Психолог: «Қўрқув бўлмаса, беписандлик, лоқайдлик, бефарқлик авж олади» (видео)
Бугун бутун дунёга рахна солаётган коронавирус пандемияси ҳар бир инсон руҳиятида турли даражада салбий ҳислар, қўрқув ва ваҳималар уйғотиши тайин. Буларнинг ҳаммасини ахборотлар стресси деб баҳоласак, айни пайтда бизда ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда. Ваҳоланки, бундай ахборотлардан анча олдин хабардор эдик ва маълум маънода психологик тайёргарлигимиз ҳам бор эди, лекин касаллик бизгача етиб келмаса керак, деган ўй-хаёлларда юргандик…
Хўш, энди нима бўлади? Бизга тинчлик бермаётган ички хавотирларимизни бу ёғига қандай бошқарамиз? Айнан шулар ҳақида тажрибали психолог Шоира Исоқова билан суҳбатлашамиз.
– Ҳар бир маълумот тинглаш ва англашимиз орқали онг остимизга жойлашади. Қўрқув эса табиий ҳимоя воситаси ҳисобланади. Инсонда қўрқувнинг бўлиши баъзи жараёнларга нисбатан жиддийроқ ёндашишни талаб этади. Бундай ҳолатларда биз уни ижобий қўрқув десак ҳам муболаға бўлмайди – дейди психологимиз. – Айнан, пандемияга бўлган қўрқув ичимиздаги бор хавотирларни кучайтириб юборади. Бу эса янада ҳушёр ва эҳтиёткор бўлишга, ҳаётимизга нисбатан масъулиятни чуқурроқ англашимизга ундайди.
Ваҳима эса шахсий хусусиятлар, ичимизда салбий фикрлар кўпайганда пайдо бўладиган руҳий ҳиссиётларимиздир. Ва у ўз навбатида турли нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради. Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз ҳаётини ўйлаб озми-кўпми хавотирланамиз. Ваҳима ичимизда ғалаён кўтарган фикрларнинг кучайишига олиб келади ва қўрқувимизни икки-уч ҳиссага кўпайтиради. Айниқса, болажонларимизнинг таъсирчан эканини ҳисобга олсак, уларнинг хавотири ва қўрқуви ортади ва стресс кучаяди. Бу масаланинг бир томони, лекин иккинчи томони борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Айни вазиятда ваҳима қилмасак ҳам бўлмайди. Ваҳимасиз юриш бефарқлик, лоқайдликни пайдо қилади. Одамлар онгига «Бу қўрқинчли эмас, ўзи ўтиб кетади, ўзи тузалади, ҳеч нарса қилмайди», деган фикрлар келиши мумкин.
– Тўғри, коронавирус билан ҳазиллашиб бўлмайди, лекин инсоният шу пайтгача қанчадан қанча касалликларни енгиб келган. Шундай эмасми?
– Албатта, ҳар бир давр ўзига хос синовлари, муаммолари, турли касалликлари билан ҳам ёдимизда қолади. Баъзан инсон хато қилади ёки ҳаддидан ошади, ўзлигини йўқотиб, турли салбий иллатларини юзага чиқаради. Ўша хатоларимиз учун ҳам шунақа вазиятларга дуч келамиз. Ҳозир ота-боболаримизнинг ибратли ўгитларига қулоқ солиб, сабр, шукрни кўпайтириб, ҳаммасидан тўғри хулоса чиқаришнинг айни мавриди.
Тан олиш керак, бундай касаллик билан ҳазиллашиб бўлмайди. Коронавирусга бефарқ, лоқайд, беписанд қарасак, яқинларимиз ва оила аъзоларимиз ҳаётини катта хавф остига қўйишимиз мумкин. Қачонки, унга нисбатан иродамизни мустаҳкам қила олсак, психологик иммунитет ҳосил қилсак, санитария қоидаларига сўзсиз риоя этсак, карантин қоидаларини бузмасак, ўзимиз ва оиламиз учун масъул бўла олсак, барчамиз меҳрли, эътиборли, ҳамжиҳат бўлсаккина бу касалликни енгамиз.
– Бугун кимлардир коронавирусдан қаттиқ қўрқаётган бўлса, кимлардир бундайларнинг устидан куляпти. Мутахассис сифатида мазкур вазиятни қандай изоҳлайсиз?
– Баъзан ижтимоий тармоқларда бу шунчаки ўйлаб топилган касаллик ёки Хитой давлати ташкиллаштирган фитна деган миш-мишлар тарқалишига гувоҳ бўляпмиз. Миш-мишми, фитнами, касалликка чалинган давлатларни кўряпмизми, улардаги оғир вазиятларни кузатяпмизми, демак, хотиржам ўтиришга ҳаққимиз йўқ. Ҳар хил сохта ахборотларга ишонмай, ҳукуматимиз томонидан берилаётган топшириқларни жиддий қабул қилиб, мана шу даврда бир миллат ва халқ эканимизни теран тафаккуримиз, юксак онгимиз, кенг дунёқарашимиз орқали намоён этишимиз керак.
– Айнан ваҳимага тушмаслик учун нима қилиш керак?
– Энг аввало, ўзимизни қўлга олиб, вазиятга масъулият билан жиддий ёндашишмиз зарур. Ваҳима қилиб нимага эришишингизни тасаввур қилиб кўринг, фақат ўзингиз, яқинларингиз, атрофдагиларни стрессга соласиз холос. Стресс эса инсонни кучдан қолдиради. Яъни иштаҳа йўқолади, иммунитет тушади. Заиф иммунитет эса ҳар қандай касалликлар олдида ожиз қолади. Шундай экан биз бу йўлдан кетмаслигимиз керак. Ваҳимани, бефарқликни бир четга суриб, соҳа мутахассислари бераётган тавсияларга тўлиқ амал қилишимиз зарур.
Ҳеч ким оила тинчлиги, фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмасин! Яхшиси, ажрим ёки жар ёқасига келиб қолган оилалар бир тўхтамга келишдан олдин чуқур ўйлаб кўришсин, эҳтимол, бу оилангизни тиклаб олиш учун берилган имкониятдир. Турмуш ўртоғингиз билан самимий мулоқотда бўлинг, мана шу кескин вазиятларда бир-бирингизни қўллаб-қувватланг!
– Карантин вақтида уйда ўтирган юртдошларимизга руҳиятни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришга хизмат қиладиган тавсияларингиз борми?
– Энг аввало, ҳаммамиз карантинда ўтириш бу – ўзимиз, оиламиз ва яқинларимиз саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган касалликдан соғ-саломат чиқиб олишимиз учун берилган масъулият эканини англашимиз керак.
Қуйида кайфиятни туширмаслик ва руҳиятни мустаҳкамлашга доир тавсияларимни бериб ўтмоқчиман. Улар ҳар бирингизда ижобий натижа беришига ишонаман.
- Дастлаб ички хотиржамликка эришган ҳолда, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишга ўзингизни созлаб олинг!
- Карантинга – шунчаки вақт ўтказишдек эмас, балки оиламиз, фарзандларимиз даврасида кўпроқ бўлишимиз учун берилган имконият деб қарайлик. Чунки иш, рўзғор ва бошқа ташвишлар деб фарзандларимиз, оиламизга вақт ажрата олмаслигимиз бўйича кўп шикоят ва эътирозларимиз бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
- Ўзингиз ва оила аъзоларингиздан карантин қоидаларига тўлиқ риоя этишни талаб қилинг!
- Тозалик ва озодаликка алоҳида эътибор беринг!
- Нафақат тана тозалиги, балки руҳият поклиги ҳам доим муҳим ўрин тутишини унутманг.
- Ўзингиздаги негатив фикрларни йўқотинг, турли аламзадалик, нафрат, ғазаб каби нуқсонларни бартараф этиш устида бош қотиринг. Ижобий фикрларни тарбияланг!
- Олдингизга мақсадлар қўйинг, янги режалар тузинг, бажаришингиз лозим бўлган вазифаларни белгилаб олинг.
- Фарзандларингиз даврасида ибрат бўладиган турли мавзулардаги китобларни ўқинг, улар билан суҳбатлашинг, оилангизда мавжуд бўлган бўшлиқни меҳр-муҳаббат билан тўлдиришга ҳаракат қилинг.
- Концертлар, яхши кинолар томоша қилинг, уйда кўпроқ бўлишга одатланинг.
- Руҳий ҳолатингиз устида ишланг, салбий нуқсонларингизни йўқотинг, психологик иммунитетингизни мустаҳкамланг, психологик китоблар ўқинг.
Бу сизу бизга берилган синов. Ҳар биримиз уни тўғри англаган ҳолда ҳаракат қилишимиз керак, чеклов қўйилган ҳудудларга бормаслигимиз, оила даврасида қолишимиз шарт, тавсияларга кўра, кўпроқ сув ичишимиз зарур.
Энг муҳими, ҳар бир ҳолатга соғлом фикр билан ёндашсак, албатта бу синовлардан эсон-омон ўтиб оламиз.
– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!
Ш.Исроилова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter