Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги Ўзбекистонда миллий кино санъати вакилларига алоҳида масъулият юкланади – Киноижодкорлар мурожаати

Янги Ўзбекистонда миллий кино санъати вакилларига алоҳида масъулият юкланади –  Киноижодкорлар мурожаати

Кинематография агентлигининг «Ренессанс» кино уйида Республика киноижодкорлари форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Маънавият ва маърифат кенгаши кенгайтирилган йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Форумда тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари, Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ходимлари, жами 400 га яқин киноижодкорлар иштирок этишди.

Форумда сўзга чиққан Кинематография агентлиги директори Ф.Абдухолиқов, Агентлик директори ўринбосари Ш.Ризаев, Ўзбекистон Халқ артистлари Х.Саъдиев, Т.Мўминов, Р.Адашев, Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист М.Матчонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими И.Эргашев ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда миллий кинони ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар. Давлатимиз раҳбари маърузасида илгари сурилган вазифалар ижроси юзасидан қизғин мулоқот ва фикр алмашувлар бўлди. Форум иштирокчилари йиғилиш ниҳоясида Ўзбекистон киноижодкорларининг маданият ва санъат соҳаси вакилларига мурожаатини қабул қилдилар.

Унда Мамлакат раҳбарининг маънавиятга, санъат ва маданиятга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлиги нафақат киноижодкорлар, балки барча маънавий-маърифий соҳалар ходимларининг бир неча йиллик фаолияти учун ўзига хос дастуриламал бўлиши алоҳида таъкидланди. Кейинги йилларда маънавий-маърифий жараёнлар, жумладан кинематография тизимида амалга оширилган ишлар, қўлган киритилаётган ютуқлар, киночилар олдида турган мақсад ва вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги глобаллашув шароитида, ахборот маконида оммавий маданият, ахлоқсизликнинг турли кўринишлари халқимиз, айниқса ёшларимиз дунёқарашига жиддий таъсир қилиши мумкинлиги, бу мафкуравий курашларга қарши киноижодкорлар ҳам бирлашиб, курашиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Киноижодкорлар мамлакатимиз равнақи, Мустақиллигимизни авайлаб асраш, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва жипслигини сақлаш борасидаги якдил ҳаракат қилишлари хусусида фикрлар баён этишди.

Ўзбекистон Киноижодкорлари форуми иштирокчиларининг маданият ва санъат соҳаси вакилларига

МУРОЖААТИ

Ҳурматли ҳамкасблар, қадрли устозлар, азиз дўстлар!

Ҳаммамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида нутқ сўзлаб, маданиятимиз, хусусан кино санъатини янада ривожлантириш бўйича аниқ қадамларни белгилаб бердилар. Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг бу тарихий чиқишлари соҳа вакиллари, хусусан биз киноижодкорларни янада рухлантириб, барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлади. Бу энг аввало, биз соҳа ходимларига катта ишонч билан биргаликда юксак маъсулият хам юкламокда. Тан олиб айтишимиз керакки, бу учрашувдан жуда катта ижодий ғояларларга эга бўлдик, куч ва илҳом олдик. Мамлакат раҳбарининг маънавиятга, санъат ва маданиятга бўлган бу қадар юксак эътибор ва ғамхўрлиги, билдирган қимматли тавсиялари нафақат киноижодкорлар, балки барча маънавий-маърифий соҳалар ходимларининг бир неча йиллик фаолияти учун ўзига хос дастуриламал бўлди, десак муболаға булмайди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда шахсан Президентимиз раҳнамолигида миллий кинематографияни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратиляпти, ўнлаб қарор ва фармонлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Кейинги йилларда бу ўзгаришлар самараси яққол кўзга ташланмоқда. «Ўзбекфильм» киноконцернининг капитал реконструкция қилиниб, замонавий техник ускуналар билан жиҳозланиши, «Ренессанс кино уйи»нинг барпо қилиниши, «Киночилар уйи»да амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, миллий фильмларимизнинг сон ва сифат жиҳатидан юксалиб бораётгани, хорижий кинофестивалларда эришаётган ютуқларимиз, Бутунроссия Давлат Кинематография институти Тошкент филиалининг очилиши, Миллий кино фонди, Миллий кино музейининг янги бинолари ишга туширилиши, – булар барчаси ҳақида узоқ гапириш мумкин. Кинематография агентлиги буюртмасига асосан, йил давомида 392 та киномаҳсулот яратилди, 2017 йилга нисбатан ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қарийб уч баравар ошди. Олти йил аввал халқаро ко-продукция, яъни хорижий киноусталар иштирокида бирорта кинолойиҳа яратилмаган бўлса, жорий йилда ишлаб чиқарилган ва ишлаб чиқариш жараёнида бўлган киномаҳсулотлар сони 25 тани ташкил этади. 2017 йилда битта халқаро мукофот қўлга киритилган бўлса, жорий йилнинг ўзида киноижодкорларимиз 24 та халқаро кинофестивалда иштирок этиб, 56 та мукофотни қўлга киритишди. Шундан 15 таси олий мукофотлардир.

Бу каби ютуқларимиз муҳтарам Президентимиз маърузаларида ҳам алоҳида эътироф этилгани барчамизнинг қалбимизни ғурурга тўлдирди, шунингдек билдирилган қатор таклифлар ҳар биримизнинг зиммамизга алоҳид масъулият юклайди. Жумладан «Тирик тарих» туркумидан Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган 50 дан ортик фильмлар яратиш дастурини ишлаб чиқиш, болалар учун буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар суратга олиш, «эркин иқтисодий киноҳудудлар» барпо этиш, миллий сериаллар бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш, бунинг учун эркин иқтисодий зона – «Cinema park»лар ташкил қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Куни кеча биз, мамлакатимиз киноижокорлари, соҳа вакилларининг навбатдаги Форумида ҳам ана шу маърузада илгари сурилган масалалар, соҳадаги ўзгаришлар, олдимизда турган вазифаларни атрофлича муҳокама қилиб, уларни амалга ошииш юзасидан «Йўл харита»сини тузиш, махсус ишчи гуруҳларни ташкил этиш бўйича келишиб олдик.

Азиз дўстлар, ҳурматли ҳамкасблар!

Янги йил эшик қоқмоқда. Кириб келаётган 2024 йилда Президентимизнинг кўрсатмалари ва тавсияларига амал қилиб, бундан ҳам юқори суръат ва куч-ғайрат билан ишлашимиз зарур.

Сир эмас, бугун дунё турли можароларни, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий қарама-қаршиликларни бошида кечиряпти. Дунё миқёсида турли кўринишдаги низолар, манфаатлар тўқнашуви, мафкуравий зиддиятлар тобора шиддатли тус олмоқда. Албатта, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар юртимизда ҳам акс-садо бермай қолмайди. Қолаверса, глобаллашув шароитида, ахборот маконида оммавий маданият, ахлоқсизликнинг турли кўринишлари халқимиз, айниқса ёшларимиз дунёқарашига жиддий таъсир қилиши мумкинлиги ҳар биримизни сергакликка ундамоғи лозим. Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак.

Бунда, албатта, Янги Ўзбекистон миллий кино санъати вакиллари зиммасига алоҳида масъулият юкланади. Фарзандларимиз ана шундай маънавий таҳдидларга таслим бўлмасликлари учун ҳам миллий қадриятларимиз, тарихимиз буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти акс этган, замонавий форматда яратиладиган киномаҳсулотларни янада кўпроқ яратишимиз керак бўлади. Зеро, ўзбек киносини замон ва жаҳон билан ҳамнафас, бугунги имкониятлар доирасида ривожлантириш давр талабидир.

Миллий маданиятимиз, маънавий салоҳиятимизни юксалтиришда, турли таҳдидларга қарши курашишда муҳтарам Президентимизнинг ёнларида камарбаста бўлиш бугун ҳар қачонгидан муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун эса, ҳар биримиз зиммамиздаги ана шу улкан масъулиятни чуқурроқ ҳис этишимиз, куч ва имкониятларимизни бирлаштиришимиз, эзгу ва улуғвор мақсадлар йўлида ўзимиз ҳам бирлашишимиз шарт.

Президентимиз биз киноижодкорлар билан бир учрашув чоғида «киночиларнинг хурсандчилигини кўрсам, менинг ҳам кўнглим тоғдек кўтарилади» деган эдилар. Биз бугун ҳақиқий маънода бахтиёрмиз. Чунки ана шу юксак эътибор ва эътирофдан, ижод ва изланишлар учун яратилаётган юксак имкониятлардан қувонмасликнинг, ғурурланмасликнинг иложи йўқ.

Азиз дўстлар! Йил сўнгида ҳар биримиз ортимизга назар солиб, босиб ўтган йўлимизни, қилган ишларимизни сарҳисоб қиламиз, йўл қўйган камчиликлардан хулоса чиқарамиз, уларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.

2024 йил ҳар биримиз учун баракали, сермаҳсул, ютуқ ва муваффақиятларга бой йил бўлсин. Янги йилда ҳам Янги Ўзбекистонимизни тинчлик ва барқарорлик, хонадонларимизни файз-барака, бахт-саодат тарк этмасин. Олдимизда турган юксак марраларни забт этиш барчамизга насиб этсин.

Ёқуб Аҳмедов - Ўзбекистон халқ артисти
Хайрулла Саъдиев - Ўзбекистон халқ артисти
Гулчеҳра Жамилова - Ўзбекистон халқ артисти
Мукамбар Рахимова - Ўзбекистон халқ артисти
Эркин Комилов - Ўзбекистон халқ артисти
Саидкомил Умаров - Ўзбекистон халқ артисти
Ражаб Адашев - Ўзбекистон халқ артисти
Гавҳар Зокирова - Ўзбекистон халқ артисти
Муҳаммадали Абдуқундузов - Ўзбекистон халқ артисти
Рустам Каримов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Зулфиқор Мусоқов - Ўзбекистон санъат арбоби
Карим Мирҳодиев - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Матёқуб Матчонов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Жаҳонгир Қосимов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Собир Назармуҳаммедов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Лола Элтоева - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Ҳилол Насимов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Раъно Шодиева - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Дилноза Кубаева - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Феруза Саидова - Халқаро мукофотлар совриндори

Тошкент шаҳри, 2023 йил 27 декабрь

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг