Китоб учун йиғла, болам!
Бир куни китоб дўкони ёнидан ўтаётсам, бир бола хомуш ўтирибди. Киприкларида томчи ёш илиниб турибди. Олдинига йўлимда кетавердим. Сўнг, ортимга қайтдим. Унинг олдига тиззамни букиб ўтирдим ва сўрадим:
– Нима бўлди, болам?
У кўз ёшини кўрсатмаслик учун чап томонига бурилиб, секин, енги билан кўзини артди. Юраги тўлган. Ҳиққиллаб, йиғлади, ва:
– Китоб олмоқчи эдим, – деди.
– Отанг олиб бермадими?
У бошини қимирлатиб йўқ маъносини англатди. Кейин:
– Отам... отам дунёдан ўтган...– деди тили зўрға айланиб.
– Онанг борми?
У жиққа ёш кўзлари билан бошини пастга силкиди. Бу онаси борлигини билдирарди. Тахминан, 9 ёшлардаги бола ўта нимжон, қўлларини суяклари кўриниб турарди. Яқин орада тўйиб овқатланмаган. Эскигина куйлаги эса ювилавериб, иплари ситилиб қолганди. Раҳмим келиб кетди.
– Нима олиш керак, сенга, мана мен олиб бераман, айт, – дедим. У енглари билан кўзларини артди. Менга жиддий қаради.
– Ростми? – сўради. Мен бошимни пастга қимирлатиб тасдиқладим. У:
– Менга «Граф Монте Кристо» керак, яна «Меҳробдан чаён» – деди.
– Уни нима қиласан?
– Ўқийман.
– Ростданми?
– Рост, – деди у жиддийлашиб. Ўзи нимжон кўрингани билан кўзида ўт чақнаб турибди. Сўрадим:
– Сен ростдан ҳам китоб учун йиғладингми? Чунки, китоб учун йиғлаётган болани яқин йиллардан бери биринчи марта кўришим. Ота-онасига ширинлик ёки «кола» олиб берасан, ёки фалон ўйинчоқни олмадик, деган иддао билан хархаша қилган болаларни жуда ҳам кўплаб кўраман. Шунинг учун, яна:
– Сен чиндан ҳам китоб учун йиғлаётганмидинг? – дедим.
У бошини ерга эгди ва бошини қимирлатиб тасдиқлади.
– Хўп, бу китобларни қаердан эшитдинг ва нимаси сени қизиқтирмоқда?
– Онам билан чиқиндихонада яшаймиз, одамлар ташлаб кетган қоғозларни тўплайман. Кимдир, ана шу китобларни йиртиб, ташлаб кетибди. Олиб ўқидим... – деди ва ерга эгилиб олди.
– Кейинчи? – дедим.
У: – Шу йиртилиб ётган китобларни ўқидим ва жуда қизиқиб қолдим. Шу китобларни тўлиқ ҳолда, тахи бузилмаган ҳолида ўқийман, дедим, лекин қўлим калталик қилди, ҳўрлигим келди... – деб бола кейинги гапларини дона-дона, худди шундай гапирди. Менинг ҳам кўзим ёшланди.
Унинг елкасидан тутиб, ўрнидан турғаздим. Ва китоб дўконига олиб кирдим. Унга истаган ҳамма китобини олиб бердим. Яна ёнига Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» китобини ҳам қўшдим. Ширинлик ёки буюмлар эмас, китоб олиб беринг, деб йиғлайдиган шундай болалар, кўпайсин!!!
Тўлқин Ёрқулов, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter