Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ўзбошимча тикланган объектлар аниқланди (фото)

Бухорода умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ўзбошимча тикланган объектлар аниқланди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро азалдан ўзининг қадимий архитектураси, меъморий мажмуалари билан диққатга сазовор. Бугунги кунда Бухоро вилоятида 829 та маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган: 287 та археология ёдгорликлари, 508 та архитектура,  17 та монументал ҳамда 17 та диққатга сазовор жойлар шулар жумласидандир.

Бухоро Маданий мерос бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳбоз Жўраевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, таъмирга муҳтож объектларда уларни асрашга доир амалий ишлар бажарилмоқда. 2023 йилда шундай 21 та объектда таъмирлаш ва реставрация ишлари амалга оширилган. Жорий йилда эса манзилли дастур асосида 36 та маданий мерос объектида реставрация ишларини бажариш кўзда тутилган.

«Бухоро шаҳрининг тарихий маркази 216 гектар майдонни ўз ичига олган бўлиб, у 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Тарихий марказнинг муҳофаза ҳудуди 339 гектардан иборат. Айтиш ўринлики, бундай рўйхатга киритилган тарихий марказ ҳамда унинг буфер зонасида 280 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари жойлашган. 2023 йилнинг сентябрь ойида эса Буюк Ипак йўлининг «Зарафшон-Қорақум коридори» йўналишида жойлашган, узоқ тарихга эга 7 та маданий мерос объекти, жумладан, Пойкент, Варахша, Вардонзе, Чор Бакр ва Баҳовуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб ҳазираси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Маълумки, ҳар бир тарихий объект сайёҳлик манзили сифатида иқтисодий қувватга эга ноёб манзиллар саналади. Айниқса, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси шундай улуғ қадамжолардан биридир. Мазкур объектда олиб борилаётган реставрация ишлари ўзига хос характерга эга. Мажмуадаги бир аср муқаддам бузиб юборилган манғитлар сулоласининг асосчиси Дониёлбий оталиқ мақбаралари ва мадрасалари ўз ўрнида қайта тикланди. «Тоқи миёна» ва  «Диловар» дарвозалари реставрация қилинди. «Долони дароз» деб аталадиган қадимий кириш йўлаги таъмирланди», — деди Шаҳбоз Жўраев.

Билдирилишича, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ўрнида, огоҳлантиришларга қарамай, қатор корхоналар ва якка тартибдаги фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилиш ишлари олиб  борилган. Маълум бўлишича, Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси томонидан илмий-эксперт Кенгашининг тегишли хулосасини олмасдан, ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилиш ишлари олиб борган 62 та ҳолат аниқланган. Бундан ташқари, 32 нафар жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органларига тақдим этилган.

«Тарихий-маданий қимматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуд ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий-маданий мерос объектлари ҳисобланмаган биноларни ўзбошимчалик билан тиклаган яна 30 нафар шахслар маъмурий жазога тортилишди. 4 та ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш юзасидан МИБ Бухоро шаҳар бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейди Шаҳбоз Жўраев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг