Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Глобал экологик муаммолар акс этган 20 дан ортиқ ҳайкалтарошлик асарлари яратилди

Глобал экологик муаммолар акс этган 20 дан ортиқ ҳайкалтарошлик асарлари яратилди

7 сентябр куни «Тошкент – 2024» III Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ёпилиш маросими ўтказилди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бадиий академия, Бадиий ижодкорлар уюшмаси масъуллари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари, Бадиий академия ҳузуридаги таълим муассалалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир аввалида Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг симпозиум иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.

«Бу галги симпозиум «Ҳайкалтарошлик, атроф муҳит ва иқлим ўзгариши» мавзусига бағишланди. Бир ой давомида машаққатли меҳнат, бой тажриба ва улкан маҳорат эвазига яратилган ўзига хос оригинал ғояга эга ҳайкалтарошлик асарлари экологияни асраш бугунги кунда инсоният учун нақадар долзарб кун тартибига айланганини англатиб турибди. Бундай бетакрор ижод намуналари учун Симпозиумда иштирок этган барча ҳайкалтарошларга чуқур миннатдорлик билдираман», – дейилади табрикда.

Симпозиумда Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Болгария, Испания, Россия, Эстония, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларус, Озарбайжон, Грузия, Украина, Кения каби мамлакатлардан 20 нафар ҳамда юртимиздан 7 нафар профессионал ҳайкалтарош иштирок этди.

«Симпозиумда қатнашиш учун 150 нафар маҳаллий ва хорижлик ҳайкалтарошлар 600 га яқин лойиҳаларини юборишди. Булар орасидан эса 27 та энг яхши лойиҳалар танлаб олинди. Ҳар бир ҳайкалтарошлик намунаси табиатни муҳофаза қилишга қаратилган маълум бир ғояни акс эттирган, — деди Экология вазири маслаҳатчиси Матназар Элмуродов. — Шу билан бирга, ушбу симпозиум юртимизда ҳайкалтарошлик санъани янада ривожланишига хизмат қилади».

Ҳайкалтарошлар томонидан Тошкент шаҳрида глобал ва минтақавий экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, шаҳарсозлик, аҳолининг экологик ва эстетик маданиятини ошириш мавзуларига бағишланган 20 дан ортиқ ҳайкалтарошлик асарлари яратилди.

«Табиатнинг ифлосланишига, аввало, инсоният сабабчи бўлган. Инсонлар азал-азалдан атроф-муҳитга турли шаклларда зарар етказиб келишган. Энди эса бу ҳолатга барҳам бериш, яъни уйғониш вақти келди. Шунинг учун ҳам мен табиат олдида тиз чўкиб, узр сўраётган инсон образини тасвирладим ва бу асаримни «Уйғониш» деб номладим», — деди эронлик ҳайкалтарош Шаҳо Резаи.

Тадбир якунида ҳайкалтарошларга эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот учун, симпозиум давомида яратилган ҳайкаллар Тошкент шаҳрининг маданий муҳити ва бадиий қиёфасини шакллантириш мақсадида истироҳат боғлари, дам олиш зоналари, кўнгилочар ва сайёҳлик масканларига, шу билан бирга, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University»)га ўрнатилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг