириши мумкин. Бунинг учун ҳар қандай мушкул паллада ҳам одам ўзига «бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди-ку» ёки «ҳар иш шаррда хайр бор» дея таскин-тасалли бермоғи лозим.
Мутахассисларнинг айтишича, «олма пиш, оғзимга туш» деб ўтириш асло ярамайди. Бирор мақсадни амалга ошириш учун қулай фурсат келишини кутиб ўтириш ҳам тўғри эмас. Чунки муайян мақсадни амалга ошириш учун айни лаҳзалар энг қулай ва мақбул вақт бўлиши ҳам мумкин.
Оливия Ремеснинг қайд этишича, инсон бирор ишга бел боғлар экан, ички овоз уни тўхтатишга уринади, қалбида иштибоҳ туғдиришга ҳаракат қилади. Бундай вазиятда Яратганнинг хайр-барака тилаб ишга киришган маъқул. Чунки вақт асло-асло кутиб турмайди. Қўлдан кетган лаҳзани минбаъд ортга қайтариб ҳам бўлмайди.
«Ҳиссиётлар юқумлидир, шу боис бадбин ва кажфеъл кишилардан узоқроқ юринг. Акс ҳолда ўзингиз ҳам ана шундай кимсага айланасиз», – деб огоҳлантиради Кембриж университети вакили Оливия Ремес.
Мутахассисларнинг маслаҳатига кўра, ҳар куни Худо сизга инъом этган неъматларни эсга олинг. Шукр ҳисси қалбингизга таскин бағишлаб қолмай, мия яримшарларининг фаол ишлашига ҳам кўмак беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter