Кевин Спейсининг аҳволи яхши, у Тошкент кинофестивалидан мамнун! – Кинофестиваль Ахборот хизмати
Машҳур америкалик актёр Кевин Спейси «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросимида сўзга чиқиб, таассуротлари билан ўртоқлашганди. Таниқли юлдуз шу билан бирга ўз соғлиғи ҳақида ҳам маълумот берган эди:
– Ким тинчликни севмайди? Тараққиётга келсак, мен кеча суратга олиш майдончасида бўлдим ва бу ердаги профессионаллик даражаси ўзим иштирок этган бошқа суратга олиш майдонларининг ҳеч биридан кам эмас. Максимал саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, шундай экан бугунги натижалар етти йил олдин бўлганидан жуда фарқ қилади.
Таълим? Фестивал давомида бўлиб ўтган ўнлаб ажойиб маҳорат дарсларини кўринг ва баҳо беринг. Бу ёш киноижодкорларга ўзини ривожлантириш учун янги тажрибалар олиш имконини берди. Бу қанчалик муҳимлигини биламан.
Мен ҳам ёш бўлганман ва шу орқали тажриба ортирганман. Ёшлигимда, кинони илк бор кашф қилганимда, мени мафтун этган таниқли киноюлдузларга қарардим. Бу ерда қилаётган ишларингиз, айниқса, аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар учун жуда муҳим. Бугун фестивал доирасида таниқли режиссёрнинг фильмлари намойиш этилганда, ҳатто қоронғу бурчакда ўтирган ўғил ёки қиз ҳам улардан илҳом олади. Фестивалнинг мазмун-моҳияти ҳам шундан иборат, - деди Спейси.
Киноактёр фестивал мисолида Марказий Осиё мамлакатлари бирлашаётганини таъкидлаб ўтди: «Сиз амалга ошираётган шундай ажойиб лойиҳангиз билан фахрланишингиз керак ва бу саҳнада сиз билан бирга туриш мен учун катта шараф», – деди актёр.
Айнан шу ерда Спейси бутун дунё жамоатчилигини хавотирга солаётган соғлиғи ҳақида маълумот бериб ўтди ва Самарқанд тиббий хизматини ҳам юқори баҳолаган.
– Афросиёб» музейи деворидаги фрескаларни томоша қилаётганимда бирдан чап қўлим уюшиб қолди. Дарҳол ҳамроҳлик қилаётган одамларга нима бўлаётганини айтдим. Улар тезда тиббий марказга боришни маслаҳат беришди. Сафардан кейин ярим кунни турли тиббий кўриклар билан ўтказишни кутмагандим. Менга ғамхўрлик қилган шифокорлар жуда эҳтиёткор бўлишди ва улардан жуда миннатдорман. Нафақат ушбу тарихий шаҳар, балки бу ерда жойлашган ажойиб, замонавий тиббиёт муассасаси мавжудлиги учун ҳам хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, менда ҳаммаси яхши кечди, – деди Спейси.
Бундан ташқари, актёр «Марказий Осиё киноси» танлови совриндорларини тақдирлаш маросими ҳамда мухлислар билан суратга тушишларда шахсан иштирок этди. Ёпилиш маросимининг эртаси куни (3 октябр) бир гуруҳ кинофестивал иштирокчилари билан биргаликда Кевин Спейси ҳам «Афросиёб» тезюрар поездида Тошкентга етиб келди ва шу куннинг ўзида пойтахтдан ватанига жўнаб кетди.
Тошкент халқаро кинофестивали Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда Кевин Спейсининг аҳволи яхши. Шунингдек, актёр хорижий ва маҳаллий нашрларда айтилганидек Тошкентда эмас, балки Самарқандда соғлигида ноқулайлик сезганини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter