Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистонда Ўзбекистонга алоқадор маданий бойликлар кам эмас

Афғонистонда Ўзбекистонга алоқадор маданий бойликлар кам эмас

Самарқандда ўтаётган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VII Халқаро Конгресси шу вақтгача лойиҳада иштирок этмаган давлатлар, манзилларни жалб қилишга алоҳида эътибор қатармоқда. Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига юборилган таклифнома ана шу мақсадга қаратилган эди.

Тадбирда иштирок этган Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Муҳаммадсобир Туркистоний Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк фарзандлари бошқарган юксак маданиятли заминда маданий мерос ҳам ана шунга мувофиқ бўлиши табиий деди:

 –  Бир вақтлар Мовороуннаҳр деб аталган икки дарё оралиғидаги заминда Ўзбекистон ҳам, Афғонистон ҳам жойлашган. Маданиятимизда муштарак жиҳатлар кам эмас.  

Алишер Навоий ҳазратлари маданий мероси Ўзбекистон ва Афғонистон халқларининг бойлигидир. Алишер Навоий бобомизнинг хоклари Ҳирот вилоятида. Ҳиротда султон Ҳусайн Бойқаро даврида қурилган минораларнинг ҳаммаси ягона мажмуа сифатида қад кўтарган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса Кобулда дафн қилинган. Боғи Бобур деб аталадиган мажмуада.

Афғонистонда ҳам улкан маданият музейлари бор. Кобулда, Ҳиротда, Мозори Шарифдаги музейларимизда осори атиқаларимиз сақланади.

Конгресс экспертлари Афғонистон музейларида, шунингдек, аҳоли қўлида бевосита Ўзбекистон маданий меросига дахлдор ноёб ашёлар, нодир қўлёзмалар сақланаётгани эҳтимоли юқори деб таъкидлайдилар. 

–  Афғонистон билимдонларидан даъват бўлса, биз уларнинг иштирокини таъминлаймиз. Шу вақтгача бу лойиҳада Афғонистондан иштирок бўлмаган. Лекин, келажакда Ўзбекистон  маданий  меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти анжуманларида, бошқа ён қўшнилари қатори Афғонистон олимлари ҳам нодир топилмалар ҳақида маълумотларни тақдим қилишларига умид билдирамиз, – дейди Муҳаммадсобир Туркистоний.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VII Халқаро Конгресси сўнгги мажлисларида Туркманистон давлат музейида Хива кумуш тақинчоқлари, Россия хусусий фондида эса номаълум муаллиф томонидан яратилган Мирзо Улуғбек тасвири сақланаётгани маълум қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг