Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбулга келсангиз, Тақсим майдонини албатта томоша қилинг (фото)

Истанбулга келсангиз, Тақсим майдонини албатта томоша қилинг (фото)

Тақсим майдони.

Фото: Xabar.uz

Туркия маданият ва туризм вазирлиги мамлакатга саёҳатчиларни жалб қилиш учун доимо янги лойиҳаларни ишлаб чиқади ва уни тизимли амалга оширади. Сўзимизнинг исботи — бундан беш йил олдин бутун дунёга короновирус деган офат хавф туғдирганда айнан шу вазирлик «Пандемия шароитида туризм» лойиҳасини ташкил этиб, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналист ва блогерларни ушбу мамлакатга таклиф қилган эди. Ва пандемия шароитида хавфсиз саёҳатни ташкил қилишни кўрсатиб берган эди.

Бу сафар ҳам Туркия маданият ва туризм вазирлиги «Туркияда Рамазон» дастурини эълон қилиб, мамлакатга ўзбекистонлик ва озарбайжонлик оммавий ахборот воситалари ходимларини таклиф қилди. Улар орасида Xabar.uz мухбири ҳам бор.

Туркиянинг энг йирик, аҳолиси 16 миллиондан кўп Истанбул шаҳри Осиё ва Европани боғлаб туради. Бу қадим шаҳарни яна «Азонлар шаҳри» ҳам дейишади. Бу бежизга эмас, албатта. Йирик мегаполисга айланган шаҳарда уч мингдан зиёд қадимий масжидлар рўйхатга олинган. Янги қурилган масжидлар билан уларнинг сони ҳозир 10 мингдан ошади.

«Туркияда Рамазон» дастурига мувофиқ, журналистлар саёҳатнинг биринчи куни Истанбулнинг энг гавжум жойларидан бири — Тақсим майдони ва Тақсим жоме масжидини томоша қилиб, шу ерга туташ машҳур Истиқлол кўчасини бориб кўришди.

Шаҳарнинг марказий қисмидаги Тақсим майдони Тақсим микротумани ва Бейўғли туманида жойлашган.

Тақсим майдони

Хўш, нима учун бу майдон Тақсим деб аталган? Бизга ҳамроҳлик қилган Жон исмли гиднинг айтишича, қадимда шу ердан бутун шаҳарга сув тақсимланган экан.

Тақсим майдони
Тақсим майдони

Майдон атрофида эътиборни энг тортадиган муҳташам иншоотлардан бири бу, шак-шубҳасиз, Тақсим масжидидир.

Тақсим масжиди

Ушбу масжид 2017–2021 йилар мобайнида меъморлар — Сефик Биркўйи ва Селим Даламанлар томонидан бунёд этилган. Умумий майдони 16 минг квадрат метр, масжид гумбазининг айланаси 24,5 метр, баландлиги 33 метр, 2 та миноранинг баландлиги 64 метрдан зиёд. Масжиднинг ичкариси ва ташқарисида бир вақтнинг ўзида жами 4 минг киши ибодат қилиши мумкин, ерости тураргоҳи 163 та машинани сиғдира олади.

Шунингдек, бу ерда кўргазмалар зали, кутубхона, ошхона ҳам ибодат қилувчиларга хизмат кўрсатади.

Тақсим масжиди

Тақсим майдонига туташган, ҳамиша маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар билан гавжум Истиқлол кўчасида меҳмонхоналар, санъат галереялари, кўнгилочар масканлар, дўконлар, ресторанлар, театрлар, клублар жой олган.

Яна бу кўчада XIX аср охири ва ХХ аср бошларида ишга тушган, ҳозир ҳам ҳаракатда бўлган трамвайни кўриш ва унда сайр қилиш мумкин.

154 йиллик тарихга эга метро

Ва шу ҳудудда 154 йиллик тархига эга қадимий метро тунеллини ва унда доимий ҳаракатда бўлган вагонни ҳамда Истиқлол кўчаси бўйлаб саёҳат давомида ўша машҳур қадимий Галата минорасини томоша қилиш мумкин.

Кўҳна трамвай
Галата минораси
Истиқлол кўчаси

Истанбулда ана шундай бири-биридан қизиқарли томоша қилиб, ўзгача завқланиш мумкин бўлган қадамжолар бисёр. Сафарнинг иккинчи куни Султон Аюб ва Аё София масжидлари, Исломда фан ва технологиялар музейига саёҳат режалаштирилган. Бизни кузатишда давом этинг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг