Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кино 5 кунда» танлови ғолиблари тақдирланди

«Кино 5 кунда» танлови ғолиблари тақдирланди

«Ипак йўли дурдонаси» ХV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ёш режиссёрлар учун мўлжалланган «Кино 5 кунда» халқаро танлови ғолиблари аниқланди. Танлов иштирокчилари анъанага кўра, 5 кун ичида Ўзбекистоннинг тарихий манзиллари, жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Тошкент каби шаҳарларда бўлиб, қисқа-метражли фильмлар суратга олишди.

«Кино 5 кунда» халқаро танлови тақдирлаш маросими аввалида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб нутқ сўзлади.

«Мазкур танлов турли давлатлардан ташриф буюрган бир қатор ёш киноижодкорларни бирлаштирди деб ўйлайман. Бу нафақат кино мусобақаси, балки дўстлик ва инсоний бағрикенглик каби тушунчаларни улуғлаган фестивал лойиҳаси бўлиб хизмат қилди. Қатнашчилар юртимиз ҳақидаги фильмларни суратга олиб тақдим этдилар. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари эса энг муносибларни баҳолашди. Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Кинофестивалнинг ҳам асосий мақсади ёшларга имкон бериш, ўзларининг бор потенциалларини намоён этишлари учун шароит яратиб бериш ва албатта рағбатлантиришдан иборат», – деди Фирдавс Абдухолиқов.

Шундан сўнг, ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилинди. «Энг яхши миллий қисқа метражли фильм» номинациясида Дилшод Усмоновнинг «Узум» фильми ғолиб бўлди. Танловнинг «Энг яхши миллий қисқа метражли фильм» номинацияси бўйича иштироки учун «Ўзбекистон менинг орзум» филми билан Ҳилола Абдурасулова, «Омонат» фильми учун эса Нурия Сафарова эътироф этилди.

«Кино 5 кунда» танловининг хорижлик иштирокчилари суратга олган филмлар бўйича махсус номинациясида 3-ўрин «Ришта» фильми учун Яков Подкустовга (Россия), 2-ўрин «Орзулар шаҳри» фильми учун Едиса Токторовага (Қирғизистон), 1-ўрин «Юз қадам» фильми учун Ширин Аҳмедовага (Озарбайжон) насиб этди. Ғолибларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг