Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Навоий: «Хонандалар... бадфеъл, қайсар ва дағал сўзли...»

Алишер Навоий: «Хонандалар... бадфеъл, қайсар ва дағал сўзли...»

Сунъий интеллект яратган Навоий образи.

Фото: https://t.me/pulatov_kh

Тахаллуси Навоий бўлган мутаффакир шоир наҳотки навони ёқтирмаган деб ўйлашингиз мумкин. Чунки, у «Ҳайратул-аброр» достонида наво ҳақида эмас, навони ижро қилувчиларнинг феъл-атворини танқид қилиб ўтган. Бироқ бу Навоий навони ёқтирмаган, дегани эмас.

Кўпчилик, Алишер Навоий болалигида хушовоз булбулнинг сеҳрли навосига ошуфта бўлиб, ўзига Навоий тахаллусини танлаган деган ривоятни эшитган. Балки бу тўғридир, эҳтимол... Хуллас, бу бошқа мавзу...

Маълумки, Темурийлар салтанатида ижоду илм, маърифатга эътибор берилиши натижасида Хожа Абдулқодир Мароғий (1353–1435) деган «соҳиби адвор», «саромади адвор» номли мусиқий унвонларга сазовор гўянда ва созанда бўлган. У ўз даврининг мусиқашуноси ҳам бўлиб, «Зубдат уд-адвор», «Мақасид ул-илҳон», «Жомеъ ул-алҳон» ва бошқа номли мусиқага оид рисолалар ҳам битган. Мароғийнинг издошлари сифатида Навоий даврига келиб Хуросонда Муҳаммад Биноий, Зайнулобиддин Ҳусайний каби муаллифлар мусиқага оид асарлар ёзиб, уни Алишербекка бағишлаганлар. Шунингдек, шоирнинг устози ва маслакдоши Абдураҳмон Жомий «Рисолаи мусиқий» асарини Алишербек шарафига битган эди.

Бундан ташқари, дўсти Ҳусайн Бойқаро ва Навоий ёшлик пайтларида мусиқадан ҳам таълим олишган. Ҳаттоки, «Бобурнома»да муаллиф «Алишербек яна мусиқийда яхши нималар боғлабтур. Яхши нақшлари (қўшиқ У.Б.) ва яхши пешравлари (чолғу йўли) бордир», деб ёзган эди. Демак, Навоий куй ва қўшиқлар ижро қилувчи бастакор ҳам бўлган. Бу борада асли андижонлик бўлиб, Ҳиротга келиб қолган созанда Хожа Юсуф Бурҳон Навоийга устозлик қилганини айтиб ўтиш жоиз.

«Мажолисун-нафоис»да бу тўғрида Навоийнинг ўзи «мусиқий илмни ҳам яхши билур эрди ва фақир мусиқий фанида анинг шогирдимен. Кўпроқ ўз шеърига мусиқий боғлар эрди», деб ёзган. Шу тариқа мусиқага ихлос қўйган Навоий устод Қулмуҳаммад Удий каби халқ орасидан чиққан иқтидорлиларни мавлоно Алишоҳга ўхшаш устоз бастакорларга топшириб, тарбия қилдириш, ёш ҳофиз ва машшоқларнинг мусиқа илмини пухта ўзлаштиришларига ёрдам берадиган рисолалар ёзишни Мир Муртозга, шунингдек, Жомийнинг «Адвор», «Рисолаи мусиқийси», Мавлоно Алишоҳнинг «Аслулусул» сингари асарларининг яратилишига ҳам сабабчи бўлди.

Алишербекнинг ўзи эса мусиқа илмини Хожа Юсуф Бурҳон деган шоир ва мусиқашунос ҳофиздан ўрганган эди.

Бундан ташқари, Навоий ва Бойқаро давлат раҳбарлари даражасига етишгач, саройда мусиқа базмлари ташкил қилибгина қолмай, темурий шаҳзодаларнинг мусиқа борасидаги билимларини юксалтиришга ҳам эътибор қаратишган. Уларнинг даврида созандалардан мавлоно Солимий, Хожа Камолиддин Удий, Али Кармол, устод Ҳасан Нойилар, хонандалардан ҳофиз Шарбатий, ҳофиз Шарбатий, ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳ, ҳофиз Жамолиддин Маҳмуд, ҳофиз Мир, ҳофиз Ҳасан Али, ҳофиз Ҳожи, ҳофиз Султон Маҳмуд Айший, Муҳаммад хонанда, Сиёқча хонанда, ҳофиз Обаҳий, ҳофиз Чироғийлар соз ва сўз машваратларида иштирок этардилар.

Садриддин Айний 1948 йилда нашр этилган «Алишер Навоий» монографиясида ўша давр мусиқачи ва хонандаларидан Басир ҳофиз, Мирвафо ҳофиз, Ҳасанали ҳофиз, Жомий ҳофиз, Султон ҳофиз, устоз Қулмуҳаммад, устоз Ҳожи Каҳитий ноий, устоз Али Танбурийларнинг ҳам номларини санаб ўтган эди. Шу каби Навоийнинг тоғаваччаси Мирҳайдар Хожа Абдулло Марворид, Зайниддин Маҳмуд Восифийлар ҳам, Айний домла айтганидек, мусиқа ҳавасмандлари бўлишган.

Шаҳзодаларнинг фақатгина соз жарангини эшитибгина қолмай, мусиқа илмидан бохабар бўлишлари учун ҳам эътибор қаратилганки, бу борада Навоий ҳазратлари «Хамсат ул-мутаҳаййирин» рисоласида шаҳзодаларга мусиқий сабоқ бериш учун Ҳиротнинг тўртта машҳур мусиқашуносига тўртта рисола ёзиш буюрилганини таъкидлаб ўтади. Ҳазратнинг асарларида эса бевосита руд, рубоб, қўбиз, ғижжак, барбат, уд, аёлғу каби сўзлар ишлатилганини кўриш мумкин бўлиб, булар Навоий замонида ишлатилган мусиқий асбоблардир. Айниқса, аёлғу тўйларда ёр-ёр ўрнида ишлатилган.

Бу борада «Садди Искандарий» асарида шундай жумлалар бор:

Навоий, чу сарманзилинг Чингадур,

Сурудинг доғи сур аро чингадур.

Аёлғунг неча ёр-ёр ўлғуси,

Менинг йиғларим зор-зор ўлғуси.

Ёки «Ҳайрат ул- аброр»да:

Турк суруди била солиб қўлим,

Қилсам адо «Ҳей тулигим, ҳей тулим»,

Ул қила олмаса ҳамовозлик,

Қилса аёлғу била дамсозлик.

Навоий ўзига тутинган ўғил сифатида асраб уйидан бошпана берган Шоҳқули ҳам ғижжакчи бўлгани маълум. Шунингдек, Ҳофиз Қозоқ, Устод Сайид Аҳмад, Устод Ҳусайн, Устод Шайхий Ноий сингари созандалар ҳам Алишербек хизматида бўлиб, нафақат Бойқаро саройидаги, балки Навоий ҳазратларининг уйларидаги базмлардаям мусиқа оқшоми ташкил қилардилар.

Хондамир «Хулосат-ул ахбор» асарида ёзганидек, «Олийҳазрат амир Алишер мусиқа илмида ҳам шу қадар маҳорат ҳосил қилган эдиларки, агар муаллими соний Абу Наср Форобий ҳаёт бўлганларида унга шогирдлик сирғасини қулоғига тақиб оларди. Қонуну удда зўр таълим олган. Бинобарин, созанда аҳлининг кўпчилиги ҳамиша олийҳазратнинг мулозаматида бўладилар». Хуллас, Навоий мусиқа илмидан хабардор, эътиборли шахс бўлган. Хўш, унда навокашларни танқид қилгани-чи?

Табиийки, бу ҳам хонандаю, созандаларнинг феълини яхши билганидан, мудом уларга диққат қаратиб юрганидан бўлган.

Мана, эътибор беринг-а: «Аммо хонанда ва созандаларнинг саёқлари, гарчи ғамни тарқатувчи, шодлик таратувчи бўлсалар ҳам, лекин ҳақиқатда пасткаш ва тиланчилардир. Бундай ашулачи ва чолғувчилар зорланиб ва ялинчоқлик билан пул топадилар. Агар буюрувчидан инъом-эҳсон бўлса, унинг хизматини бажарадилар. Суҳбатда ноз-неъмат тўкин бўлса, улар ҳар қандай амр-фармонни бажаришга тайёрдирлар. Агар базмда маишат кам бўлса, улар ноз-истиғно ва инжиқлик билан қилиқ кўрсатадилар. Ва агар ноз-неъмат деган нарса тамом йўқ бўлса, уларнинг кўнгли сендан узилди ҳисоб. Улар агарчи йил бўйи сенинг эҳсонингдан баҳраманд бўлган эсалар-да, ёнингдан танимай ўтиб кетаверадилар. Оз олсалар – ерга урадилар; кўп олсалар – қадрламайдилар.

Уларнинг кўпчилиги ахлоқсиз; бадфеъл; қолганлари ҳам ўлгудай қайсар ва дағал сўзли бўладилар. Ҳаракатлари ҳаддан ташқари тутуриқсиз сўзларидек, гаплари эса бемаҳал қилган нозларидек, улар вафо деган фазилатдан бенасиб қолганлар, шунинг учун вафодорлар улар олдида қадрсиз ва хароб. Вафосиз муғанний – ҳаёсиз муттаҳам. Агар йиллар бўйи иззат-ҳурмат қилиб, унга едириб-ичирган бўлсанг ҳам бир гал уни қуруқ қўйсанг, сендан кечади, танимайди-қўяди. Булар эркак сувратидаги таннозлар ва башанг кийим кийган уйбузар ахлоқсизлардир. Улар қўшиқ айтиб ва соз чалиб, баъзиларни таловчи, йўлтўсарлардир. Ҳеч кимга бу фитна дуч келмагай, чунки овозидан нажот қуши учиб кетади, қуш қўнмоқчи бўлса, доим довул уради, бу билан ўша қушни узоқ муддатга ҳуркитиб юбориш мумкин...»

Хуллас, Навоий баъзи навокашларнинг феъл-атворини кузатиб юрганидан шундай хулосага келишга мажбур бўлган.

Умид Бекмуҳаммад, тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг