Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лицензиявозлик. Нега ижод назорат қилиниши керак?

Лицензиявозлик. Нега ижод назорат қилиниши керак?

Фото: Коллаж

Аввало Маданият вазирига,

кейин Адлия вазири,

сўнг Бош прокурор

ва Олий Мажлис палаталари,

сайловларда иштирок этаётган сиёсий партиялар етакчилари эътиборига!


Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «Ўзбекконцерт» фаолияти билан боғлиқ кўплаб фикрлар билдирилди. Бу идоранинг атрофида бўлаётган воқеалар, умуман, вазият, турлича изоҳлар, айрим олқишлар ёки кескин танқидлар билан шунчаки «ўтиб кетмаслиги» керак, назаримда. Чунки бунақаси аввал ҳам бўлган ва ҳолат қайта-қайта такрорланмоқда.

Демак, бу соҳа жиддий таҳлил ва ислоҳга муҳтож.

Ижод лицензияланмайди...

Замонавий Ўзбекистонда барча соҳалар эркинлашаётганига қарамай, «Ўзбекконцерт» каби ижодни назорат қилувчи ташкилотнинг мавжудлиги, албатта, демократик талабларга нафақат зид, балки ғайриқонуний ҳамдир. Демак, уни тузиш бўйича барча норматив ҳужжатларни бекор қилиш вақти етган.

Санъат каби истеъдод ва туғма қобилият билан боғлиқ соҳаларнинг лицензияланиши нафақат интеллектуал ва ижодий эркинликни бўғади, балки унинг тижорийлашувига ва савияси кескин тушиб кетишига ҳам сабабчи бўлади.

Санъаткор — тижоратчи ёки бизнесмен эмас, бироқ биз улар фаолияти тижорий эканлигини давлат даражасида тан олиб қўйганмиз.

Дейлик, халқимиз севган санъаткор, не-не унвону мукофотлар соҳиби Шерали Жўраев ёки Юлдуз Усмонованинг лицензиясиз на концерт, на тўй-томоша ёки бошқа тантаналарга бора олмаслиги, ҳатто телевидение орқали чиқишига тақиқ қўйилиши мантиқсизликдан бошқа нарса эмас (лекин шу мантиқсизлик билан яшаб келганмиз). Ёки мумтоз ашулаларимизнинг халқаро тарғиботчилари орасида ҳали-ҳалигача автобусда юрадиганлари кўп. Улардан тўйдан бери келмайдиган қўшиқчилар қаторида лицензияга пул ундиргунча, шароитини қилиб берсанг асаканг кетадими, дейдиган одам йўқ.

Замира Суюнова, Азим Муллахонов, Маҳмуд Намозов ва бошқа не-не санъаткорларнинг лицензиясиз қолиб кетиши важидан «Ўзбекконцерт»нинг қош-қовоғига қараб яшаши ҳам адолатдан эмас, балки зўравонликнинг бир кўринишидир. Улар лицензияси бўлмагани сабабли ижодининг равнақи учун пул топа олмаслиги оқибатида икки қўлини қўлтиғига урмоқда ва охир-оқибат миллий санъатимиз ютқизяпти.

Ижодкор истеъдодлироқ бўлгани учун жазоланиши керак эмас

Агар Тамила қаеринидир очиб, халққа кулгу бўлган бўлса, Муниса Ризаева ёки бошқаси ярим-яланғоч кийиниб юрган бўлса, бунинг санъатга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва «Ўзбекконцерт» унинг паттасини олиб қўйгани билан хулқи яхши томонга ўзгариб ҳам қолмайди. Аслида бу уятсизликни маъмурий қонунчилик меъёрлари билан, суд орқали ҳам тартибга солса бўлаверади.

Ижодкорлар истеъдодлироқ бўлгани учун бошқа барча соҳа вакилларидан кўра кўпроқ жазоланиши адолатдан эмас. Унда уларга олий ёки ўрта маълумотли диплом нима учун берилган? Лицензия деган савил дипломдан устунроқми? Унда уларга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёки халқ артисти унвонлари қайси каромати учун берилганки, буни яна «Ўзбекконцерт»нинг алифни калтак демайдиган раҳбарлари тасдиқлаб бериши керак?

Масалан, қассоб ҳеч қаерда ўқимагани ҳолда бемалол касбини қилиб, рўзғорини тебратиб юрибди. Дўкон сотувчиси ҳам бирор ерда тузук-қуруқ диплом олмасдан фаолият кўрсатяпти. Такси ҳайдовчи ҳам қоида бузса, фақат жарима тўлаб, сўнг ишини давом эттираверади.

Санъаткор ҳам даромад топяптими, улар ҳам бошқалар қатори, марҳамат, солиқ декларациясини тўлдирсин ва солиғини тегишли тартибда тўлаб қўйсин. Ёки хизмат тури сифатида қўшимча қиймат солиғига ҳам тортилиши мумкиндир.

Фақат лицензия сабаб кимларгадир қарам бўлмасин, дарди фақат ижодини тижоратлаштириш бўлмасин.

Аммо, ана борингки, йил бўйи барча концертларини хайрия тарзида ёки бепул берди, дейлик. Ёки фақат кўнгил истаги учун қўшиқ айтади, дейлик. Қалбида ҳарорати борки, бошқалар уни мириқиб эшита бошлади. Ахир у нима учун бунга лицензия олиши керак? Ўзи лицензия фаолиятнинг алоҳида турлари учун, назорат қилиб бормаса инсон соғлиғи ва хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган йўналишлар бўйича берилади. Қолаверса, Ўзбекистон лицензия турларини йил сайин кескин камайтириб боряпти.

Қўшиқчи яхши қўшиқ айтса, у тез оммалашади, халқнинг қалбидан жой олади. Ёмон ашулани эшитган одам ҳам ўзига хулоса чиқариб, уни қайтиб тингламайди. Агар бу томонидан одоб-ахлоққа ва маънавиятга зарар етказилади, деб ҳисобланса ҳам, буни (тақиқлаш ёки рухсат этишни) жамоатчилик назоратига қўйиб бериш лозим. Бундан самаралироқ назорат механизмининг ўзи йўқ.

Лицензиявозлик

Токи, «Ўзбекконцерт» тарафдорларининг бугунги мантиғидан келиб чиқилса, эртага шоирлар ҳам шеър ёзаётгани учун аввал фалон пул тўлаб, қайсидир уюшмадан лицензия олиши керак бўлади. Ёзувчилар бирор ҳикоя ёки роман ёзиши учун ҳам, албатта, давлатнинг ваколатли органидан рухсатнома олиши зарурият қилиб қўйилади. Ҳозирча бундай бўлмаётгани сабаби, шоирни чақириб, тўртта шеъри учун чўнтагига пул тиқишаётгани йўқ. Қўшаверсак гап кўп. Дорда сакраётган дорбоз ҳам, илон ўйнатувчи морвоз ҳам, маймунни қўлга ўргатган маймунвознинг меҳнати ҳам ноқонуний бўлиб чиқади.

Яна ўша бемаза мантиқдан олиб қаралса, оммавий ахборот воситасида ишлаб турган журналистларни ҳам алоҳида-алоҳида лицензиялаш талаби қўйиладики, эртага сал «тили чиқиб қолган» қаламкашнинг лицензиясидан маҳрум қилиниши унинг мақола ёза олмаслигини «қонуний кафолатлайди».

Энг қизиғи, сиёсий партиялар етакчилари ҳам митинг уюштириб, оммани ўзига жалб этиб, нутқ ирод қилаётган ва бунинг ортидан эртага депутат бўлиб, рўзғорини ўтказиш нияти бор экан, уларнинг ҳам ҳар бирини адлия вазирлиги лицензиялаш керакдир?

Қарабсизки, шундоқ ҳам истеъдодлар уруғи йўқолиб бораётган давримизда яна чаласавод ва «бозорчи ижодкорлар»нинг куни туғади.

Сал киноялироқ ашъёр битган Ориф Тўхташнинг гувоҳнамаси олиб қуйилиб, юзи қизартирилса, тилига эрк берган Зулфия Мўминова катта давраларда изза килинади. Ойдинисога мавҳум модернизм шеъриятини халқнинг умумий маънавий стандартларига мослаштириш талаби қуйилса, Хосият Рустамова халқаро анжуманлардаги шеърият кечаларида давраларни тўлдириб ўтириши учун нархи бир неча баробар қиммат лицензияни олиши талаб этилади.

«Ўзбекконцерт» бир йилда қанча фойда олади?

«Ўзбекконцерт»нинг назорат фаолияти олиб ташланиб, унинг ўрнига ижодий уюшма шаклида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир балки. У қўрқитмасин, дағдаға қилмасин, санъаткорга қўшимча мажбурият юкламасин, аксинча, ижодга кўмаклашсин, ёрдам берсин, ҳамкорлик қилсин.

Ёрқин ижод намуналарини давлат ҳисобидан ёки фондидаги махсус жамғармадан сотиб олсин ва оммалаштирсин, шу йўл билан маънавият равнақига ҳисса қўшган ватандошларимизга қалам ҳақи тўласин. Дунёга чиқаётган мумтоз қўшиқ вакилларидан ҳам отнинг калласидек шкала бўйича лицензия тўлови ундириш ўрнига, аксинча, ўзбек санъатини дунёга ёяётгани учун йўл харажатлари ва бошқа тўловларни қоплаш тўғри бўлмасмиди?! Ёки эстрада йўналишида куйлайдиган ёшларни фақат «тўйвоз» бўлиб кетмаслиги учун, уларнинг истагига қараб чет элдаги етакчи мактабларга юбориш ҳам мумкин-ку?

Оламдан ўтиб кетган бетимсол санъат дарғаларининг маънавий бойлигини оммалаштирсин. Ваҳоланки, жамоатчилик «Ўзбекконцерт» лицензиялаш фаолиятидан бир йилда қанча фойда олганию, уни нима мақсадларга ва қандай сарфлагани ҳақида ҳанузгача маълумотга эга эмас.

Қолаверса, лицензиядан айрилишдан чўчиб, «Ўзбекконцерт» мулозимлари айтган юмушни текинга қилиб беришга, «акахон»лар тўйларида хизмат қилиш-у турли «тадбир»ларни қиздириб беришга мажбур бўлишади. Бундан шикоят қилган хонандалар ҳам йўқ эмас. У ҳолда бу идоранинг шу каби «ҳожатбарор»лиги учун «чўнтак ҳақи» олмаслигига ким кафолат беради?

Стрессларга тобора кўмилиб бораётган халқни қандай «даволаймиз»?

Сўнгги йилларда деярли бутунлай йўқолиб кетаётган қизиқчилик санъатини ривожлантириш ҳақида ҳеч ким ўйламай қўйди. Эртага «сал нозик» ҳажвни ўтказиб юборган Аваз Охунга ҳам «запрет» қўйилмаслигига қандай кафолат бор?

Токи, бугунги тараққиёт асрида шундоқ ҳам қўшиқчилар телевидениеда чиқмаса ҳам интернетда ёки ижтимоий тармоқларда қўйилган қўшиғи билан танилиб улгурмоқда (балки тушум миқдорини кўпайтириш учун эшитувчига ҳам лицензия жорий этиш керакдир...).

Ҳақиқий истеъдодлар босимга учраса, уларга хориждан ҳам «совчилар» истаганча топилади. Чунки уларнинг қиймати йўқ ва ҳар куни дунёга келавермайди.

Биз узоқ йиллар Обид Асомовни Ўзбекистонда эл орасига чиқишини тақиқлаб қўйган давримизда у Россияда энг таниқли саҳна юлдузларидан бирига айланиб улгурган эди. Охир-оқибат фақат ўзимиз ютқаздик.

Улкан ахборот оқими, ён-атрофда, жамиятда ва умуман дунёда бўлаётган кескин воқеалар, турмуш ташвишлари ва синовлари одамларни тобора стресс домига тортмоқда. Бу, умуман олганда, табиий жараёндир, лекин «нима ҳам қила оламиз, бошимизга тушгани шу» деб ўз муаммоларимизга кўмилиб, инфаркт, инсульт, қон босими бўлиб юрмаймизку? Муаммо ҳар қандай ҳолатдаям бўлаверади. Ривожланмаган давлатдаям, ривожланганидаям. Фақат уларнинг хусусияти ҳар хил. Бундай ҳолатда халқни, нафақат халқни, балки амалдорларниям қандай қилиб «даволаймиз»?

Жудаям жиддийлашиб кетмаяпмизми? Фақат зўравонлигу, сўкишлар, бақир-чақирлар, жанжаллар... Ахир халқ ҳам, амалдорлар ҳам вақти-вақти билан мириқиб кулиб туриши керак. Қизиқчиларга, керак бўлса, сиёсий латифалар айтишига эркин қўйиб берайлик. Шунда улар белдан тепароққа ўтишади ўз-ўзидан. Қолаверса, ўша амалдорлар ҳам ўзлари ҳақидаги латифалардан самимий кула олишсин, балки шунда улардан ҳам ортиқча босимлар юки ариб, бағрикенгроқ бўлишларига туртки бўлар.

Афсуски, турли баҳоналар, лицензия, тақиқ деб қизиқчилик санъатини деярли ўлдириб бўлдик. Энди халқни чинакамига кулдира оладигани қолмади ҳисоб.

Бошидан пул сочилмаган қўшиқчи биттами?

Ҳали донғи чиқмаган хонандаларнинг паттаси олиб қўйилса, жамоатчилик унчалик ҳам эътибор қаратмайди. Аммо, Жаҳонгир Отажонов каби таниқли санъаткорларга келганда, масала анча чуқурлашди.

Унинг тўйда жазавага тушиб ётиб олгани ва устига бир гуруҳ оламон пулни сочиб ташлаганига келсак, бошқа исталган санъаткор ҳам бундай пайтда микрофонни ўчириб, «бундай қилманглар-е, эй, маънавиятсиз тўй аҳли!» дея олмайди. Аввало, бунда муаммо ўша тўйнинг эгалари ва унга пул сочган кишиларнинг маънавий савиясига кўпроқ боғлиқ. Бундай мисоллар билан лицензия олиб қўйилса, унда барча санъаткорларнинг ҳам лицензиясини бекор қилиб чиқишга тўғри келади. Тўйларда бошидан пул сочилмаган қўшиқчи борми ўзи?

У «Ўзбекконцерт» билан судлашса бўлади. Боз устига бир муддат муқаддам Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ҳақида ижтимоий тармоқларда танқидий фикр билдиргани лицензиясини олиб қўйилишига таъсир кўрсатмаганми-йўқми, деган ҳақли савол ҳам пайдо бўлади. Чунки «Ўзбекконцерт» қуйи тузилма сифатида вазирликка ҳам бўйсунади.

Воқеалар ривожи эса унинг ўзи ҳақида Жаҳонгир томонидан билдирилган аччиқ фикрлар шунчаки бир пайтлар касбдоши бўлган санъаткор томонидан айтилган танқид сифатида холис қабул қилинганини шубҳа остига қўяди. Агар топшириқ ундан бўлган бўлса, бу ҳам қонунга зид ва хавотирланишга сабаб бўлади.

Қолаверса, Озодбек Назарбековнинг ўзи лицензияга эгами? Агар лицензияга эга бўлмаса, унда нега турли томошаларда концертларда иштирок этмоқда. Агар лицензияга эга бўлса, маданият вазирининг биринчи ўринбосари даромад топадиган тижорат фаолияти билан шуғулланиши мумкинми? Йўқ, мен бундан фойда олмайман, фақат эл учун куйлайман, дейдиган бўлса ҳам нима сабабдан бошқа ижодкорларга «халқи учун куйлаш»да у каби имконият ва ҳуқуқлар мавжуд эмас, деган саволлар ўртага чиқади.

Бундай «имтиёз» ва «табақалашув»га йўл қўйиб бўлмайди.

Чинакам санъаткор ортиқча асаббузарликдан кўра, ижод билан шуғулланса, кўпроқ фойда эканлигини билади. Унинг мухлислари уни лицензиясиз ҳам бемалол эшитаверади, катта концерт қўймаса бундайроқ чойхонаю хонадонларда ўтадиган тадбирларда ҳам «хизмати»ни қилиб, пулини ишлаб юраверади.

Истеъдодларда эркалик бўлади

Энди ўзи истеъдодларнинг бир эркалиги ва бизнинг сиёсий даражамиз ҳамда ҳаётни қабул қилишимиз умумий мезонларига кўп ҳам мос келмайдиган тантиқлиги ва ҳиссиётларга берилувчанлиги ҳам бўладики, бунга ҳамиша ҳам жиддий тус бериш шарт эмас. Чунки у минг юлдуз бўлсин, айтган фикри бирор сиёсий партия етакчиси ёки расмий арбобнинг баёнотидан фарқ қилади ва шахсий мулоҳаза бўлиб қолаверади.

Токи уларга пул бераётган ва эркалатиб юбораётган ҳам аслида халқнинг ўзики, айбни фақат бир томонга юклаш нотўғри.

Хуллас, лицензиялаш, уни олиб қўйиш ёки бериш — бу юзага келаётган муаммонинг ечими эмас, балки самарасиз жазолаш воситасидир. Агар давлат тадбирлари ёки бошқа маросимларда уларнинг иштирок этиши талаб қилинса, марҳамат, тегишли шартномани имзолаб, пулини ўтказиб, истаганини ҳам жалб этавериш мумкин. Энди бу бўйича ҳам замонавий андозаларга ўтишимиз керак. Ҳар қандай чеклов, жумладан, у ижод эркинлигини тақиқлаш борасида бўлар экан  бу суд орқали амалга оширилиши керак. Акс ҳолда, бу жаҳон ҳамжамиятида обрўмизни туширадиган ЦЕНЗУРАдан бўлак нарса бўлмай қолади.

Ҳуқуқий баҳо керак

Ижодий фаолият турларини лицензиялаш амалиёти қонунчиликка қанчалик мослигига Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги ҳуқуқий баҳо бериши керак. Бу тузилмани ташкил этиш бўйича чиққан қарорларни қайта кўриб чиқиш вақти ҳам етди. Қизғин курашга кираётган партиялар етакчилари ҳам бу масалада қатъий позициясини билдириши тарафдоримиз.

Зеро, бу ўринда, масала фақат Жаҳонгирлар ва Озодбеклар ҳақида эмас, балки озод элни жаҳонга олиб чиқадиган жаҳонгирлар ҳақида кетмоқда. Қолаверса, санъаткорини турли тазйиқлар билан давлат раҳбарларига қарши кайфиятга соладиган ва қайрайдиган ҳеч бир давлат идораси бугунги очиқ эшиклар сиёсати даврида яшаб қолишга ҳақли эмас.

Л.Турсун, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг