Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Достонга татигулик умр: партиядан ҳайдалган бахши

Достонга татигулик умр: партиядан ҳайдалган бахши

Фото: «Xabar.uz»

У ҳаётини мактабда ўтказди. Она-тили ва адабиётидан дарс берди, кўп йиллар мактаб директори бўлиб ишлади. 1970 йилгача коммунистик партия аъзоси эди. Бошқачасига болаларга дарс берадиган масканни бошқара олмасди. Партияда бўлиш шарт эди.

Ҳаммаси ўша йили ўзгариб кетди. Қора Умировни партиядан ўчиришди, директорликдан ҳайдашди, қўшимчасига мактабда ишлашни ҳам таъқиқлаб қўйишди. Охир-оқибат юрти – туғилиб ўсган Деҳқонободидан бош олиб, Сурхонга кетишга мажбур бўлди. Сабаб – Қора бахши халқнинг тўй-томошасида, умуман, оддий кунларида ҳам достон айтишни тўхтатмади. Ота-боболаридан қолган санъатини, бахшиликни бир сонияга бўлсин ташлаб қўймади. Партия аъзоси бўладими, мактаб директорими, достонларни халққа етказаверди. Тунларни дўмбира билан ўтказди. Эвази оғир бўлди, жазоланди, сарсон-саргардон бўлди.

Қора бахши Умиров билан суҳбатимиз Сурхондарё вилоятида ўтаётган фестивал олдидан кечди. 86 ёшли бахши бу ерга фарзандлари, невара ва чеваралари билан келган.



БАХШИЧИЛИК
Эсимни таниганимдан бери бахши эшитаман, ёки ўзим айтаман. Болалигимда свет деган нарса бўлмаган. Одамларнинг ягона эрмаги бахши эди. Тўйларда тонготар достонлар айтиларди. Свет бўлмагандан кейин, телевизор бўлмагач одамлар нима қиларди, бахши эшитади-да.

Баъзилар 40 талаб достонни ёддан биламан, дейди. Бунақа бўлмайди. Достонни ёдлаб бўлмайди. Бахши жойи келганда ўзидан чиқаради, тўқийди. Одамларни ҳаяжонда ушлаб туришни билиши керак. Буни ёдлаб бўлмайди.

Достонлар одамни тарбиялайди. Уларга яхшилик қилишни, мардлик, жасоратни ўргатади. Бахши кундузи айтилмайди. Буниям ўз тарихи бор. Одамлар кундузи тирикчилик қилган, мол-ҳолга қараган, деҳқончилик юритган. Тунда достон эшитишган.
Умрим шу билан ўтди.



ТОМОҚ ҚИРИБ АЙТИШ
Бахшида нота йўқ. Дўмбирада нота чиқмайди. Нота юракда бўлади. Юракдан чиқади. Нимага томоқ қириб айтади? Билмадим. Шунақа айтилади, тамом-вассалом. Бизда шундай. Масалан, Хоразмда бошқача айтишади. У ерда томоқ қирилмайди, дўмбира ҳам йўқ. Достонларни доира билан айтишади. Ҳамма жойнинг ўз йўли бор.

ҚИЗИЛЛАР
Мен икки даврни кўрдим. Қизиллар деймизми, болшавойларми, ўша даврда бахшичиликка қарши катта кураш бошланди. 50-йилларга келиб бахшичилик тугай бошлади. Бахшиларни қатл қилишди, отишди, қамашди, Сибирга сургун қилишди. Бундай шароитда маданиятимиз, тилимиз сақланиб қолганига хурсанд бўлишимиз керак.

Бахшичиликка қарши эскилик сарқити, дея кураш олиб боришди. Хурофот, дейишди. Натижада бахшиларимиз камайиб кетди. Мен 40-йилларни яхши эслайман. Ҳар ерда икки ёки уч бахши бўларди. Олтмишинчи йиллардан кейин умуман камайиб кетди. Ёши катталар ўтгани сари ўрнини эгаллайдиганлар жуда кам эди.

Менинг етти уруғим бахши ўтган. Мен ҳам давом эттирдим. Бошқача йўл тута олмасдим. Билиб қолишгандан кейин ёмон бўлди. 1970 йилда партиядан ҳайдашди. Коммунист бўла туриб, хурофотга қарши курашиш ўрнига уни тарғиб қиляпти, деб айб қўйишди. Мактабдан кетдим, Туғилган юртим Деҳқонободда яшай олмадим. Охири Сурхондарёга кўчиб кетдим.



ЯХШИ КУНЛАР
Бошқалар ҳам у ёқ, бу ёқда жон сақлашди. Сал қолса бахшичилик йўқолиб кетарди. Минг йиллардан бери келаётган санъатимизни йўқ қилишарди. Бахтимизга яхши кунлар келди.

80-йиллардан ҳаммаси яхшилана бошлади. 1985-йилда бахшилик фестивали ўтказилди. Ўшанда мен укам Чори бахши ва ўғлим Нурали бахши билан қатнашдим. Ғолиб бўлдим, Ўзбекистон халқ бахшиси деган ном олдим. Ҳозир Худога шукр, ҳаммаси яхши. Йўлимизни ҳеч ким тўсмайди. Юздан ортиқ бахшилар бор. Мана шу фестивалда ҳам 10 шогирдим қатнашяпти. 86 ёшга кирдим. Шундай кунларни ҳам кўрдик.

Зафар ҚОСИМОВ

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг