Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Инсон ичидан ҳар лаҳзада юз хил қўғирчоқлар бош кўтаради»

«Инсон ичидан ҳар лаҳзада юз хил қўғирчоқлар бош кўтаради»

Ҳар йили 21 март куни Бутунжаҳон қўғирчоқ театри куни нишонланади. Бу кун қўғирчоқ театрини жаҳон санъати сифатида тан олишга қаратилган. Тарихчиларнинг таъкидлашича, қўғирчоқлар театр актёрларидан олдин туғилган. Одамлар саҳнага чиқишдан олдин бу жонсиз актёрлар дунёнинг турли бурчакларида танилиб бўлишган эди. Ҳиндистонда қўғирчоқ театрининг келиб чиқиши милоддан аввалги 2500 йилларда Ҳинд водийси цивилизациясига бориб тақалади. Яқинда археологлар арқон билан бошқарилиши мумкин бўлган ажраладиган бошли қўғирчоқни топдилар. Мисрда милоддан аввалги 2000 йиллларга тегишли қўғирчоқларнинг археологик далиллари ҳам бор.

Ўзбекистонда Қўғирчоқ театри ўтмишда тараққий этган бўлиб, унинг «чодир хаёл», «чодир жамол», «фонус хаёл» турлари фаолият кўрсатиб келган.  

Аслида Қўғирчоқ театри табиатни илоҳийлаштириш каби маросимларга бориб тақалади. Биргина ёмғирни чақириш учун қўғирчоқларни таёқларга боғлаб «суз хотин сузма хотин» каби ёмғир чақириш маросимини эсланг.   Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ижтимоий фанлар кафедраси мудири Акрам Азизқулов  ҳамда ўқитувчи Акбар Алимов ўз тадқиқотларида қўғирчоқбозлар ҳақида қизиқарли маълумотлар билан бўлишади: «Темурийлар даврида халқ санъатининг барча турлари кенг ривожланган. Айниқса, дорбозлар, қўғирчоқбозлар, коса ўйновчилар, соққабозлар ўйинлари халқ орасида оммабоп бўлган. Бу каби халқ санъатининг моҳияти ва эришган даражаси Ҳусайн Воиз Кошифий асарларида батафсил шарҳлаб берилган. У «Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати» асарида  томоша кўрсатувчиларни уч тоифага ажратади: коса ўйновчилар, қўғирчоқбозлар ва соққабозлар. Ҳусайн Воиз Кошифий тариқат аҳли учун ҳам бу томошаларнинг аҳамиятини тушунтириб ўтади. Қўғирчоқбозлик санъатининг моҳиятини қуйидагича изоҳлайди: «Эй азиз, билгилки, соҳибдил дарвешлар қўғирчоқ ўйинидан кўп рамзу ишоратлар ўқиб, дунёнинг сир-синоатини фаҳмлаб, ҳийла ҳақиқатларни кашф этибдирлар. Шуни билиш лозимки, шаклу шамоил, сурат оламида зуҳур этадиган нарсалар ҳазил-мутойиба бўлса-да, аммо моҳият-мазмунига кўра, улар жиддий ҳақиқатларни англатадилар.

Кошифий қўғирчоқ ўйини (қўғирчоқбозлик) фақат кўнгилочар, ҳазил-мутойибали томоша эмас, балки ҳажв ва юмор орқали ижтимоий жараёнларда содир бўладиган ёки инсонлар фаолиятида намоён бўладиган баъзи бир салбий иллатларни очиб бериш ва бундан томошабинларга ибрат олишга ундайдиган санъат тури эканлигини таъкидлайди.

У қўғирчоқ ўйнатувчилар ҳақида шундай дейди: «Агар қўғирчоқбозликнинг шартлари нимадан иборат, деб сўрасалар, айтгил: асосий шарти шуки, қўғирчоқ ўйнатувчи доно бўлсин ва ҳақиқатдан баҳра топсин». Мантиқий ва танқидий тафаккурга эга бўлган қўғирчоқ ўйнатувчигина жамиятда содир бўладиган ёки кишилар феълида учраб турадиган салбий иллатларни англамоғи ва қўғирчоқлар тимсолида ҳазил-мутойиба орқали кишиларга шундай етказмоғи керакки, томошабинлар бундан ибрат олиб хулоса чиқарсин. Қўғирчоқ санъатида ишлатиладиган саҳналар ва уларнинг зоҳирий маъно касб этишини эса қуйидагича таъкидлайди: «Агар(хайма) чодир нимага ишора  қилади, деб сўрасалар, бу инсон баданига ишора, деб жавоб бергил. Чунки инсон ичидан ҳар лаҳзада юз хил қўғирчоқлар бош кўтаради ва тилга киради. Бу хайма, яъни бадан ичида турли феъл-равишлар бўлса-да, бироқ буларнинг ҳаммаси ягона қудратнинг санъати, ижодидан бошқа нарса эмас. Агар пештахта (сандиқ) нимага ишора этади, деб сўрасалар, одамзод қалбига ишорадир, деб айтгил. Зеро, қалб ажойиб сандиқ бўлиб, одамнинг аҳволи, хислатларидан нишона бериб туради. Шу боис, ҳам уни «қалб»деганлар (араб тилида қалб сўзи ўзгарувчи, эврилувчи, деган маъноларни беради).»

Тарихга назар ташласак, юртимизда қўғирчоқ театри (қўғирчоқбозлик санъати) салкам йигирма асрлик тарихга эга. Европада дастлаб Италияда ХVI асрдан, Россияда эса XVIII-XIX асрдан бу санъат қайд этилган. Кўриниб турибдики, Марказий Осиё халқлари қўғирчоқ театри санъати ривожи бўйича Европа давлатлари ва Россияга нисбатан бир неча аср аввал ютуқларга эришган.»

Хўш, бу кунни қандай нишонлаш керак?

Театрлар афишасида 22-27 март кунлари Наврўз байрами, Халқаро қўғирчоқбозлар ва Халқаро театр куни муносабати билан Очиқ эшиклар куни эълон қилинган. Беш кун мобайнида турли хил театр томошалари намойиш этилади. Энг қизиғи спектаклларга кириш мутлақо бепул.  

Бир неча сабаблар билан шу кунларда қўғирчоқ театрини томоша қилинг, агар сиз илгари ҳеч қачон қўғирчоқ театрини кўрмаган бўлсангиз, энди сизнинг вақтингиз! Қолаверса ушбу санъат тури ҳақида ўқинг, ўрганинг. Қўғирчоқ санъати ҳақида бир нечта китоблар ва онлайн материаллар мавжуд. Ушбу санъат тури қандай пайдо бўлганлиги ҳақида ҳамма нарсани билиш учун милоддан аввалги 2000 йилларга саёҳат қилинг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг